Жаҳон | 15:28 / 24.01.2024
6761
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Исроил ва ҲАМАС бир ойлик оташкесим ҳақида келишиб олди

Reuters хабарига кўра, Исроил ва ҲАМАС Ғазо секторида вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш, гаровга олинган исроилликлар ва фаластинлик асирларни озод қилиш бўйича принципиал келишувга эришган.

Фото: Reuters

Reuters хабарига кўра, Исроил ҳукумати ва ҲАМАС гуруҳи Ғазо секторида 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш, фаластинлик асирлар ва исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш бўйича принципиал келишувга эришган. Бунга Қатар, АҚШ ва Миср воситачилигида сўнгги ҳафталарда олиб борилган интенсив музокаралар натижасида эришилди, бироқ Исроилнинг ҳарбий амалиётини якуний тўхтатиш шартлари бўйича келишмовчиликлар сақланиб қолгани сабабли янги сулҳнинг амалга оширилиши кечиктирилди. Бу ҳақда агентлик 24 январ, чоршанба куни бир нечта манбаларга таяниб хабар берди

ҲАМАС доимий оташкесим шартларини мувофиқлаштириш зарурлигини билдиряпти
 
Reuters таъкидлаганидек, Исроил ва воситачилар тинч аҳолидан тортиб ҳарбийларгача бўлган турли тоифадаги исроиллик гаровга олинганларни босқичма-босқич озод қилишга интилмоқда ва бунинг эвазига фаластинлик асирларни озод этишни ҳамда Ғазо секторига ёрдамни оширишни таклиф қилмоқда. Агентлик маълумотларига кўра, дипломатик саъй-ҳаракатларнинг жорий босқичи 28 декабрда бошланган. Музокаралар чоғида ҲАМАСнинг вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги талаблари бир неча ойдан 30 кунга қисқартирилди, деди мулоқот тафсилотлари билан таниш бўлган исми ошкор этилмаган расмий. 

Ушбу маълумотларга кўра, Исроил Фаластин гуруҳига, агар ҲАМАС етакчилари Ғазо секторидан чиқиб кетса, ҳарбий амалиётни тўхтатишни таклиф қилади, бироқ ҲАМАС бу талабларни рад этди ҳамда вақтинча сулҳ ва гаровга олинганларни озод қилиш шарти сифатида яна доимий ўт очишни тўхтатиш учун кафолатлар беришни талаб қилди. Шу билан бирга, Reuters суҳбатдошлари келишув исталган дақиқада тузилиши мумкинлигини таъкидламоқда. 

Расмий манбалар Reuters ахборотини ҳали тасдиқланмади. Axios аввалроқ Исроилнинг икки ой давомида ўт очишни тўхтатиш таклифи ҳақида хабар берган эди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 25 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид