Спорт | 14:52 / 28.01.2024
16374
5 дақиқада ўқилади

Битта гол, 220 минг «лайк», 240 минг янги обуначи, 5 млн кўриш. «Динамо» ҳужумчиси қандай қилиб Индонезия қаҳрамонига айланди?

Фото: Reuters

Осиё кубоги-2023 Қирғизистон учун омадсиз якунланиб, қўшниларимиз 3 ўйинда атиги битта гол киритган ҳолда турнирни тарк этишди. Кожо Жоэл томонидан Уммон дарвозасига киритилган ягона гол қирғизларга бир очкони келтириш билан бирга Қатардан уйига қайтишга яқин турган Индонезияга ўз тарихидаги илк плей-офф йўлланмасини тақдим этди. Натижада, «Динамо» клуби ҳужумчиси қарийб 275 миллион аҳолига эга бу мамлакат қаҳрамонига айланди.

«Динамо»да «йил ўйинчиси»га айланган Кожо

Асли ганалик бўлган Кожо Жоэл 2023 йил бошида Қирғизистоннинг «Дордой» клубидан Самарқанднинг «Динамо» клубига қўшилганди. Вадим Абрамов қўл остида Про лигадаги бир мавсумда 17 ўйинда 12та гол, Ўзбекистон кубогида эса 4та гол киритиб, жамоаси билан Суперлигага йўлланма олди, Ўзбекистон кубогида эса яримфиналга етиб борди. Про лига тўпурарлари орасида 2-ўринни эгаллаган ҳужумчи «Динамо» мухлислари томонидан жамоанинг 2023 йилдаги энг яхши ўйинчиси деб топилади. Кожо Жоэл қирғиз қизига уйланган, ўтган йили эса ушбу мамлакат фуқаролигини олиб, илк бор Қирғизистон миллий жамоасига таклиф этилганди.

Осиё кубогидаги омадсиз старт ва омадли якун

Қирғизистон миллий жамоаси Осиё кубоги-2023 баҳсларини Таиландга қарши ўйин билан бошлаб, 0:2 ҳисобида мағлубиятга учрагач, ушбу баҳсда иккита яхши имкониятидан фойдалана олмаган Кожо Жоэл бош мураббий томонидан захирага ўтқазиб қўйилди ва Саудия Арабистони билан баҳсда (0:2) «Динамо» ҳужумчиси майдонга туширилмади. Қирғизистон кейинги босқичга чиқиш учун 3-турда Уммонни камида икки тўп фарқи билан мағлуб этиши талаб этиларди. Шу боис қўшниларимиз бош мураббийи Штефан Таркович Кожо Жоэлни асосий таркибга қайтарди. Уммон билан ўйинда рақиб жамоа ҳисобда олдинда бораётган ва 80-дақиқада Кожо жамоасининг Осиё кубоги-2023даги ягона голига муаллифлик қилиб, Қирғизистонга илк очкони келтирди – 1:1. Шунга қарамай, қирғизлар гуруҳда 4-ўринни эгаллаб, турнирни тарк этишди.

Кожо – Индонезия қаҳрамони

Қирғизистон – Уммон ўйинида дуранг қайд этилган тақдирда, Осиё кубоги-2023 нимчоракфиналининг сўнгги 16-йўлланмаси кутилмаганда Индонезияга насиб этарди. Бу мамлакат жамоаси гуруҳда Ироқ ва Япониядан 3тадан гол ўтказиб юборган ва пеналтидан киритилган ягона гол эвазига Виетнамни мағлуб этган бўлса-да, 3 очко ҳамда -3 тўплар нисбати билан кейинги босқичга чиқишдан деярли умидини узганди. Уйга қайтиш учун самолётга чипта буюртма беришга яқин турган индонезияликларни Кожо Жоэл ўз голи билан Қатарда қолдирди ва уларнинг ўз тарихида илк марта Осиё кубоги плей-офф босқичига йўлланма олишига сабабчи бўлди.  

220 минг «лайк», 240 минг янги обуначи ва рекорд «кўриш»

Қирғизистон – Уммон (1:1) учрашуви якунига етиши билан қарийб 275 миллион аҳолига эга индонезияликлар ўз мамлакат миллий жамоасининг илк бор гуруҳдан чиқишини байрам қилишди ва бунга сабабчи бўлган Кожо Жоэлга ижтимоий тармоқларда миннатдорчилик билдира бошлашди. Ўйин тугаши билан «Динамо» клуби матбуот хизмати Кожо Жоэлнинг голини эълон қилгач, видео «инстаграм» тармоғининг ўзида бир неча соат ичида клуб учун рекорд – 5 миллион марта кўрилди, Кожо ҳақидаги битта постнинг ўзига 220 мингта «лайк» босилди, индонезияликлар томонидан қарийб 100 мингта миннатдорчилик изҳор этилган изоҳлар ёзилди. 25 ёшли ҳужумчининг Instagram тармоғидаги саҳифаси икки куннинг ичидаёқ 5 минг обуначидан қарийб 250 минг обуначига етди. Барча ижтимоий тармоқларда индонезияликлар Кожо Жоэлга ҳамон миннатдорчилик билдириб, «Динамо» ҳужумчисини Индонезия қаҳрамонига айлангани ҳақида ёзиб, уни ўз мамлакатларига таклиф этишмоқда. Ўз ўрнида Қирғизистон миллий жамоаси форварди индонезияликларга миннатдорчилик изҳорлари учун ташаккур айтиб, уларга плей-оффда омад тилади.

Аммо, Индонезия бу сафар Кожо Жоэлдан нажот кута олмайди, энди бор умид миллий жамоа ўйинчиларидан. Нимчоракфиналнинг дастлабки баҳсида Индонезия 28 январ куни турнир фаворитларидан бири Австралияга қарши саф тортади. Бу сафар ким қаҳрамонга айланишини эртага билиб оламиз.

Усмон Ибодов

Мавзуга оид