Жаҳон | 17:07 / 22.01.2024
15223
8 дақиқада ўқилади

Ракеталар, дронлар, экипажсиз катерлар. Ҳусийчилар Қизил денгизда қандай қуроллар қўлламоқда?

Яман — 2014 йилдан буён давом этаётган фуқаролик уруши туфайли дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларидан бирига айланган.

Фото: HOUTHI MEDIA CENTER/HANDOUT/EPA

10 йил муқаддам ҳусийчилар Яман пойтахти Санони эгаллаб олганди. Шундан буён Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция кучлари ушбу гуруҳ позицияларига ҳаводан зарбалар йўлламоқда, бу эса шаҳарлар вайрон бўлиши ҳамда аҳолининг қашшоқлашуви кучайишига олиб келди.

Шунга қарамай, ўтган йил ноябр ойи бошларидан ҳусийчилар муҳим савдо йўли бўйлаб юк ташувларига тўсқинлик қилишга қодирлигини намойиш этди, бу эса АҚШ ҳамда Буюк Британияни жавоб зарбалари йўллашга мажбур қилди.

Юзага келган можаро жаҳон иқтисодиёти учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Яман қаерда жойлашган ва қандай стратегик аҳамиятга эга?

Ҳусийчилар денгиз орқали ташувга таъсир кўрсата олгани улар томонидан назорат қилинадиган ҳудуднинг географик жойлашуви билан изоҳланади.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ушбу гуруҳ 2014 йилдан буён Яманнинг каттагина қисмини, жумладан пойтахт Сано шаҳри, мамлакат шимоли ҳамда Қизил денгиз соҳилларини назорат қилиб келмоқда.

Боб-ал-Мандиб бўғози ҳам уларнинг таъсир доирасида, бу эса Европа ва Осиёни ўзаро боғловчи энг қисқа денгиз йўли ҳисобланади.

Ҳусийчилар нима учун Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилмоқда?

АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотига кўра, 2023 йил 19 ноябрдан буён ҳусийчилар Қизил денгиз жануби ва Адан кўрфази орқали ўтувчи савдо кемаларига камида 26 бор ҳужум уюштирган.

Ҳусийчилар бу ҳужумлар – исроилликларнинг Ғазога ҳужумига жавоб эканини айтиб, Исроилга қандайдир тарзда алоқадор бўлган кемаларнинг барчаси уларнинг нишонида эканини қўшимча қилади.

Аммо кузатувчиларга кўра, улар сўнгги ҳужумларида Исроилга умуман алоқаси бўлмаган кемаларни нишонга олган. Уларнинг фикрича, ҳусийчилар мусулмон оламидаги машҳурлигини ошириб олиш, ўз имкониятларини намойиш этиб, Эронга самарали иттифоқчи бўла олишини исботлаш учун Ғазодаги вазиятдан фойдаланиб қолмоқда.

Ҳусийчиларнинг ҳарбий қудрати нимада?

Ҳусийчилар Қизил денгиздаги кемаларга сўнгги ҳужумларида қанотли ва баллистик ракеталардан, шунингдек учувчисиз учиш аппаратлари ҳамда экипажсиз сувусти дронларидан (USV) фойдаланган.

Гуруҳ вакиллари илк ҳужумларида кичик катерлар ҳамда вертолётлардан фойдаланган ҳолда кемалар палубасига тушишга ва уларни эгаллаб олишга ҳаракат қилишганди.

Ҳусийчилар фақат Исроил билан боғлиқ кемаларни нишонга олганини иддао қилади, аммо бу ҳамиша ҳам ҳақиқатга мос келмайди. Фото: Reuters

Ҳусийчилар томонидан қўлланаётган камикадзе дронлар Qasef русумли аппаратлардир.

Катта эҳтимол билан, улар нисбатан узоқ масофага учувчи Samads дронларини ҳам учирмоқда – бундай қуроллар дастлаб Саудия Арабистони билан можарода фойдаланиш учун олинганди.

Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институти маълумотига кўра, ҳусийчиларда кемаларга қарши 80 километрдан 300 километргача ҳаракатланувчи турли қанотли ракеталар, жумладан Sayyad ва Sejjil ракеталари ҳам мавжуд.

Таҳлил марказига кўра, бу гуруҳдаги кемаларга қарши баллистик ракеталар 300 км масофадаги нишонга етиб бориши мумкин. Бу ракеталарни тутиб олиш анча мураккаб, чунки улар нисбатан юқори траектория бўйлаб ҳаракатланади ва нишонга жуда тез етиб боради. Вашингтон институтига кўра, уни тўхтатиш учун «дронлар, кемалар ёки ҳамкор кучлар орқали нишон ўз вақтида аниқланиши» талаб этилади.

Денгиз тарихчиси Сал Мерколянонинг BBC билан суҳбатда айтишича, баллистик ва қанотли ракеталар дронларга қараганда хавфлироқ, чунки «улар нисбатан йирик жанговар каллакларга ҳамда катта кинетик кучга эга».

Мерколянонинг сўзларига кўра, бир марталик дронлар йиғилиши осонлиги ва арзонлиги учун жуда кўп, аммо улар секин ҳаракатланади.

Бу дронлар кема ватерлиниясидан (кеманинг сувга ботиш чизиғи) тепароққа зарба беради, шу туфайли кўпи билан ёнғин келтириб чиқаради.

АҚШ ва Саудия Арабистони Эронни ҳусийчиларга қурол етказиб беришда айблайди. Фото: AFP

Сал Мерколянонинг фикрича, экипажсиз сувусти аппаратлари (USV) кўпроқ хавотир уйғотади, «чунки улар кеманинг ватерлиниясига зарба беради, бу эса ичкарига сув кириши ва кема чўкишига олиб келиши мумкин».

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари маълумотига кўра, ҳозирги можарода ҳусийчилар биринчи бор бошқарувчисиз сувусти қайиқларидан фойдаланмоқда, портловчи моддалар ўрнатилган шундай катерлардан бири билан 4 январ куни ҳужум уюштирилган. У халқаро савдо денгиз йўлида портлаган.

«Яхшики, қурбонлар бўлмади, бирорта кема шикастланмади, аммо бир марталик зарбдор USV қўлланиши хавотир уйғотади», – деган ўша куни АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони, вице-адмирал Брэд Купер бу ҳужумни ҳусийчиларнинг «янги қобилияти»дан фойдаланиш деб атаб.

Саудия Арабистони расмийларига кўра, ҳусийчилар бундай катерлардан 2017 йил январида саудияликларнинг «Ал-Мадина» фрегатига ҳужум қилишда, шунингдек 2020 йил мартида «Яманнинг Адан шаҳрига йўл олган нефт танкерига ҳужум қилишда» ҳам фойдаланганди.

Ҳусийчилар қандай қўллаб-қувватланади?

Ҳусийчилар ўзини Ливандаги «Ҳизбуллоҳ», Суриядаги Асад режими, Ғазо секторидаги ҲАМАС ҳамда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ва Исроил ҳамда АҚШга қарши турадиган бошқа гуруҳларни ўз ичига олувчи қаршилик ўқининг бир қисми деб ҳисоблайди.

2023 йил февралида Буюк Британия ҳукумати БМТга «Эрон давлати ҳамда ҳусийчилар Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига ҳужумларда фойдаланган ракета тизимлари контрабандаси ўртасида тўғридан тўғри алоқа борлигини кўрсатувчи далиллар»ни тақдим этганини эълон қилганди.

Буюк Британия ҳукумати Қироллик ҳарбий-денгиз флотининг HMS Montrose кемаси 2022 йил бошида икки бор Эрон жанубидан халқаро сувлар томон сузган ва контрабандачилар бошқарувидаги тезюрар катерлардан эронликларнинг қуроллари мусодара қилингани ҳақида маълум қилган.

Британия маълумотига кўра, бу юклар таркибида «ер-ҳаво» типидаги ракеталар, «ер-ер» типидаги қанотли ракеталар учун двигателлар ҳамда разведка олиб боришга мўлжалланган тижорий квадрокоптерлар бўлган.

АҚШнинг авиазарбалари ҳусийчиларни тўхтата оладими?

Британиянинг «Тайфун» қирувчи самолёти АҚШ кучлари билан биргаликда ҳусийчиларнинг позициялари бўйлаб жавоб зарбалари йўллаган. Фото: Reuters

АҚШ, Буюк Британия ва бошқа ўнлаб мамлакатлар 2023 йил декабрида ҳусийчиларни ҳужумларни тўхтатиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирганди.

АҚШ ва бошқа давлатлар Қизил денгизнинг жанубий қисми ҳамда Адан бўғози хавфсизлиги муаммосини ҳал этиш учун Operation Prosperity Guardian халқаро ҳарбий коалиция тузганди.

11 январга ўтар кечаси АҚШ ва Буюк Британия авиацияси ва кемалари ҳусийчиларнинг ҳарбий объектлари бўйлаб зарбалар йўллади.

«АҚШ кучлари Буюк Британия, Австралия, Баҳрайн, Канада ва Нидерландия билан ҳамкорликда Ямандаги ҳусийчи исёнчилар томонидан фойдаланган 16 нуқтадаги 60 дан ортиқ нишонга аниқ зарба йўллади», – дейилган АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари хабарида.

Бундай зарбалар кейинги кунларда ҳам ҳам такрорланди (12 январдан 18 январгача яна уч марта).

Аммо таҳлилчилар Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалициясининг кўп йиллардан буён йўллаб келаётган авиазарбалари ҳусийчилар тор-мор этилишига олиб келмаганини қайд этишган.

Мавзуга оид