Жаҳон | 13:35 / 22.01.2024
4022
4 дақиқада ўқилади

ЕИ Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича янги режа тайёрламоқда

Европа Иттифоқи мамлакатлари Украина учун қўшма харидлар эвазига компенсация олиши режалаштирилмоқда, бу эса ЕИга Киевга «ўнлаб миллиард евро» миқдоридаги ҳарбий ёрдам кўрсатиш имконини беради, деб ёзади The Wall Street Journal. 

Фото: Gregor Fischer/AP/picture-alliance

АҚШда Украинага кейинги ҳарбий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ муаммолар фонида Европа Иттифоқи расмийлари ЕИдаги ички бўлинишларга қарамай, Киевга ўнлаб миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатадиган янги режани кўриб чиқмоқчи. Бу ҳақда 21 январ, якшанба куни кечқурун The Wall Street Journal хабар берди.

Нашр келтирган махфий режа лойиҳасига кўра, кейинги тўрт йил ичида Украинага «ўнлаб миллиард евро» ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун ЕИ жамғармасидан ЕИга аъзо мамлакатларга 20 миллиард евро тўланиши керак. Таъкидланишича, ушбу режа бир неча ҳафта давомида ЕИ доирасида муҳокама қилинган ва 19 январ куни расман тақдим этилган. 

Европа тинчлик жамғармасидан Украинага ҳарбий ёрдам 

Россиянинг Украинага қарши уруши пайтида ЕИ биринчи марта Киев учун қуролларни молиялаштириш мақсадида Европа тинчлик жамғармаси (ЕТЖ) маблағларидан фойдалана бошлади, дея эслатади журналистлар. Йил давомида Украинани қурол-яроғ билан таъминлаган Европа Иттифоқига аъзо давлатларга, асосан, ўқ-дорилар, танклар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ракеталари захиралари ҳисобидан 5,5 миллиард евро компенсация тўланган. Бироқ олти ойдирки, Венгрия ҳукумати Украинага узоқ муддатли ҳарбий ёрдам дастури доирасида Киевга 2027 йилгача 50 миллиард евро ажратишни назарда тутувчи тўловларни блоклаб келмоқда. 

Энди Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати Украина учун махсус ҳарбий фонд яратишни таклиф қилмоқда, унга ЕТЖ активларидан 6,5 миллиард евро ажратилади ва 2024 йилдан 2027 йилгача йилига 5 миллиард еврогача киритиб борилади, деб ёзади WSJ. 

«Мақсад бу пулдан Европа Иттифоқига аъзо бир қанча давлатларнинг Украина учун ўқ-дорилар, учувчисиз учоқлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракеталари каби ҳарбий ёрдамни биргаликда сотиб олиш харажатларини қоплашга ишлатишдан иборат», деб тушунтирди нашр. Қолган пуллар Украина аскарлари учун Европа Иттифоқининг ҳарбий тайёргарлик дастурига йўналтирилади, дастур доирасида 40 000 ҳарбий хизматчи тайёрланди.

Қўшма харидлар учун ресурсларни бирлаштириш 

Янги режа кучга киргунга қадар ўтиш даври бўлади. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бу йил ЕИ аъзо давлатларга Украинага ҳарбий ёрдам учун 7,5 миллиард евро миқдорида товон пули таклиф қилиши мумкин. 

Қайд этилишича, бу режанинг афзаллиги шундаки, у кам миқдорда ўқ-дориларга эга бўлган Европа Иттифоқи мамлакатларига қўшма харидларда ресурсларни бирлаштириш имконини беради. Бундан ташқари, фонд тузилмаси мунтазам тўловларни истисно этади, уни Венгрия бир неча бор «тўсиб қўйган ёки эвазига бирор нарсани талаб қилиш учун восита сифатида ишлатган», деб таъкидлайди муаллифлар. 

Шу билан бирга, Германия ва бир қатор бошқа мамлакатлар Украинага кўрсатаётган икки томонлама ёрдам уларнинг ушбу жамғармага қўшган ҳиссаси билан тенглаштирилиши мумкин.

1 феврал куни Европа Иттифоқи саммитида Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича янги режа муҳокама қилиниши кутилмоқда, бироқ бу борадаги якуний қарорни қабул қилиш бир неча ҳафта давом этиши мумкин. 

Мавзуга оид