Жамият | 20:53 / 30.01.2024
12888
2 дақиқада ўқилади

Қизни турмуш қуришга ундаб, мунтазам босим ўтказган йигит 10 суткага қамалди

Шаҳрисабзлик қизга ҳимоя ордери берилган бўлса-да, йигит босим ўтказишдан тўхтамаган. Унинг болалар омбудсманига такрорий мурожаатидан кейин, ҳимоя ордери талабларини бузгани учун йигитга суд томонидан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилди.

Фото: Болалар омбудсмани

Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи, 2006 йилда туғилган қизни турмушга чиқишга ундаб, мунтазам руҳий босим ўтказган ва ҳимоя ордери талабларини бузган йигит 10 суткага қамалди. Бу ҳақда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова маълум қилди.

Аввал хабар берилганидек, М.М. исмли қиз 15 январ куни болалар омбудсманига мурожаат қилиб, таниш йигит унга турмушга чиқишига ундаб, турли шаклда босим ўтказиб келаётгани, ота-оналари эса ўзаро келишиб, қизнинг розилигисиз унаштирув маросимини ўтказгани, йигит унга руҳий босим ўтказаётганини айтган. Қиз ҳозир университетнинг 1-курсида таълим олаётгани ва ўқишини давом эттириш ниятида эканини билдирган.

Шундан кейин, қизга ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери тақдим этилиб, унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилган эди.

Бироқ, 29 январ куни M.M. болалар омбудсманига такроран мурожаат қилиб, ҳимоя ордери берилган бўлса-да, йигит унга тазйиқ ва руҳий босим ўтказишда давом этаётганини маълум қилган.

29 январ куни O.B. бундай ҳаракатлари учун маъмурий тартибда ушланиб, Жиноят ишлари бўйича Шахрисабз суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206(1)-моддаси (Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик) бўйича айбдор деб топилиб, 10 суткага қамалган.

Мавзуга оид