Ўзбекистон | 18:25 / 27.01.2024
30592
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Қирғизистонга сув учун 280 минг доллар тўлайди

2023 йилда Ўзбекистон сув учун Қирғизистонга 240 минг доллар тўлаган. Бу йил 280 минг доллар тўлаши маълум қилинди.

Фото: Kun.uz

Қирғизистон Сув ресурслари хизмати директори Алмазбек Сокеев Қозоғистон ва Ўзбекистонга сув етказиб бериш эвазига мамлакат нима олаётгани ҳақида гапириб берди.

«Қозоғистон ҳар йили маблағ ажратади. Лекин буни бизга ўтказмайди, балки иш бажаради. Масалан, давлатлараро фойдаланиладиган объектларни таъмирлайди. Улар Киров сув омборида катта маблағ талаб қиладиган тамбани алмаштирди. Ҳар йили амалга ошириладиган таъмирлаш ишларига 179 миллион тенге (401,8 минг доллар) сарфлайди», деди Сокеев.

Унинг сўзларига кўра, айни дамда Қозоғистон билан объектларни сақлаш учун зарур бўлган маблағ ажратилиши бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

«Чунки биз ўз кучимиз билан таъмирлаймиз, пудратчиларимиз йўқ», деди Сокеев.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон сув учун пул тўламоқда.

«Ўзбекистон тўлаяпти. Улар ҳар йили пул ажратмаларини кўпайтирмоқда. 2023 йилда бу 240 минг доллар эди. Бу йил эса 280 минг доллар бўлади. 2025 йилда эса бундан ҳам кўпроқ бўлади. Улар кўпаяди, яъни ажратилаётган маблағлар ҳар йили ошиб бормоқда», деди у.

Мавзуга оид