Украинани молиялаштиришда қийналаётган Германия, Гуржистондаги рокировкалар ва Илон Маскдан муҳим янгилик — кун дайжести
Сўнгги кун мобайнида жаҳонда содир бўлган янгиликлар, воқеа ва ҳодисаларнинг тафсилотлари билан одатий кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Исроилнинг Ғазо секторига кенг кўламли босқини туфайли ҳалок бўлаётганлар сони ортишда давом этмоқда. Айни пайтгача қурбон бўлган фаластинликлар сони 26 минг 422 кишига етган. Ярадорлар сони 65 мингга яқинлашмоқда.
Боз устига, секторга инсонпарварлик ёрдами етказилишига тўсқинлик қилиниши вазиятни янада оғирлаштирмоқда.
«Биз яна бир фожиа билан тўқнаш келдик. Биз Исроил томонидан гаровга олинган миллионлаб инсонларнинг ҳалок бўлиши таҳдидига дуч келдик. Ғазога қўйилмаётган инсонпарварлик ёрдами ва дори-дармонлар сектор ичидаги буюк ҳалокатнинг дебочаси бўлиши мумкин. Жаҳон ҳамжамияти 2 миллиондан зиёд гаровдагилар очарчилик ва эпидемик касалликларга дуч келмаслигининг олдини олиш учун турли усулларни қўллаяпти. Мен фаластинликлар қирилиб кетмаслиги учун барчани чоралар кўришга чақираман», — деган Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Албания пойтахти Тирана шаҳрида.
Парижда Ғазо сектори бўйича янги битим маъқулланган. Унда Исроил, АҚШ, Миср ва Қатар вакиллари қатнашган, деб хабар беради NBC телекомпанияси.
Ғазо секторида гаровда ушлаб турилган исроилликларни босқичма-босқич озод қилиш бўйича лойиҳа ҲАМАСга душанба куни етказилган.
Янги вариантдаги келишув икки ойлик оташкесим, гаровдагиларни исроилликларни қамоқдаги фаластинликлар эвазига ёш болалар ва аёллардан бошлаб босқичма-босқич озод қилишни назарда тутади.
Венгрия қўрқмаяпти
Венгрия Европа Иттифоқининг шантажларидан қўрқмайди, деган мамлакатнинг Европа Иттифоқи ишлари бўйича вазири Янош Бока.
У Financial Times нашрида чоп этилган мақолани шарҳлаган. Мақолада айтилишича, агар Венгрия ҳукумати Украинани молиялаштиришни маъқуллашдан бош тортса, Европа Иттифоқи Будапештга қаттиқ босимлар ўтказишга тайёр. Стратегияга кўра, Венгриянинг «иқтисодий ожизликлари» нишонга олинади ва унинг миллий валютаси — форинт кучсизлантирилади.
Боканинг айтишича, Брюссел сиёсий босим ўтказиш учун Европа Иттифоқи фондларидан фойдаланмоқда.
Украина фронтидаги аскарлар сони қанча?
Украина президенти Володимир Зеленский мамлакатни мудофаа қилишда иштирок этаётган ҳарбийлар сони ҳақида гапирди. Германиянинг ARD телеканалига берган интервюси асносида Зеленский айни пайтда 880 минг одам ҳарбий хизматга жалб қилинганини таъкидлади.
Зеленский Украинада миллион кишилик миқёсдаги армия фаолият кўрсатаётганига урғу берган. Бир вақтнинг ўзида 30 млндан ортиқ инсон меҳнат фаолияти билан шуғулланмоқда.
Мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Олексий Резников ўз постида хавфсизлик ва мудофаа соҳасига 1 млн киши жалб қилинганини таъкидлаганди. 2022 йилнинг ёзида Украина қуролли кучлари сафига 700 минг киши сафарбар қилинганини айтган эди.
2023 йилнинг декабрида Зеленский қуруқликдаги қўшинлар сони 600 мингга яқин эканини таъкидлаган эди. Шунга яқин — 617 минг россиялик аскарлар ҳақидаги рақамни Россия президенти Владимир Путин ҳам декабр ойидаги жонли мулоқотида келтирганди. Путин айни пайтда фронт чизиғида 244 минг сафарбар қилинган ҳарбийлар мавжудлиги, яна 486 минг ҳарбий Россия армияси билан шартнома имзолаганини қайд этган эди.
Германия украинадан чарчади
Германия Украинага ёрдам қилишдан чарчади ва бир ўзи бундай оғир юкни гарданида ортиқ олиб юриши мумкин эмас. Шу сабабли 1 феврал куни бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи саммитида ГФР Киевга ёрдам масаласини тенг тақсимлаш таклифини ўртада ташлайди, деган канцлер Олаф Шолц.
«Украинага умумий ёрдам ҳажмида Германиянинг улуши бу қадар катта бўлмаслиги керак. Кўп ишни бажариш барчамизнинг умумий мақсадимиз бўлиши керак, бироқ бошқалар ҳам янада кўпроқ ишлаши керак», — деган Шолц.
Шолцнинг қайд этишича, Россия ва Украина урушида «ҳал қилувчи палла» кириб келган. Берлин ҳамон Киевни қўллашда давом этмоқда. 2024 йилда Германия Украинани қўллаб-қувватлаш учун 7 млрд евро ажратади. Бу эса Европа Иттифоқидаги жами давлатларнинг Киевга ажратаётган умумий ёрдамининг ярмидан ҳам кўпроқ.
Германия — Европа Иттифоқи ичида Украинанинг бош ҳомийси ва жаҳонда Киевга ҳарбий ёрдам бўйича АҚШдан кейинги иккинчи давлат бўлиб турибди. 2023 йилда ГФР Киевга 5,4 млрд евролик ҳарбий ёрдам етказган. Урушнинг сўнгги икки йилида Германиянинг умумий ёрдами 25 млрд евродан ошган. Бу Европадаги иккинчи йирик ҳомий Данияникидан 5 баробарга кўпроқдир.
Дарвоқе, Европа Иттифоқи давлатлари элчилари Россиянинг музлатилган активларидан олинган даромадларни Украина учун сарфлашни маъқуллашди. Европа Иттифоқи бу маблағларни Украинани тиклаш учун молиялаштиришга йўналтирмоқчи.
«Байден четга чиқсин»
Республикачилар АҚШ президенти Жо Байдендан Техас штати Миллий гвардиясини назоратга олишдан ҳазир бўлишга чақирди. 26 та штатнинг бош прокурорлари Техаснинг Мексика билан чегарасини ноқонуний мигрантлардан мустақил қўриқлаш ҳуқуқини ҳимоя қилишини қўллаб, Байденга хат йўллашган.
«Сизнинг ҳаракатларингиз жуда оддий: қонунга итоат қилинг ва чегарани қўриқланг. Биз сизга эслатиб қўймоқчимизки, сиз Техас миллий гвардиясини назоратга олиш учун қонуний ваколатларга эга эмассиз», — дейилади хатда.
Айова штати бош прокурори Бренна Берднинг айтишича, «агар Байден маъмурияти давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва америкаликларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз ишини бажаришни истамаса, четга чиқиб, бу ишни штатларнинг ўзларига қўйиб бериши керак».
Гуржистондаги рокировкалар
Гуржистон бош вазири Ираклий Ғарибашвили истеъфога чиқди. У ўз партиясини 2024 йилги сайловларга тайёрлаш мақсадида ҳукумат раҳбарлигидан кетди.
«Жамоа билан муҳокама қилган қароримиз ҳақида оммани хабардор қилмоқчиман. Бугун мен бош вазир лавозимини тарк этаман», деган Ғарибашвили.
Сиёсатчи ўз истеъфосини 2024 йилда бўлиб ўтадиган президентлик ва парламент сайловлари билан изоҳлаган. Ғарибашвилининг айтишича, эндиликда у ҳукмрон партия раисига айланади.
Ўз навбатида, бош вазир лавозимини ҳукмрон партия раиси Ираклий Кобахидзе эгаллайди.
41 ёшли Ираклий Ғарибашвили Грузия бош вазири лавозимига илк бор 2013 йилда келган эди. Сўнгра, 2015 йил декабр ойида истеъфога чиқди. 2021 йилда яна ушбу лавозимда иш бошлади. Бунгача мамлакат мудофаа вазирлигини бошқарган эди.
Садир Жапаров яна сайланмоқчи
Қирғизистон президенти Садир Жапаров иккинчи президентлик муддатига ўз номзодини илгари суради. Бу хабарни унинг матбуот котиби Асқат Алагўзов тасдиқлаган.
“Узоқ муддатли ва стратегик муҳим лойиҳаларга старт берилгани ҳисобга олиниб, Садир Жапаровнинг янги, келгусидаги сайловларда иштирок этиши режалаштирилмоқда ва бу сиёсатдаги изчил қадам бўлади”, — деган у.
Жапаров 2021 йилнинг январидан президентлик лавозимини эгаллаб келмоқда. Келгусидаги сайловлар яна 3 йилдан сўнг ўтказилади. Қирғизистон конституциясига кўра, бир инсон фақат бир марта 7 йиллик муддатга президент этиб сайланиши мумкин.
Илон Маскдан яна янгилик
Дунёнинг энг бой одами Илон Маскка тегишли Neuralink компаниясии инсон миясига имплантни муваффақиятли пайванд қилган. Бизнесменнинг сўзларига кўра, Telepathy (Телепатия) деб аталган қурилмадан олинган дастлабки маълумотлар кўп нарсаларни ваъда қилмоқда.
Маскнинг айтишича, қурилма ёрдамида смартфон ёки компютерни фикр кучи ёрдамида бошқариш имконини беради. Бу биринчи навбатда қўл-оёқлари фалаж бўлган инсонлар учун яратилган.
«Тасаввур қилинг, Стивен Ҳокинг компютерда матн терувчи ёки аукцион даллолидан тезроқ мулоқот қила олган бўларди. Бизнинг мақсадимиз ҳам ана шу», — деган Маск.
Мавзуга оид
13:18 / 23.12.2024
Оташкесимга яқин келган Ғазо, пулини ўзгартираётган Эрон ва немис журналистларига босимлар — кун дайжести
13:59 / 21.12.2024
Сувсиз қолаётган ғазоликлар, Полшага боришдан чўчиётган Нетаняҳу ва Ғарбий Африканинг ягона валютаси — кун дайжести
14:33 / 20.12.2024
Яманни бомбалаган Исроил, Сурияга қайтаётган қочқинлар ва Россияда кўпхотинликка рухсат — кун дайжести
13:16 / 19.12.2024