Жамият | 22:04 / 25.01.2024
6458
3 дақиқада ўқилади

2023 йилда фирибгарлик жинояти энг кўп содир этилди – Олий суд 

Шунингдек, 55 мингдан ортиқ шахс судланди, уларнинг 6 мингдан ортиғи аёллар, 20 мингдан ортиғи ёшлардир. 

2023 йил давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 73797 нафар шахсга нисбатан 58418 та жиноят иши кўриб чиқилди, 1244 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди. Бу ҳақда Олий суд маълумот берди. 

Қайд қилинишича, судланган шахслар сони 55763 нафарни ташкил этиб, шундан 17396 нафар шахсга озодликдан махрум қилиш ва 37077 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланган. 1290 нафар шахс шартли жазо олган. 

Судланган шахсларнинг 49297 нафари эркак, 6466 нафари аёл, 20922 нафари ёшлар (шу жумладан 1 911 нафари вояга етмаган) ва 2123 нафари 60 ёшдан ошган шахслар. 

7362 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинган, 33612 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 12286 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилган ва 13522 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланган ёки қайта малакаланган. 

272 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. 

Ҳисобот даврида кўрилган жиноят ишларнинг аксариятини фирибгарлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўғрилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, қасддан баданга енгил шикаст етказиш, безорилик, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш ва пора бериш билан боғлиқ жиноятлар ташкил этади. 

Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 14698 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди. 

Етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 8586 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган. 

Апелляция тартибида 15720 нафар шахсга нисбатан 10843 та жиноят иши кўриб чиқилган. 1715 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 3556 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган. 

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 5855 нафар шахсга нисбатан 5130 та жиноят иши кўриб чиқилган. 1143 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 509 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган. 

Шунингдек, кассация инстанциясида 467 нафар шахсга нисбатан 402 та жиноят иши такроран кўриб чиқилган. 288 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 121 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.

Мавзуга оид