Ўзбекистон | 14:05 / 29.01.2024
3611
2 дақиқада ўқилади

5 та ҳудудда қарийб 1,7 млрд сўмлик электр энергияси ўғирлангани фош этилди

Ғозғон ва Бухоро шаҳарлари ҳамда Олмазор, Наманган, Бўстонлиқ туманларида электр энергиясидан, Каттақўрғон шаҳрида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Жойларда табиий ресурс тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, департаментнинг Ғозғон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “G.S.” МЧЖ масъул шахслари тошни қайта ишлаш заводининг электр трансформаторига қасддан ташқи таъсир ўтказиб, 667,3 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Олмазор туманда ўтказилган терговга қадар текширувда эса ЯТТ “Қ.Ж.” умумий овқатланиш шохобчасини электр тармоқлари корхонаси билан шартнома тузмасдан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 306,4 млн сўмлик электр энергиясини ўғирлагани маълум бўлган.

Шу каби, тармоққа ноқонуний уланиш орқали Наманган туманида “N.T.” ва “N.” МЧЖ раҳбарлари 260,2 млн сўмлик, Бўстонлиқ туманида фуқаро Б.С. 241,8 млн сўмлик, Бухоро шаҳрида ЯТТ “Б.А.” ҳамда фуқаро Ж.Б. 185,2 млн сўмлик электр энергиясини ўғирлаган.

Департаментнинг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса фуқаро Ж.Х. ўзи яшаб турган уй томорқасидаги иссиқхонани ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида газ тармоғига улаб, жами 177,1 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Олдинроқ Тошкент ва Сирдарё вилоятларида электр энергияси ҳамда табиий газ тармоғига ноқонуний уланганларга жиноят ишлари қўзғатилганди.

Мавзуга оид