Ўзбекистон | 18:40 / 20.01.2024
5193
2 дақиқада ўқилади

Транспорт воситаларининг пулли тўхтаб туриш жойларига доир талаблар белгиланди

Пулли тўхтаб туриш жой эгалари автоматлаштирилган тўлов тизимини жорий этиши, ҳудудда йўл белгилари ўрнатилишини, шунингдек видеокузатув тизимлари ёки қўриқлашнинг бошқа техник воситалари ўрнатилиши ва узлуксиз ишлашини таъминлаши шарт.

Фото: Shutterstock

«Йўл ҳаракати тўғрисида»ги қонун президент томонидан имзоланди. Қонунга кўра, транспорт воситалари учун пулли тўхтаб туриш жойларининг эгалари ушбу жойлардан фойдаланганлик учун тўлов миқдорини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган чекланган миқдорлардан юқори бўлмаган тарифлар бўйича мустақил равишда белгилайди.

Бунда тўлов нақд пул шаклида ёки нақд пулсиз, тўлов тизимларидан, шу жумладан автоматлаштирилган тўлов тизимларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.

Пулли тўхтаб туриш жойларининг эгалари ушбу жойлардан бепул ёки имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқи бериладиган фойдаланувчилар ҳамда транспортларнинг рўйхатини белгилаш ҳуқуқига эга.

Улар, шунингдек:

- пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун автоматлаштирилган тўлов тизимини жорий этиши;

- пулли тўхтаб туриш жойлари ташкил этилган ҳудудда йўл белгилари ўрнатилишини, шунингдек видеокузатув тизимлари ёки қўриқлашнинг бошқа техник воситалари ўрнатилиши ва узлуксиз ишлашини таъминлаши;

- тўхтаб туриш жойининг кириш ёки ундан чиқиш жойига туташ бўлган тўхтаб туриш жойлари орасидан ногиронлиги бўлган шахслар бошқарадиган ёки уларни ташийдиган транспорт воситалари учун жойлар ажратилишини таъминлаши шарт.

Мавзуга оид