Жаҳон | 23:35 / 26.01.2024
13707
8 дақиқада ўқилади

Суд қарорини кутаётган ҲАМАС, Хитойдан ёрдам сўраётган АҚШ ва Путин афвидан мосуво бўлган маҳбуслар — кун дайжести

Сўнгги бир кун ичида жаҳонда содир бўлган янгиликлар, воқеа-ҳодисалар, баёнотларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек дайжестимиз орқали таништирамиз. 

Ғазодаги вазият

Расмий Тел-Авивнинг Ғазога нисбатан қақшатқич ҳужумлари 112 кундан буён давом этмоқда. 7 октябрдан бери 26 мингдан зиёд фаластинликлар ўлдирилган. Ярадорлар сони 65 минг нафарга яқинлашган.

ҲАМАС агар Исроил фаластинлик маҳбусларни қўйиб юборса, гаровда ушлаб турилган исроиллик фуқароларни озод этишини маълум қилди.

Агар БМТ Халқаро суди оташкесим тўғрисида қарор чиқарса, ҲАМАС унга қатъий амал қилади, деган ҳаракат сиёсий бюроси аъзоси Усома Ҳамдан.

Бу борада Ҳаагадаги БМТ халқаро суди Жанубий Африка Республикасининг Исроилга қарши қўзғатилган «вақтинчалик чоралар қўллаш тўғрисида»ги сўровига нисбатан қарор чиқаришга тайёрланмоқда.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу аввалроқ Халқаро суд қарорини назар-писанд этмаслигини таъкидлаб бўлган эди. «Бизни ҳеч ким тўхтата олмайди — на Ҳаага, на «Зулм ўқи», на бошқа бирор киши», деган Нетаняҳу.

Исроил Жанубий Африка Республикасининг айбловларини «қўпол тарзда бузиб кўрсатилган» деб атаб, рад этиб келмоқда ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга экани, мақсадлари Ғазодаги тинч аҳоли эмас, ҲАМАС ҳаракати эканини таъкидламоқда. 

Қизил денгиздаги вазият

Яманлик исёнчи ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати ҳужумлари туфайли Ўрта Ер ва Қизил денгизини боғловчи Сувайш канали орқали ҳар ҳафта ўтадиган контейнер кемалари сони ўтган йилга нисбатан 67 фоизга камайган. Нефт транзити эса 18 фоизга қисқарган, дейилади БМТ маълумотларида.

БМТнинг савдо ва тараққиёт конференцияси эксперти Ян Хоффманнинг айтишича, канал орқали савдо сўнгги икки ой ичида 42 фоизга камайган. Чунки ташувчи компаниялар Қизил денгиздаги ҳужумлардан жуда хавотирда, деган у.

Қизил денгиз ва Сувайш канали жаҳон савдосининг марказий йўллари ҳисобланади. Ҳар йили Сувайш канали орқали 20 мингга яқин кемалар ўтади. Яманлик исёнчиларнинг ҳужумлари туфайли кўплаб йирик юк ташиш компаниялари бу йўлдан қочишга қарор қилди. Осиё ва Европа ўртасидаги йўлда контейнер кемалари Африка жанубини айланиб ўтиши керак, бу эса сезиларли даражада кўпроқ вақт ва юз минглаб евро миқдоридаги қўшимча ёнилғи харажатларини талаб қилади.

АҚШ Молия вазирлиги Ямандаги исёнчи ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракатининг бир қатор етакчиларига қарши санкциялар жорий этилганини эълон қилди. Ҳаракатнинг ҳарбий амалиётлари учун масъул бўлган ҳусийларнинг «асосий лидерлари» Америка санкциялари остида қолди. Буюк Британия ҳукумати ҳам худди шундай санкцияларни қўллаган.

АҚШ Молия вазирлиги таъкидлаганидек, санкция рўйхатига ҳусийлар Мудофаа вазирлиги раҳбари Муҳаммад ал-Атифий, денгиз кучлари қўмондони Муҳаммад Фазл Абдуннабий, қирғоқ мудофаа кучлари раҳбари Муҳаммад Али ал-Қодир ва ҳусий қуролли кучлари учун харидларни бошқарадиган Муҳаммад Аҳмад ат-Толибий киритилган.

АҚШ, шунингдек, ҳусийчиларнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумидан ҳимоя қилиш учун Хитойдан ҳам ёрдам сўраган. Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Таиландга бориб, Хитой ташқи ишлар вазири Ванг И билан учрашади. Учрашувда томонлар Қизил денгизни ҳусийчилардан ҳимоя қилиш масаласини муҳокама қилишади. АҚШ Хитойни вазиятга таъсир ўтказишга кўндиришни режалаштирган, деб хабар беради The Wall Street Journal нашри. 

Украинадаги уруш

Россия президенти Владимир Путин норасмий каналлар орқали АҚШга сигналлар жўнатиб, Украина учун бўлғуси хавфсизлик чораларини муҳокама этишга тайёр эканини маълум қилмоқда, деб ёзмоқда Bloomberg нашри ўзининг Россиядаги манбаларига ҳавола қилиб.

Хабарда маълум қилинишича, Владимир Путин Украинанинг нейтрал статусти ва НАТО аъзосига айланмаслик талабидан воз кечишга тайёр, бироқ шу кунгача эгалланганлар Украина ҳудудлари устидан назоратни Россия ихтиёрида қолдириш ва уни тан олиш масаласида қайсарлик қилади.

Уруш ва Путин сўзлари бир гап таркибида келган яна бир хабар: Россия президенти Владимир Путин урушда қатнашаётган маҳбусларни афв этишни бас қилди.

Энди Украинадаги урушда қатнашаётган маҳбуслар жазодан «шартли озод қилинади», урушда аввалгидек 6 ой эмас, урушнинг охиригача қатнашиш шарт қилинган, дейишган BBC’га маҳбусларнинг қариндошлари. 

Россияда қамалган активистлар

Москвада Россия Федерал хавфсизлик хизмати собиқ офицери Игор Стрелков-Гиркинни «экстремизмга даъват» қилганликда айблаб, тўрт йилга озодликдан маҳрум қилди. Шунингдек, Стрелковга веб-сайтларни бошқариш 3 йилга тақиқланди.

Стрелков-Гиркинга қарши жиноий иш 2023 йил июл ойида қўзғатилган эди. Бунга унинг Теlegram-каналида аннексия қилинган Қрим Украинага топширилиши мумкинлиги ва оккупация қилинган ДХР ҳарбий хизматчиларига тўловлар тўғрисидаги иккита пост сабаб бўлган.

Санкт-Петербургда эса қаҳвахонада портлаш уюштириб, россиялик уруш тарғиботчиларидан бири Владлен Татарскийни ўлдирган Даря Трепова 27 йилга қамалди.

Трепова терроризм, портловчи моддаларни ноқонуний ўтказиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш моддалари бўйича айбдор деб топилди. Биринчи моддага кўра у 18 йилга, иккинчисига кўра 13 йилга, учинчисига кўра 2 йилга озодликдан маҳрум этилди. Муддатларни қисман қўшиш йўли билан у 27 йилга қамалди.

Даря Трепова ўзига қўйилган айбларнинг бирортаси бўйича айбини тан олмади. У Татарский қатнашаётган кафега портловчи моддалар солинган ҳайкалчани олиб борганини инкор этмаган, бироқ у ҳайкалча ичида нималар борлигини билмаганини айтган. Трепова сўнгги нутқида жабрланувчилардан ва ишда иштирок этганларнинг барчасидан ўз қилмишлари учун кечирим сўради. 

НАТО аъзосияга айланаётган Швеция

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакат парламенти томонидан маъқулланган, Швециянинг НАТО аъзолигини ратификация қилиш ҳақида қабул қилинган қарорини тасдиқлади.

Туркия парламенти бош ассамблеяси 23 январ куни Швециянинг НАТО аъзоси бўлиши ҳақидаги протоколни ратификация қилишни ёқлаб овоз берган эди.

Шундан сўнг, Швеция бош вазири Улф Кристерссон «Бугун биз НАТО тўлақонли аъзоси бўлишга бир қадам яқинлашдик», деди.

Швеция Россиянинг Украинага ҳужуми муносабати билан 2022 йилда НАТО аъзоcи бўлиш учун ариза топширди. Туркия Швецияни «террорчи» курд фаолларини қўллаб-қувватлашда айблаб, шу пайтгача НАТО аъзоси бўлишини маъқулламай келаётганди. Узоқ давом этган музокаралар ва шартларни муҳокама қилишдан сўнг томонлар муросага келди.

Швециянинг НАТО аъзоси бўлишига Венгрия ҳам қаршилик қилмоқда. Аммо мамлакат бош вазири Виктор Орбан парламентдан Швеция аризасини «имкон қадар тезроқ» ратификация қилишни сўраган.

АҚШ Ироқни тарк этадими?

АҚШ Мудофаа вазирлиги мамлакат қўшинлари Ироқни тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.

АҚШнинг айрим оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, Пентагон раҳбари Ллойд Остин яқин кунлар ичида АҚШ Ироқдаги коалицион ҳарбий иштирок иккитомонлама ўзаро ҳаракатга алмаштирилиши мумкинлиги тўғрисида музокаралар бошланишини маълум қилган.

Бироқ кейинроқ бу хабарлар Пентагон томонидан рад этилди. АҚШ Мудофаа вазирлиги Америка ва Ироқ ҳарбийлари ўртасида бўлиб ўтадиган навбатдаги музокаралар «АҚШ ҳарбийларининг Ироқдан олиб чиқиш масаласига тааллуқли бўлмайди», деган.

Эслатиб ўтамиз, Ироқ парламенти 2020 йилдаёқ мамлакат ҳудудидан хорижий ҳарбийларни чиқариб юборишни ёқлаб овоз берган.

Мавзуга оид