Жаҳон | 21:09 / 25.01.2024
14320
8 дақиқада ўқилади

Ғазода бир ойлик оташкесим, Ғарбий соҳилда ҳалок бўлган фаластинлик болалар ва Швецияни қўллаган Венгрия — кун дайжести

Сўнгги бир кун ичида жаҳонда содир бўлган янгиликлар, воқеа-ҳодисалар, баёнотларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек дайжестимиз орқали таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил ва ҲАМАС Ғазо секторида вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш, гаровга олинган исроилликлар ва фаластинлик асирларни озод қилиш бўйича принципиал келишувга эришган, деб хабар бермоқда Reuters.

Агентлик хабарига кўра, Бунга Қатар, АҚШ ва Миср воситачилигида сўнгги ҳафталарда олиб борилган интенсив музокаралар натижасида эришилган, бироқ Исроилнинг ҳарбий амалиётини якуний тўхтатиш шартлари бўйича келишмовчиликлар сақланиб қолгани сабабли янги сулҳнинг амалга оширилиши кечиктирилмоқда.

ҲАМАС доимий оташкесим шартларини мувофиқлаштириш зарурлигини билдиряпти

Исроил ва воситачилар тинч аҳолидан тортиб ҳарбийларгача бўлган турли тоифадаги исроиллик гаровга олинганларни босқичма-босқич озод қилишга интилмоқда ва бунинг эвазига фаластинлик асирларни озод этишни ҳамда Ғазо секторига ёрдамни оширишни таклиф қилмоқда. Музокаралар чоғида ҲАМАСнинг вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги талаблари бир неча ойдан 30 кунга қисқартирилган.

Маълумотларга кўра, Исроил агар ҲАМАС етакчилари Ғазо секторидан чиқиб кетса, ҳарбий амалиётни тўхтатишни таклиф қилади, бироқ ҲАМАС бу талабларни рад этди ҳамда вақтинча сулҳ ва гаровга олинганларни озод қилиш шарти сифатида яна доимий ўт очишни тўхтатиш учун кафолатлар беришни талаб қилган.

Ҳозирча расмий манбалар Reuters ахборотини ҳали тасдиқламаган.

Эртага Исроил ҳарбий кенгаши ва вазирлар маҳкамаси ҲАМАС билан асир алмашиш тўғрисидаги келишувни муҳокама қилиш учун йиғилади. 

Ғазодаги қийинчиликлар

Исроилнинг Ғазога кенг кўламли босқини секторда кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлиши билан бирга ҳуманитар фалокат ҳам келтириб чиқармоқда.

«Ғазо аҳолиси тарихда мисли кўрилмаган даражада яшаш учун зарур нарсалардан мосуво қилинмоқда. Ҳеч нарса Ғазо аҳолисининг коллектив тарзда жазоланишини оқлаб бера олмайди. Фаластин халқини ўз давлатини тузиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш можаронинг чўзилишига ва глобал хавфсизликка таҳдид пайдо бўлишига олиб келмоқда», — деган БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.

Норвегия ташқи ишлар вазири Эспен Барт Эйде ҳам «Ғазо аҳолиси нафақат Исроилнинг бомбалашларидан, шунингдек, очарчилик, етарли бўлмаган тиббий хизмат, дори-дармонлар ва тоза ичимлик сувига эриша олмаслик каби муаммоларга ҳам дучор бўлган”, — деган

Исроил зулми биргина Ғазо секторида эмас, Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида истиқомат қилиб келаётган фаластинликларни ҳам қамраб олган.

7 октябрдан буён Исроил оккупацияси остидаги Ғарбий соҳилда исроиллик ҳарбийлар ва кўчкиндилар томонидан камида 369 киши ўлдирилган. Уларнинг 95 нафари ёш болалардир.

БМТнинг болалар фонди — UNICEFʼнинг қайд этишича, Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳили ва Шарқий Қуддусда 2023 йил болалар учун энг ўлимли йил бўлган: Йил бошидан буён у ерда 124 нафар фаластинлик болалар ва 6 нафар яҳудий болалари ўлдирилган. 

АҚШ Сурияни тарк этадими?

Foreign Policy журналига асосланиб, АҚШ Суриядан ўз қўшинларини тўлиқ олиб чиқиш масаласини кўриб чиқаётгани тўғрисидаги хабарлар тарқатилди.

Нашр хабарига кўра, Оқ уй энди Сурияда миссия ушлаб туришдан манфаатдор эмаслиги, АҚШ маъмурияти ичида эса қўшинларни қандай қилиб Суриядан олиб чиқиб кетиш масаласи муҳокама этилаётгани хабар қилинган.

Бироқ Пентагоннинг олий мартабали мансабдори бундай хабарлар замирида ҳақиқат йўқлигини таъкидлаб чиққан. 

Швециянинг НАТО сари йўли

Туркиядан сўнг Венгрия ҳам Швециянинг НАТОга аъзолигини қўллаб-қувватлашга тайёр

«Мен ҳозиргина НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан телефон орқали гаплашдим ва Венгрия ҳукумати Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилдим», — деган Венгрия бош котиби Виктор Орбан.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия парламенти ассамблеяси ҳам Швециянинг НАТОга аъзо бўлиши тўғрисидаги аризасини маъқуллаб овоз берган эди.

Шу пайтгача Шимолий алянснинг 30 аъзосидан фақат Туркия ва Венгрия Швециянинг тезлаштирилган тартибда НАТОга аъзо бўлиш тўғрисидаги аризасини маъқуллашни пайсалга солиб турган эди. 

Украинадаги уруш

Армиясида ва иқтисодиётида одам тақчиллигини сезаётган Украина қочқинларни қайтариш учун тобора Европа Иттифоқига босим қилмоқда, деб хабар беради Politico нашри.

Нашрнинг ёзишича, Украина Европа Иттифоқи билан 2025 йилгача мамлакатни тарк этган аҳолининг каттаси қисмини Украинага қайтаришни назарда тутувчи маълум бир янги қоидалар устида иш олиб бормоқда.

Европа Иттифоқининг айрим депутатлари Киев бу борада босим ҳам ўтказаётганини қайд этишган.

2024 йилда Катта еттилик гуруҳи — G7ʼга раисликни қўлга киритган Италия Украинага ёрдам устувор йўналишларидан бири бўлишини таъкидлаган. Бу ҳақда Reuters Римдаги ҳукумат манбасига таяниб хабар қилмоқда.

Украинадаги уруш контекстида G7’нинг мақсади Киевни ҳар томонлама қўллаб-қувватланишига ишонтириш ва Россияга ҳеч қандай заифлик белгиларини кўрсатмаслик бўлади, деб ёзади агентлик. Бу йилги G7 саммитидаги бошқа мавзулар орасида — Яқин Шарқдаги можаро, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгариши, Африка ривожланиши ва Хитой билан алоқалар ҳам бор.

G7 етакчилари саммити июн ойи ўрталарида Италияда бўлиб ўтади. 

Белгородда қулаган Ил-76

Россиянинг Белгород областида ҳалокатга учраган Ил-76 самолётларида алмаштириш учун олиб кетилаётган украиналик асирлар бўлгани тўғрисидаги маълумотни Украина томони кескин рад этмоқда. Россия ОАВ томонидан эълон қилинган асирлар рўйхатидаги айрим шахслар аллақачон аввалги асир алмаштиришда Украинага олиб кирилгани тўғрисидаги маълумотлар ҳам тақдим этилган.

Қолаверса, Ил-76 самолёти ҳалокатга учраган жойдан тарқаган суратларда украиналик ҳарбийларнинг жасади кўринмайди. Фақат учувчиларнинг ўликлари бор.

Украина томони самолёт ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракетаси билан уриб туширилгани, самолётда қурол-яроғ ташилгани, самолёт фюзелажида эса шундай зарбадан қолган тешиклар кўзга ташланаётганига урғу беришган.

Шунингдек, Украина томони асир алмашинув жараёнида аввалгидек Белгород области узра ҳаво кенгликлари хавфсизлигини вақтинча таъминлаш юзасидан билдиришнома олмаганини қайд этган. 

Бугун ўзининг 46 ёшини нишонлаётган Украина президенти Володимир Зеленский Ил-76 самолётининг қулагани борасида халқаро текширув ўтказилиши кераклигини таъкидлаган. 

Ёшлари учун қайғураётган Қозоғистон

Қозоғистонда вейпларни олиб кириш, ишлаб чиқариш, сотиш ва тарқатишга тўлиқ тақиқ жорий қилинди.

Вейп сотиш учун 50 сутка қамоқ, олиб кириш ва тарқатишга 2 йилгача, такрорий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

Остона ва Алмати шаҳарларидаги ўсмирларнинг 80 фоизи вейп чекиши қозоғистонлик депутатларни шундай чора қўллашга мажбур қилган.

Қайд этиш керакки, бундай чора Туркманистонда ҳам қўлланган, у ерда ҳар қандай тамаки маҳсулотлари, жумладан носни ҳам релизация қилиш тақиқланади.

Айни пайтда Марказий Осиёда вейп ва сигарет сотиш учун ҳеч қандай чекловлар бўлмаган ягона давлат Қирғизистон бўлиб қолмоқда. Экспертлар буни Қирғизистон парламентида тамаки лоббиси жуда кучлилиги билан тушунтиришмоқда. 

Мавзуга оид