Жаҳон | 11:53 / 03.02.2024
25666
15 дақиқада ўқилади

СССР ва АҚШ ўртасидаги жосуслик ўйинлари – МРБдаги муҳим шахс нега КГБ жосусига айланганди?

1980-йилларда АҚШнинг МРБ ташкилоти КГБдаги бир қанча зобитларни ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлади. Улар орасида ҳатто генерал ҳам бор эди. 1985 йилда юқори лавозимли МРБ ходими советлар томонига ўтади ва америкаликларга хизмат қилаётган КГБ зобитларини ошкор қилади. Шундан сўнг КГБ ичида “ушла-ушла” бошланиб кетади. Қўлга тушганларнинг аксарияти ватанга хиёнатда айбланиб ўлим жазосига ҳукм қилинади.

Фото: milli.az

1950-йилларда бошланган «Совуқ уруш» даврида СССР ва Ғарб ўртасидаги алоқалар анча совуқлашади. Шу даврдан бошлаб ҳар икки томон жосуслик ўйинларига зўр беради.

Бунда советлардан кўра Ғарб давлатлари кўпроқ муваффақиятга эришади. Натижада кўплаб КГБ ҳамда совет ташқи разведка хизмати ходимлари АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси ва Британиянинг MI-5 ҳамда MI-6 ташкилотларига «сотилиб» кетишади.

Бироқ КГБ ҳам қўл қовуштириб турмаган. Бу ташкилот ҳам кўплаб ғарбликларни ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлган. Улардан бири МРБда юқори лавозимда ишлаган Эймс Олдрич эди.

Бу шахс КГБ билан ҳамкорликни 1980-йиллар бошида бошлаганди. Кейинчалик қўлга тушиб жуда узоқ муддатга қамалади. Ҳозир ҳам АҚШда қамоқхонада сақланяпти.

Олдрич Эймс

Олдрич Эймс 1941 йилда Висконсин штатидаги Ривер-Фоллс шаҳрида туғилган. Унинг ота-онаси ўқитувчи бўлган. 1952 йилда Олдричнинг отаси Марказий разведка бошқармасининг Виржиния штати бўлимига ишга киради.

1953 йилда уни оиласи билан уч йилга Жанубий-Шарқий Осиёга жўнатиб юборишади. Бироқ кўп ўтмай у маст қилувчи ичимликларга ружу қўйгани учун ортга қайтарилади ва МРБ маъмуриятида ишлай бошлайди.

Олдрич мактабни битиргач отасининг ёнига, МРБ маъмуриятига ишга боради, у ердаги архивда уч йил оддий хизматчи бўлиб ишлайди. 1959 йилда у Чикаго университетига ўқишга киради ва 2-курсда ўқишдан ҳайдалади.

Шундан сўнг у яна МРБга қайтиб боради ва енгилроқ ишларни бажариб юради. Бу орада Жорж Вашингтон университетига ўқишга кириб, уни битказади. Шу билан бирга Олдрич МРБдаги ишини давом эттиради.

Эймс Олдрич ёшлигида

1969 йилда 28 ёшли Олдрич МРБ ходими Нэнси Сегебартга уйланади. Шундан сўнг уни Туркияга жосус сифатида ишга юборишади. Бу ерда у совет фуқароларини жосусликка ёллаш билан шуғулланади.

1972 йилда Олдрич АҚШга қайтгач уни МРБнинг СССР ва Шарқий Европа бўлимига ўтказишади. Кейинчалик у МРБда турли вазифаларда ишлайди ва ташкилотнинг СССР ва Шарқий Европа бўйича бўлими бошлиғи вазифасига тайинланади.

АҚШ ва СССР қарама-қаршиликлари инобатга олинса, ўшанда Олдрич МРБнинг энг муҳим бўлимига бошлиқ бўлганди. 1980-йиллар ўрталарида КГБ Олдрични ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлади.

Бу 1974 йилдан 1988 йилгача КГБнинг Биринчи бош бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаган Владимир Крючковнинг муваффақияти деб талқин қилинади.

КГБ билан ҳамкорлик

Олдрич Эймснинг КГБ билан ҳамкорликни қандай бошлагани ҳақида турли гаплар юради. Уларнинг бирига кўра 1985 йил апрел ойида Олдрич СССРнинг Вашингтондаги элчихонасига борган ва қўриқчига хат берган.

Хатда “Мен Олдрич Хейзен Эймс МРБнинг СССР ва Шарқий Европа бўлими бошлиғи вазифасида ишлайман. Менга 50 минг доллар пул керак. Бу пул эвазига МРБга хизмат қилаётган КГБнинг юқори лавозимли уч ходими ҳақида маълумот бермоқчиман», дейди. Элчихонада у билан Виктор Черкашин учрашади.

Олдрич хотини ва фарзанди билан

Эртаси куни Олдрич ўз бошлиғи Дэвид Мерфига совет элчихонаси ходимларидан бирини МРБ томонга ағдариш учун элчихонага борганини, бироқ ходим билан учраша олмай қайтганини маълум қилади.

Ўшанда КГБ Олдрични текшириб кўришни ва ишончли деб топилса у билан алоқа қилиб туришни элчихона ходими ниқоби остида ишлаётган Виктор Черкашинга топширади.

Олдричнинг таклифи муҳокама қилинади ва у билан бафуржа учрашув ўтказишга келишилади. Иккинчи учрашув 1985 йил 17 май куни бўлиб ўтади ва унда Виктор Черкашин, Сергей Чувахин ва Олдрич Эймс қатнашади.

Шу учрашувда Олдрич совет жосусларига МРБ билан ҳамкорлик қилиб келаётган КГБ ходимлари Мартинов, Моторин ва Поляков ҳақида маълумот беради.

Бошқа бир талқинга кўра, 1985 йилда Вашингтондаги СССР элчихонасида ходим ниқоби остида ишловчи КГБ жосуси Виктор Черкашиннинг хонасидаги телефон жиринглайди. Гўшакни кўтарганида элчихона ходимларидан бири Сергей Чувахин унга қисқа ахборот беради: “Пастда, кириш эшигининг олдида бир одам турибди. У МРБда ишлашини айтяпти. Учрашув сўраяпти”.

Виктор МРБ ходимининг элчихонага келганини КГБ ходимларини навбатдаги ёлғон маълумотлар билан “озиқлантириш” учун навбатдаги уриниш деб ўйлайди.

Бироқ элчихона биносига кирган шахс ўзини таништирганда совет жосуси ҳайратда қолади. Ҳамкорлик қилишини таклиф этаётган меҳмон МРБнинг оддий ходими эмас, балки СССР ва Шарқий Европа бўлими раҳбари Олдрич Эймс эди.

Олдрич Эймснинг ҳибсга олиниши

Виктор Олдричнинг таржимаи ҳоли билан танишганда жиддий ва шубҳали ҳеч нарса топа олмайди. Отаси МРБда ишлаган. У ҳам отасининг изидан кетган. Садоқати учун мансаби кўтарилган, бироқ маошидан рози эмас.

СССР ташқи разведка ходимларини хавотирга солган ягона нарса бу Олдричнинг маст қилувчи ичимликларга мойиллиги эди. Олдрич буни Виктор билан учрашувда сездириб қўяди ва у қуйиб берган ичимликларни тўхтовсиз равишда ичиб ўтиради.

Бошқа бир талқинга кўра, Олдричнинг КГБ жосуслари билан ҳамкорлик қилишига унинг ёш ўйнаши, Колумбиянинг АҚШдаги консуллиги ходими бўлган аёл сабаб бўлган деган гаплар ҳам бор.

Олдрич исм-шарифи Мария дел Росарио Касас Дупи бўлган бу аёл билан Мексикада танишганди. Мария кейинчалик Колумбиянинг АҚШдаги консуллигига ишга ўтганди. Ўша пайтда Олдричнинг хотини бор эди ва аёл унга ўйнаш мақомида бўлган.

Мария ҳашаматли ҳаётни хоҳлар, шу учун Олдричга кам маошга ишлаётганини, бундан кўпроқ пул топа олиши мумкинлигини доим такрорлаб турган. Аёл Олдричга агар кўпроқ пул топмаса ташлаб кетиш билан таҳдид ҳам қилган.

Ўша пайтларда Олдрич хотини билан ажрашади. Шунда унинг барча пуллари ва мулклари хотинига ўтиб кетади ва у ҳеч вақосиз қолади. Бир томондан Мариянинг талаб ва хархашалари, иккинчи томондан ҳеч нарсасиз қолиш Олдрични совет элчихонасига 50 минг доллар сўраб боришга мажбур қилганди.

Умумий ҳисобда Олдрич КГБ билан 9 йил (СССР парчалангунча 6 йил, Россия мустақил бўлгач 3 йил) ҳамкорлик қилади. У шу давр мобайнида МРБ фойдасига ишлаб келаётган 12 нафар (бошқа манбаларда 25, ҳатто 40 нафаргача ҳам дейилган) КГБ ва ФСБ ходимларини ушлаб беради.

Булардан энг таниқлилари:

Дмитрий Поляков – СССР ташқи разведка хизмати генерал-майори Поляков МРБ билан ҳамкорликни 1960-йилларда бошлаган. Поляков берган маълумотлар асосида МРБ КГБнинг АҚШ, Европа ва Осиёдаги кўплаб жосусларини фош қилиб, қўлга туширган. Олдрич берган маълумот ортидан 1986 йилда ҳибсга олинган. 1988 йилда ўлим жазоси берилган.

Гегерал Поляковнинг ҳибсга олиниши

Геннадий Сметанин – СССР ташқи разведка хизмати полковниги. МРБ Сметанин билан ҳамкорликни 1983 йилда бошлаган. КГБ ва Ташқи разведка хизматининг махфий маълумотлар базаларига бемалол кира олган бу шахс МРБга жуда кўп махфий маълумотларни берган эди. Айнан Сметаниннинг маълумотлари асосида дунёнинг турли бурчакларида КГБ жосуслари фош этилган. 1985 йилда ушланган. 1986 йилда ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Алексей Кулак – КГБ полковниги. Олдричнинг маълумотига кўра, Кулак 1984 йил вафотигача МРБ билан ҳамкорлик қилган.

Владимир Пигузов – КГБ полковниги. 1985 йилда ҳибсга олинган. 1986 йилда ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Валерий Мартинов – КГБ подполковниги. Мартинов МРБ билан ҳамкорликни 1980 йилда бошлаган. У СССР ташқи разведка хизматининг Вашингтондаги бўлимида хизмат қилган. Мартинов МРБга асосан СССРнинг аэрокосмик ва энергетик соҳаларидаги махфий маълумотларни берган. 1986 йилда ҳибсга олинган. 1986 йилда ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Сергей Моторин – КГБ подполковниги. Моторин СССРнинг АҚШдаги элчихонаси ходими ниқоби остида Вашингтонда ишлаган. Пул эвазига МРБга турли махфий маълумотларни ошкор қилиб келган. 1986 йилда ҳибсга олинган. 1987 йилда ўлим жазоси берилган.

Леонид Полешчук – КГБ подполковниги. Полешчук КГБ ташқи разведка хизматидаги “К” бўлимини бошқарган. У МРБ билан ҳамкорликни 1970 йилдан бошлаган. КГБ Полешчук берган маълумотлар асосида Марказий ва Жанубий Африкада, Жанубий-Шарқий Осиё давлатларида кўплаб КГБ ва СССР Ташқи разведка хизмати ходимларини, совет жосусларини фош этади. У 1985 йилда ҳибсга олинган. 1986 йилда ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Борис Южин – КГБ подполковниги. 1985 йилда ҳибсга олинган. 1986 йилда 15 йилга қамалган. 1992 йилда Россия президенти Елцин томонидан афв этилган. Озод бўлганидан сўнг оиласи билан АҚШга кўчиб кетган.

Геннадий Вареник – КГБ подполковниги. 1985 йилда Ғарбий Берлинда хизматда юрган чоғида ҳибсга олинган. Москвага олиб келиниб суд қилинган ва ўлим жазоси берилган. 1987 йилда отиб ташланган.

Сергей Воронцов – КГБ майори. 1985 йилда ҳибсга олинган. 1986 йилда ўлим жазоси берилган.

Сергей Воронцов Ҳужжатли филмдан скриншот

Foreign Policy журналида ёзилишича, Олдрич БМТда ядро қуроллари бўйича совет делегацияси сафида ишлаган Сергей Федеренкони ҳам МРБ билан ҳамкорлик қилишда айблаган.

Бироқ бу айблов ўша вақтда ўз исботини топмаган. Кейинчалик Федеренко доимий яшаш учун АҚШга кўчиб кетади ва Олдричнинг айбловида қисман жон борлиги маълум бўлади.

СССР тарқаб кетгандан сўнг Москвадаги ҳамкорлари Олдричга Россияга кўчиб келишни таклиф этишади. Бироқ у кўнмайди ва КГБ билан ҳамкорликни давом эттиради. (ФСБ 1995 йилда ташкил этилган.)

Олдричнинг қўлга тушиши

Олдричнинг КГБ билан ҳамкорлик қилиши натижасида МРБ 1985 йилдан бошлаб СССРдаги кўплаб жосусларидан ва ҳамкорларидан ажралиб қолади.

1986 йилда СССРдаги ҳамкорлар ҳақидаги маълумотларни КГБга сотган ходимни аниқлаш учун ташкилотда махсус гуруҳ ташкил этилади. Бироқ улар бир неча йил “сотқин” кимлигини аниқлай олишмайди.

Олдричнинг қўлга тушишига том маънода унинг ҳашаматли ҳаёт кечириши сабаб бўлган. У совет даврида ва ундан кейин ҳам ўз “хизматлари” эвазига салмоқли сумма олган. 1990-йиллар бошида унинг 5 млн доллардан ошиқ пули бўлган.

Олдрич жуда ҳашаматли ҳаёт кечирган. Нархи 2-3 минг доллар турадиган қимматбаҳо костюм-шимлар кияр, олтин ва платинадан ясалган “Гуччи” соатларини тақарди.

Олдрич оиласи билан яшаган уй

 

Гуруҳ аъзоларидан бири Даяна Уортен Олдричнинг колумбиялик хотини Мария Розарио Эймс билан дугона бўлган. У билан тез-тез учрашиб турган. Олдричдан фарқли равишда хотини оддийроқ юрган.

Кунларнинг бирида Мария Даянани уйига парда илишга ёрдамга чақиради. Ана шунда Дайана Олдричнинг уйидаги қимматбаҳо буюмларни кўриб ҳайрон қолади.

Олдрич оддий машина минмас, “Ягуар”да юрарди. Охир-оқибат унинг ҳашаматли ҳаётга бўлган иштиёқи ва Даяна Олдричнинг уйида кўрган ҳолат 1989 йилда МРБ ходимларининг эътиборини тортади.

Улар “кўп қатори маош оладиган” Олдрич қиммат машинага, кийим-кечакларга ва буюмларга пулларни қаердан олаётганига қизиқа бошлашади. Шу тариқа Олдрич шубҳа остига тушади. Унинг ҳар бир қадами кузатувга олинади.

Кўп ўтмай МРБ ходимларининг ёнига ташқи разведка хизмати ва Федерал қидирув бюроси ходимлари ҳам қўшилади. Улар Олдрични биргалашиб кузатишади.

Кейинроқ шубҳа ортиб боравергач Олдричнинг барча телефон қўнғироқлари ва сўзлашувлари яширинча эшитилади. Ўзи бўлмаган пайтда уйи тинтув қилинади. Машинасига махсус ускуна ўрнатилади.

Унинг уйидан катта миқдордаги пул, қиммат сигаралар, шишаси 5 минг доллар турадиган спиртли ичимликлар ва АҚШнинг шарқий соҳилларидаги турли фоҳишахоналарнинг телефон рақамлари топилади.

Охир-оқибат Олдричнинг совет жосуслари билан ҳамкорлик қилиб келаётгани ва КГБ учун хизмат қилаётгани тасдиқланади. 1994 йилда Олдрич ва Марияни Вашингтон шаҳар четида жойлашган уйида ҳибсга олишади. Қўлларига кишан тақилаётганда у “Сизлар жуда катта хатога йўл қўйяпсизлар. Сизлар бошқа одамни ушладинглар”, деб бақиради.

Олдричнинг қўлга олиниши Фото: bbc.com

Олдрич ушлангандан сўнг АҚШ ва Россия ўртасида кичик можаро юз беради. МРБнинг юқори лавозимли ходими Москвага бориб Олдрич билан ҳамкорлик ҳақидаги барча маълумотларни сўрашади. КГБ рад этади. Шундан сўнг бир муддат Россияга кўрсатилаётган моддий ёрдам тўхтатиб қўйилади.

Кўп ўтмай МРБ раҳбари Жеймс Вулси истеъфога чиқади. Олдрич билан содир бўлган ҳодиса президент Клинтонгача етиб боради. У 1994 йилда Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси ходими ниқоби остида жосуслик қилиб келаётган Александр Лисенкони АҚШдан чиқариб юбориш ҳақидаги қарорни имзолайди.

Москва ҳам қараб турмайди. Бунга жавобан россияликлар АҚШнинг Москвадаги элчихонаси ходими ниқоби остида жосуслик қилиб келган Жеймс Моррисни Россиядан чиқариб юборишади.

Олдрич ва унинг хотини қўлга олингандан сўнг уларга бир нечта моддалар бўйича жиноят ишлари қўзғатилади. Уларнинг иккаласи ҳам ўз айбларини тан олишади ва КГБ билан ҳамкорлик ҳақидаги барча маълумотларни МРБга топширишади.

Ана шунда айнан Олдрич КГБга берган маълумотлар туфайли МРБнинг дунё бўйлаб 100 дан ошиқ махсус операциялари барбод бўлгани ойдинлашади.

1994 йилда Мария Эймсга 5 йил қамоқ жазоси беришади. Олдрич эса умрбод қамоқ жазосини олади. Оиланинг мол-мулки мусодара қилинади.

Кўп ўтмай Мария Эймс жазони ўтаб озодликка чиқади. Олдрич аввалига Пенсилвания штатидаги қаттиқ режимли Алленвуд қамоқхонасида сақланган. Ҳозир у Индиана штатидаги қаттиқ режимли Терре-Хот қамоқхонасида жазо ўтаяпти.

Олдрич қамоқхонада интервю бераяпти

Олдрич қамалгандан сўнг Россия томони бир неча бор америкаликларга уни алмаштириш бўйича таклиф билан чиқади. Бироқ Америка томони буни рад этиб келяпти.

Олдрич қамоқда ўтирган пайтида бир неча бор ОАВга интервю беради. Ўшанда у пулларни яхши кўришини, бироқ барча нарса капитал устига қурилган Америка сиёсатидан нафратланишини, ана шу нарса туфайли КГБ билан ҳамкорлик қилганини айтган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид