Россия минтақаларининг деярли учдан икки қисми мактаблар учун дрон сотиб олишни хоҳлаяпти
«Ведомости»нинг ёзишича, 1,2 миллиард рубллик учувчисиз учоқлар харид қилиш бўйича тендерлар 52 та ҳудуддаги мактаб ва коллежлар томонидан ўтказилган.
Россия минтақаларининг деярли учдан икки қисми мактаблар учун учувчисиз учиш аппаратларини сотиб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 19 январ, жума куни «Тендерплан» қидирув-таҳлилий тизими маълумотларига таяниб, «Ведомости» хабар берди.
Мутахассислар фикрига кўра, 2023 йилда 52 та минтақадаги мактаблар ва коллежлар (Россия Федерацияси субъектлари умумий сонининг 61 фоизи) давлат харидлари веб-сайтида «таълим мақсадларида» учувчисиз учоқлар сотиб олиш бўйича 1,2 миллиард рубл миқдорида тендер эълон қилди. Йил охирида эълон қилинган 270 та давлат харидлари ярмидан бироз кўпроғи (142) 452,3 миллион рубл миқдоридаги шартномалар тузиш билан якунланди. 23,5 миллион рубллик яна 12 та тендер буюртмачилар томонидан бекор қилинди.
Ноябр ойида таълим вазирлигининг хавфсизлик асослари ва ватан мудофааси бўйича дарсларга дронлардан жанговар фойдаланишни ўрганишни жорий этишни назарда тутувчи буйруғи лойиҳаси эълон қилинганидан сўнг таълим муассасаларида уларни сотиб олишга қизиқиш ортиши кузатилди, деб ёзади газета.
Мактаблар учун дронлар сотиб олиш бўйича етакчи минтақалар
«Тендерплан» экспертлари маълумотига кўра, учувчисиз учоқларни харид қилиш бўйича берилган тендерлар миқдори бўйича етакчилар орасида Бошқирдистон (411,5 миллион рублга 14 та тендер), Москва (181,5 миллион рублга 37 та тендер) ва Чеченистон (74,1 миллион рублга битта тендер) бор.
2023 йил апрель ойида Россия президенти Владимир Путин таълим дастурларига, жумладан, мактабларда дронларни бошқариш курсларини жорий этишга чақирди. «Ишончим комилки, биринчидан, бу йигитларни фойдали ва қизиқарли иш билан банд қилиб, уларни бошқа кераксиз ишлардан чалғитади; иккинчидан, бу эрта касбга йўналтириш, пировардида мамлакатга фойда келтиради», — деди Путин.