Ўзбекистон | 13:26 / 30.01.2024
11874
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда газ баллон портлаши оқибатида Ўзбекистон фуқаролари оғир жароҳатланди

Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, етти киши жароҳатланган, шундан икки нафари ўзбекистонликлар.

Фото: Orda.kz

Қозоғистоннинг Қарағанда областидаги икки қаватли уйда газ баллони портлаши оқибатида Ўзбекистон фуқаролари ҳам жароҳатланган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси хабар берди.

Қарағанда областидаги портлаш 30 январга ўтар кечаси Бухоро-Жирау райони, Бўтақара посёлкасида содир бўлган. Бу ерда 12 хонадонли уйнинг иккинчи қавати қулаб, биринчи қаватни босиб қолган. Оқибатда жами майдони 300 кв.м бўлган еттита квартирага зарар етган.

Уйда жами 46 киши яшаган, портлаш вақтида 35 киши бўлган. Қутқарув ишлари давомида етти киши вайроналар остидан олиб чиқилган, шундан беш киши маҳаллий шифохонага ётқизилган, уларнинг уч нафари болалар. Ҳудуд раҳбари яна икки киши харобалар остида ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

Район ҳокими Аблай Султангалининг маълум қилишича, дастлабки версияга кўра, портлашга газ баллондан нотўғри фойдаланиш сабаб бўлган — газ баллон совуқдан иссиқ хонага олиб кирилган.

Элчихона жабрланганлар орасида бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳам оғир аҳволда касалхонага ётқизилганини маълум қилган. Жумладан, 1989 йилда туғилган Рустем Умаралиевич Холдаров танасининг 80 фоизи, 1987 йилда туғилган Нуриддин Одилжонович Ҳакимов танасининг 35 фоизи куйган, ёпиқ мия шикастланиши, умуртқа синиши кузатилган.

Элчихона бу масалани назоратга олгани, Қарағанда области полицияси, фавқулодда вазиятлар бўлимлари билан алоқада бўлиб турганини қўшимча қилган.

Мавзуга оид