Трампнинг партия ичида биргина рақиби қолди. Никки Ҳейли ким ва унинг имкониятлари қандай?
Якшанба куни Флорида губернатори Рон Десантис АҚШ президентлигига Республикачилар партияси номзоди бўлиш учун пойгани тарк этгач, Никки Ҳейли Доналд Трампнинг партия ичидаги курашда ягона рақиби бўлиб қолди – у Жанубий Каролинанинг собиқ губернатори ва АҚШнинг БМТдаги собиқ махсус вакилидир.
«Ўз вақтида бу кампания иштирокчиси 14 киши эдик. Аммо бугун расман икки киши пойгаси бошланди – мен ва Трамп», - дея ёзган Ҳейли BBC’нинг Шимолий Америкадаги мухбири Энтони Зуркер танишиб чиққан почта хабарларидан бирида.
Январ ойида праймериз ва кокус марафони бошланганди – бу жараён давомида Америка штатлари бирин-кетин АҚШ президентлигига номзодни танлайди.
Республикачилар ўртасида биринчи овоз бериш жараёни анъанага кўра Айовада бўлиб ўтди ва Доналд Трамп дарҳол пойгада етакчиликни қўлга олди. Никки Ҳейли бу штатда Десантисдан 2 фоиз камроқ овоз олиб, учинчи ўрин бўлганди.
Аммо энди Ҳейли ва Трамп ўртасида овозларнинг бир қисмини ўзини қилиши мумкин бўлган бошқа номзод қолмади.
Сешанба куни Ню-Ҳемпширда навбатдаги овоз бериш жараёни бўлиб ўтади ва бу штатдаги натижалар республикачилар номзоди учун кураш қандай кечишига ойдинлик киритиб беради.
Никки Ҳейли ким ўзи? Ва унда Трампни енгиш учун имконият борми?
Никки Ҳейлининг сиёсий йўли
Никки Ҳейли – АҚШ президентлигига номзод бўлган бешинчи аёл киши (оқ танли бўлмаган илк аёл номзод).
У 52 ёшда бўлиб, 1972 йилда Жанубий Каролина штатида ҳиндистонлик сикҳ муҳожирлари оиласида дунёга келган. Ўзини насроний деб билади, аммо ота-онасининг динига ҳурмат сифатида сикҳларнинг диний маросимларида қатнашади.
2005 йилдан 2010 йилга қадар Ҳейли Жанубий Каролина Вакиллар палатасида ишлаган, 2011 йилда штат губернаторига айланган ва бу лавозимда 2017 йилга қадар қолган.
2017 йил январида, АҚШ президентлигига эндигина келган Доналд Трамп уни мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили этиб тайинлаганди — Ҳейли уни кўп бор танқид қилгани ва сайловларда унинг номзодини қўллаб-қувватламаганига қарамай.
БМТда у Россия ва Эрон манзилларига қаттиқ танқидлар ёғдириб, ушбу икки давлатга нисбатан санкцияларни илгари сургани билан ёдда қолган.
У ишлаган даврда АҚШ БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашини тарк этган. Бу, албатта, Оқ уйнинг қарори эди, аммо унинг ўзи ҳам бунда муҳим рол ўйнаган.
Ҳейли кенгашни мунтазам равишда «сурункали Исроилга қарши тарафкашлик»да айблаб келади, АҚШ унинг сафидан чиқаётгани эълон қилинганида эса кенгашни «сиёсий тарафкашлик чуқурлиги» деб атайди.
2018 йил декабрида Никки Ҳейли АҚШнинг БМТдаги элчиси лавозимини тарк этади. Ваколатлари тугашига оз вақт қолганида уни Оқ уйда қабул қилган Доналд Трамп унга ўз маъмуриятидаги исталган лавозимни эгаллашни таклиф этади.
«Истаганингни танла», - деганди ўшанда Трамп. Ҳейли эса кулиб юборганди.
Ўшанда Ҳейли Оқ уйга ишга ўтмайди, 2023 йил 14 феврал куни эса президентлик сайловлари учун расман номзодини қўяди ва энди собиқ раҳбарининг асосий рақибига айланди.
Никки Ҳейли Қўшма Штатларга нималарни ваъда қилмоқда?
Ички сиёсатдаги қатор масалаларда Никки Ҳейли рақобатчиси Трамп каби фикрлайди, хусусан, иммиграция ва солиқ-бюджет соҳаларида.
Масалан, у қатор ижтимоий дастурлар, жумладан тиббий суғурта учун ажратиладиган маблағларни қисқартириш ўринли деб билади.
Шунингдек, у абортларга қарши бўлиб, уни чекловчи қонун лойиҳалари учун овоз беради, аммо кўпчилик республикачи ҳамкасблардан фарқли ўлароқ, зўрлаш ва қариндошлар ўртасидаги жинсий алоқа билан боғлиқ ҳолатларда абортга рухсат беришни назарда тутувчи юмшоқроқ сиёсат тарафдори саналади.
Халқаро кун тартибида Ҳейли Трамп каби Яқин Шарқдаги исталган можарода сўзсиз Исроил тарафида туради.
Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш бошланганида у АҚШ Исроилга «террорчиларни йўқ қилиш»да ҳар томонлама ёрдам бериши зарурлигини таъкидлаганди.
Аммо у кўплаб республикачилар, жумладан Трампнинг АҚШнинг Россияга нисбатан сиёсатини юмшатиш нияти бўйича мутлақо муросасиз позицияни эгаллайди.
У Украинанинг Россия билан урушдаги ғалабасини АҚШнинг глобал ва миллий хавфсизлиги кафолати деб билади ҳамда Кремл билан мулоқотга чақирувчи ёки АҚШ бу можарода бетараф бўлиши лозимлигини айтувчи партиядошларини танқид қилади.
«Сизга айтаман, Путин ва Си шундай одам президент бўлиши мумкин деган фикрдан сўлаги оқмоқда», — деганди у 2023 йил ноябрида сайловолди пойгасидаги рақибларидан бири Вивек Рамасвами билан дебат чоғида, у кейинроқ ўз номзодини қайтариб олганди.
Ҳейли Трампга қандай муносабатда?
Шу кунларда Ҳейли очиқчасига Доналд Трампнинг ақлий қобилиятлари унга президентлик лавозимига даъвогарлик қилишига имкон беришига шубҳа билдирганди. Бунга Трамп тарафдорлари қаршисидаги сўнгги чиқишларидан бирида уни АҚШ Вакиллар палатасининг собиқ спикери, демократ Нэнси Пелоси билан адаштириб юборгани сабаб бўлганди.
Трамп бир неча бор айнан у — Никки Ҳейли — Оқ уйнинг ҳарбийлар ва қўриқчилар сонини ошириш тўғрисидаги таклифини рад этиш орқали 2021 йил 6 январидаги ҳужум вақтида Капитолийнинг хавфсизлигини керакли даражада таъминлай олмаганини такрорлаган.
Трампнинг сўзларига кўра, айнан Конгресснинг ўша даврдаги раҳбарияти ва хусусан Никки Ҳейли ҳужум шундай оқибатларга эга бўлганида айбдор, лекин у буни тан олишга жазм эта олмайди.
Лекин Никки Ҳейли республикачи бўлишидан ташқари, 2021 йил январида ҳеч қандай расмий лавозимда бўлмаган, айнан 6 январ куни эса Вашингтондан ташқарида бўлган.
Кейинроқ Трампнинг атрофидагилар номзод шунчаки чалкашиб кетгани ва у ўз нутқида Нэнси Пелосини назарда тутганини айтишди.
Аммо Ҳейли фақат бир марта адашишни тўғри тушуниш мумкинлиги, унинг исми унга мутлақо алоқаси йўқ бўлган контекстга боғланиши — хавотирли сигнал эканини таъкидлайди.
«Бу мени ташвишга солади — ва мен ҳеч кимни камситмоқчи эмасман, — аммо президент бўлиш билан бирга келадиган масъулият ва босимнинг оғирлиги ҳақида гап кетганда, агар унинг психологик жиҳатдан лойиқлигига амин бўлмасак, бундай одамга буни қилишига йўл қўя олмаймиз», — деганди Никки Ҳейли 81 ёшли Байден ва 77 ёшли Трампга ишора қилган ҳолда.
Унинг ғалаба учун имкониятлари қандай?
Сўнгги ойларда Никки Ҳейлини қўллаш даражаси алоҳида штатларда ҳам, Республикачилар партиясининг Вашингтондаги ядросида ҳам кучайди.
Кўпчилик учун у – партиянинг Трампгача бўлган даврини, матбуотдаги можаролар бўлмаган, адоқсиз суд даъволарисиз, ФҚБ жалб этилган текширувлар ҳамда Трамп давридаги бошқа изтироблар йўқ бўлган даврни ифодалайди.
Ҳейли – Доналд Трамп Оқ уйга қайтишини истамайдиганлар учун муроса танловидир.
Лекин асосий савол шундаки, улар уни сайловларда Жо Байденни мағлуб этишга қодир деб ҳисоблашадими, чунки улар Оқ уйда демократларни ҳам кўришни исташмайди.
Кўплаб таҳлилчилар фикрича, шу йил сентябрига қадар давом этадиган праймериз давомида у ўзининг Трампдан устунлигини эмас, балки Байденга қарши кураш олиб бориш қобилиятини исботлаши керак бўлади.
Мавзуга оид
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
18:12 / 23.12.2024
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:01 / 23.12.2024
Трамп Панама каналини олиб қўйиш билан таҳдид қилди
13:17 / 23.12.2024