Жаҳон | 20:18 / 02.02.2024
15050
4 дақиқада ўқилади

АҚШ фаластинликларга ҳужум қилган яҳудий кўчкиндиларга қарши санкциялар жорий қилди 

Санкциялар Ғарбий Соҳилда фаластинликларни кўчишга мажбурлаш учун зўравонлик қилган, таҳдид қўллаган ва мулкни йўқ қилиш ҳаракатларида бевосита иштирок этганларга қаратилган. АҚШнинг бу борадаги санкцион рўйхатига ҳозирча 4 нафар исроиллик киритилган.

АҚШ президенти Жо Байден / Фото: Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден Ғарбий Соҳилда фаластинликларга ҳужум қилишда айбланган тўрт нафар исроиллик кўчкиндига қарши санкцияларни маъқуллади. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда. 

Янги санкцияларга кўра, кўчкиндиларга Америка кўчмас мулки, активлари ва молиявий тизимидан фойдаланиш тақиқланади. 

Кўчкиндилар – Исроил томонидан 1967 йилги 6 кунлик урушдан кейин эгаллаб олинган ҳудудларда ташкил қилинган аҳоли пунктларига кўчиб ўтган яҳудийлар. 

Байден санкциялар билан бир вақтнинг ўзида фаластинликларга ҳужум қилган, таҳдид қилган ёки уларнинг мулкини тортиб олган ҳар қандай чет эл фуқаросига нисбатан чеклов чораларини қўллаши мумкин бўлган умумий фармонни ҳам имзолади. 

Байденнинг таъкидлашича, Ғарбий Соҳилда ўтган йилнинг 7 октябрида юз берган ҲАМАС ҳужумидан кейин кучайган зўравонликлар «қабул қилиб бўлмайдиган чегараларга» етган. 

БМТ маълумотларига кўра, бу вақт ичида Ғарбий Соҳилда 370 нафарга яқин фаластинлик ҳалок бўлган ва уларнинг аксарияти Исроил ҳарбийлари қўлидан ўлгани айтилган бўлса-да, камида 8 нафари яҳудий кўчкиндилар томонидан ўлдирилган. 

Президент маъмуриятининг юқори мартабали мулозимларига кўра, санкциялар «фаластин жамоаларини кўчишга мажбур қилган зўравонлик, қўрқитиш ва мулкни йўқ қилиш ҳаракатларида бевосита иштирок этганларга» қаратилган. 

Шу тариқа, санкция остига тушганлардан бири Ҳувара шаҳридаги фаластинлик тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган тартибсизликни уюштирган ва унга раҳбарлик қилган, яна бири эса фаластинликларга калтак билан ҳужум қилиб, уларга тош отган. 

Умуман олганда, АҚШ Молия вазирлиги Ғарбий Соҳилдаги исроиллик аҳоли пунктларида, шунингдек, босиб олинган ҳудудлар билан чегарада яшовчи тўрт нафар яҳудийга нисбатан санкциялар киритди. 

Давлат департаменти матбуот котиби Мэтю Миллернинг айтишича, АҚШ Исроилдан «кўчкиндилар зўравонлигида иштирок этганларни жавобгарликка тортиш учун кўпроқ ҳаракат қилишини» кутмоқда. 

Шу билан бирга, америкалик расмийлар президент фармони камситувчи эмаслигини ва тинч аҳолига нисбатан зўравонлик ҳаракатларини содир этган яҳудийларга ҳам, фаластинликларга ҳам тегишли эканлигини таъкидламоқда. 

Президент фармони имзоланганидан кўп ўтмай, Исроил Ғарбий Соҳилдаги кўчкиндиларнинг аксарияти қонунга бўйсунувчи фуқаролар эканини таъкидлаб, санкциялардан норозилигини билдирди. 

«Исроил қаерда бўлмасин, қонунбузарларга қарши чора кўради, шунинг учун бу борада қўшимча чоралар кўришга ҳожат йўқ», дейилади бош вазир Бинямин Нетаняҳу идораси баёнотида. 

Исроил расмийларининг бундай сўзлари Қўшма Штатлар ва Исроил ўртасидаги зиддият чуқурлашиб бораётганининг далили бўлди, деб ҳисобламоқда BBC. 

Икки давлат иттифоқчи бўлса-да, уларнинг етакчилари сўнгги ҳафталарда Яқин Шарқ можаросини ҳал қилиш борасида қарама-қарши баёнотлар берди. 

Қўшма Штатлар минтақада барқарорликни таъминлаш учун мустақил Фаластин давлатини («икки халқ учун икки давлат» деб номланувчи тамойил) яратиш зарур деб ҳисоблайди. Бироқ Нетаняҳу бунга бир неча бор қарши чиққан. 

Яҳудий кўчкиндиларга қарши санкцияларни жорий этиш ҳақидаги фармон Байденнинг кўп сонли араб америкаликлар истиқомат қиладиган Мичиганга ташрифи чоғида имзоланди. 

Америка Араб Институти маълумотларига кўра, Исроил-Фаластин можароси бошланганидан сўнг, Байденнинг Қўшма Штатлардаги араб жамияти вакиллари ўртасида қўллаб-қувватланиши 17 фоизгача пасайган (2020 йилда 59 фоиз эди).

Мавзуга оид