Жаҳон | 21:02 / 23.01.2024
6137
3 дақиқада ўқилади

Германия суди Алишер Усмоновни «Путиннинг одами» деган Forbes нашрини ноҳақ деб топди 

Суд бундай баёнотларни тарқатишни тақиқлаб қўйди. 

Фото: ТАСС

Германиянинг Ҳамбург ҳудудий суди Американинг Forbes журналига бизнесмен, USM ҳолдинги асосчиси Алишер Усмоновни Россия президенти Владимир Путиннинг «одами» экани ва унинг «бизнес муаммоларини ҳал қилиши» ҳақидаги баёнотларни тарқатишни тақиқлади. Бу ҳақда РБК хабар берди. 

Олигарх вакилларининг 2023 йил феврал ойида судга юборган даъвосига сабаб Forbes журналининг 2022 йил 2 февралдаги мақоласи эди. «Украина туфайли Байден санкцияларига тушиши мумкин бўлган Путиннинг олигархлари билан танишинг» сарлавҳали мақолада россиялик миллиардерлар ҳақида баён қилинади. Усмоновнинг адвокатлари материалда асоссиз айбловлар, яъни аноним экспертнинг «Усмонов бир неча бор Путиннинг одами бўлган ва унинг бизнесидаги муаммоларини ҳал қилган» деган иқтибос борлигини айтишди. 

2022 йил феврал ойида бу ибора Европа Иттифоқи Кенгаши томонидан тадбиркорга қарши киритилган санкцияларни оқлашда келтирилди. Усмоновнинг адвокатлари Forbes мақоласидаги баёнотларни ёлғон ва туҳмат деб атади. 

Forbes бу баёнотни асослаб берган аноним манбани ошкор қилишдан бош тортди. Нашр Усмонов қачон ва қандай қилиб «Путиннинг бизнес муаммоларини ҳал қилгани» ҳақида мисол келтира олмади, дейилади суд ҳужжатларида. 

Германия суди, шунингдек, Forbes нашрига бошқа баёнотларни тарқатишни ҳам тақиқлади. Улар орасида Усмонов Россиянинг собиқ алоқа вазири Леонид Реймандан Путиннинг «бизнес муаммосини ҳал қилиш» учун «Мегафон» уяли алоқа оператори улушини сотиб олгани ҳақидаги жумлалар бор. Рейманнинг ўзи «Мегафон»га эгалик қилганини мунтазам рад қилиб келмоқда. 

Оммавий ахборот воситаларининг қайд этишича, суд қарори Украинадаги ҳарбий амалиёт билан боғлиқ ҳолда айрим россияликларга жорий қилинган санкцияларни оқлаш учун Европа Иттифоқи таянган манбаларни шубҳа остига олишга қонуний прецедент яратиши мумкин. 

2023 йил августида Австриянинг Kurier газетаси Усмоновга судда ютқазиб қўйди, унинг мақоласида Усмонов Путиннинг «севимли олигархларидан бири» деб аталган эди. Ҳамбург суди низода тадбиркор томонида бўлди ва бу баёнот туҳмат, деган хулосага келди. 2023 йил сентябрида ЕИ Кенгаши Усмоновга нисбатан «олигарх» таърифидан воз кечди. 

Алишер Усмонов Россиянинг энг бой бизнесменлари рейтингида 8-ўринда. Тадбиркор USM ҳолдингининг асосчиси ва асосий акциядори (49%) бўлиб, ўз навбатида «Металлоинвест» ва «Мегафон» компанияларига эгалик қилади. Россиянинг Forbes нашри маълумотларига кўра, унинг бойлиги 2023 йилда 14,4 миллиард долларни ташкил қилган.

Мавзуга оид