Ўзбекистон | 15:24 / 29.01.2024
22924
2 дақиқада ўқилади

Президент Аи-80 бензинидан воз кечиш масаласини узил-кесил ҳал қилишни топширди

Президент бош вазирга Ўзбекистонда 2025 йилдан Аи-80 бензинидан воз кечиш масаласини узил-кесил ҳал қилишни топширди. Бундан ташқари, оғир юк машиналари, 10 йилдан ошган автомобиллар ҳамда Евро-4 стандартидан паст ёнилғини ишлатишнинг атроф-муҳитга зарарини камайтириш механизмлари ишлаб чиқилади.

29 декабр куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев бош вазир Абдулла Ариповга 2025 йилдан Аи-80 маркали бензиндан воз кечиш масаласини узил-кесил ҳал қилиш бўйича топшириқ берди.

Йиғилишда, шунингдек, Тошкент шаҳрида оғир юк машиналари, 10 йилдан ошган автомобиллар ҳамда «Евро-4»дан паст ёнилғидан фойдаланишнинг экологияга таъсирини камайтириш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилиши топширилди.

Аввалроқ Экология вазирлиги Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи асосий омиллар дея сифатсиз ёнилғида ишлайдиган автотранспорт воситаларидан чиқаётган чиқиндилар, иссиқлик ва электр станцияларида кўмир ва мазутдан фойдаланиш, бош режасиз қурилиш ишлари ва дарахтларни кесиш кабиларни санаганди.

Муаммони ҳал этиш бўйича таклиф этилаётган энг долзарб чора-тадбирлардан бири ёнилғи, хусусан, «Евро-4» стандартидан паст ёнилғидан фойдаланишни тақиқлашдир.

Ўзбекистонда Аи-80 бензинидан босқичма-босқич воз кечиш режалаштирилаётгани ҳақида аввалроқ Энергетика вазирлиги ҳам хабар берганди.  

Вазирлик Аи-80 бензини кўп мамлакатларда тақиқланганини, ҳатто нефт маҳсулотларини тўлиқ импорт қиладиган Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам аллақачон истеъмолдан олинганини, ҳозирча минтақада фақат Ўзбекистон ва Афғонистонда Аи-80 бензинидан фойдаланиш давом этаётганини билдирганди.

2025 йилга бориб Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида Аи-80 ишлаб чиқарилиши тўхтатилса, 2026 йилга бориб Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи тўлиғича сифатлироқ ёнилғи ишлаб чиқаришга ўтказилиши маълум қилинганди. 

Мавзуга оид