Жаҳон | 15:32 / 26.01.2024
4550
3 дақиқада ўқилади

Берлин Германия учун янги мудофаа режасини тайёрламоқда

Бундесвер хавфсизлик идоралари, фавқулодда хизматлар, саноат ва иттифоқчилар билан биргаликда совуқ уруш тугаганидан кейин биринчи марта мамлакат мудофааси учун махфий, батафсил режани ишлаб чиқмоқда.

Фото: AP

Германия ўзининг миллий мудофаа тизимини такомиллаштириш ва бундесвернинг хавфсизлик идоралари, табиий офатларни бошқариш ташкилотлари ҳамда ҳарбий-саноат компаниялари билан ўзаро ҳамкорлигини яхшилаш чораларини кўрмоқда. 25 январ, пайшанба куни Берлинда кескинлик кучайган ва мамлакатни ҳимоя қилиш зарурати юзага келган тақдирда ишлаб чиқилаётган Германия мудофааси бўйича янги операцион режани (OPLAN) муҳокама қилиш учун симпозиум бўлиб ўтади, дея хабар берди dpa бундесвер ҳудудий мудофаа штаби бошлиғи, генерал-лейтенант Андре Бодеманга таяниб.

Германия мудофаа режаси - 30 йил ичида биринчиси

Юзлаб саҳифаларни ўз ичига олган ўта махфий ҳужжат, агар керак бўлса, мудофаа учун алоҳида органлар ва муассасаларнинг ҳаракатларини белгилайди. Йиғилишда бошқа нарсалар қаторида полиция, фуқаро мудофааси, Германия техник ёрдам хизмати (THW), олимлар, энергетика ва логистика соҳалари вакиллари, шунингдек, иттифоқдош давлатлар иштирок этади. Режа март ойининг охирига қадар тайёр бўлиши керак.

Шу тариқа, Германия совуқ урушдан бери биринчи марта замонавий ва кенг қамровли мудофаа режасига эга бўлади. Агентлик таъкидлаганидек, Европада ҳозирги кучлар мувозанати Германия мудофаа иттифоқининг шарқий чегарасида бўлган 30 йил аввалги вазиятдан тубдан фарқ қилади. Ҳозир Германия орқа зонада ва НАТО иттифоқчиларига ҳужум қилинган тақдирда унинг вазифалари кучлари ва таъминотини жойлаштириш йўналишларини қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади, деб ёзади агентлик.

Германияга таҳдидлар кўриб чиқиляпти

Шу билан бирга, бундесвер таҳдидларнинг тўрт турини ажратиб олди, уларнинг баъзилари ҳозирданоқ кузатиляпти. Хусусан, гап фейк янгиликлар ва дезинформация ҳақида кетмоқда, улар ёрдамида душман ҳокимият қарорларига, жамоатчилик фикрига ва оммавий ахборот воситаларига таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Бундан ташқари, энергетика ва телекоммуникация компанияларига киберҳужумлар, шунингдек, мақсадли жосуслик давом этиши кутилмоқда.

«Биз ҳозир қуролланишимиз керак бўлган таҳдиднинг тўртинчи тури, шубҳасиз, қўшинларни жойлаштиришни мураккаблаштириш ёки олдини олиш учун бирор нарсани ўчириб қўйишга ҳаракат қиладиган махсус кучлар диверсиясидир», деди Бодеман. Бундан ташқари, муҳим инфратузилма баллистик ракета ҳужуми нишонига айланиши мумкин ва Германия бундай ҳужумларга қарши мудофаа тизимини ривожлантириш устида ишламоқда, дея қўшимча қилди генерал.

Июн ойида Германия Россиянинг Украинага қарши давом этаётган ҳужуми фонида биринчи миллий хавфсизлик стратегиясини қабул қилди. Мамлакат хавфсизлик сиёсатининг асосий вазифаси тинчлик ва эркин ҳаётни кафолатлашдан иборат. «Биз НАТО ва Европа Иттифоқига ҳамда бундесверни мустаҳкамлашга содиқмиз», — дейилади ҳужжатда.

Мавзуга оид