Жаҳон | 20:54 / 30.01.2024
8536
4 дақиқада ўқилади

АҚШ 2023 йилда қурол экспорти бўйича рекорд ўрнатди 

Украинадаги уруш Америка қуролларига бўлган талабни кескин оширди, қурол экспорти 2023-молиявий йилда рекорд даражадаги 238 миллиард долларга етди. 

Фото: Reuters

Давлат департаменти ҳисоботига кўра, АҚШ ҳукуматининг хорижий ҳукуматлар билан қурол-яроғ сотиш ва ҳарбий хизмат кўрсатиш операциялари 2023-молиявий йилда (2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 30 сентябргача бўлган давр) сезиларли даражада ошган. Уларнинг умумий қиймати 56 фоизга ошиб, 81 миллиард долларни ташкил этди. 

Қолган 157,5 миллиард доллар Америка ҳарбий-саноат компанияларининг ўз мижозларига тўғридан-тўғри қурол-яроғ сотишидан тушган. Уларнинг ҳажми ҳам ошди, лекин унчалик эмас: 2022-молиявий йилга нисбатан 2,5 фоизга. 

Америка қуролларининг асосий харидорларидан бири Полша бўлиб, Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг, ўз олдига Европадаги энг кучли армияни шакллантиришни мақсад қилиб қўйган. 

Полша 12 миллиард долларлик Apache вертолётларини, 10 миллиард долларлик HIMARS ракета тизимларини, 3,75 миллиард долларлик M1A1 Abrams танкларини, 4 миллиард долларлик ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимларини сотиб олди. 

Полшада ўтган йил охиридаги сайловдан сўнг ҳокимият ўзгарди, аммо Доналд Туск бошчилигидаги янги ҳукумат армияни қайта қуроллантиришни давом эттиришга ваъда бермоқда. 

Германия Қўшма Штатлардан 8,5 миллиард долларга Chinook вертолётларини сотиб олди. Чехия 5,6 миллиардлик сўнгги русумдаги F-35 қирувчи самолётлари ва ўқ-дориларини, Болгария 1,5 миллиард қийматидаги «Stryker» зирҳли машиналарини, Норвегия эса 1 миллиард қийматидаги кўп мақсадли вертолётларни буюртма қилган. 

Америка қуроллари ва ҳарбий техникалари Европадан ташқарида ҳам сотиб олинмоқда. Жанубий Корея 2023-молия йилида 5 миллиард долларга F-35 самолётларини сотиб олди, Австралия 6,3 миллиард долларлик C130J-30 Super Hercules ҳарбий транспорт самолётларига буюртма берди, Япония эса E-2D Hawkeye разведка самолётлари учун 1 миллиард доллар тўлайди. 

Давлат департаментининг қурол-яроғ трансфери бюроси раҳбари Мира Ресник Politico нашрига берган интервюсида Америка қуроллари савдоси ошиб бораётганини, қисман баъзи давлатлар Россия қуролларидан воз кечаётгани билан изоҳлади. 

Охирги 30 йил давомида Россия қурол экспорти бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллади, бироқ сўнгги йилларда у билан АҚШ ўртасидаги тафовут ошиб бормоқда ва учинчи экспортчи мамлакат Франция билан ўртасидаги тафовут эса қисқармоқда. 2022 йилда Швециянинг SIPRI таҳлил маркази маълумотларига кўра, жаҳон қурол савдосининг 40 фоизи Қўшма Штатлар ҳиссасига, 16 фоизи эса Россияга тўғри келган, бу улуш аввалги тўрт йил ичида тўрт фоизга камайди. 

SIPRI таҳлилчиси Саймон Веземан қарийб бир йил аввал «Украинага бостириб кириш Россия қурол экспортини янада чеклаши мумкин», деган эди. «Чунки Россия ўз қуролли кучлари таъминотига устувор аҳамият беради ва Россияга қўйилган савдо санкциялари, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан Россия қуролларини сотиб олмаслик бўйича босим кучайиб бораётгани сабабли бошқа мамлакатларнинг талаби паст бўлиб қолади». 

Президент Жо Байден маъмурияти республикачилар билан Украинага ҳарбий ёрдам бўйича тортишувларда, бу ёрдам, бошқа нарсалар қатори, АҚШ иқтисодиётининг ўсишига ёрдам бериши, чунки ҳарбий саноатни янги буюртмалар билан таъминлашини айтган. Ушбу буюртмаларнинг баъзилари бевосита Украинага етказиб бериш билан боғлиқ, баъзилари эса Россия таъминотидан тўлиқ ёки қисман воз кечишга қарор қилган мамлакатлардан келади.

Мавзуга оид