Жамият | 18:14 / 05.02.2024
9145
2 дақиқада ўқилади

Битта дарахтни ноқонуний кесганлик учун 30-100 миллион сўм атрофида жарима белгиланиши мумкин

Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ноқонуний дарахт кесганлик учун молиявий санкцияларни ошириш кўриб чиқилаётганини маълум қилди. “Тадбиркорлар орасида дарахт кесишини олдиндан билиб, уларга қўлланадиган жарималарни ҳам сметага қўшиб, қарор чиқарганлари бўлган. Молиявий санкциялар оширилса, ўша тадбиркор ҳам дарахтни кесиш ёки кесмаслик ҳақида ўйлайдиган бўлади”, – деди вазир.

Фото: Экология вазирлиги

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Gazeta.uz’га берган интервюсида дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жарима оширилиши кутилаётганини маълум қилди.

Унинг айтишича, айрим тадбиркорлар дарахт кесишини билиб, қурилишни бошлашдан олдин экоинспекция келиб жазолашини, молиявий санкцияни қўллашини ҳисобга олиб, шуни ҳам сметага киритиб қарорлар чиқарган.

Абдуҳакимов бундай ҳолатларга кескин жазолар қўллаш орқали курашиш мумкинлигини таъкидлади.

Ҳозир катта-катта дарахтларни кесса ҳам, бор-йўғи 1миллион 800 минг сўмдан 3 миллионгача тўлаб, қутулиб кетяпти. Буни 30 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача кўтарсак, бу, албатта, сезиларли бўлади. Эртага менман деган тадбиркор ҳам ҳисоблашни билади, кесиш керакми-йўқми деб ўйлайди”, – деди у.

Вазир маълумотига кўра, дарахтларни қонуний кўчиришга рухсат бериш ҳолатлари ҳам бор. Ва 5 мингга яқин дарахт шундай йўл билан кўчирилган. Бироқ у ҳали тўғри кўчириш амалиёти йўлга қўйилмагани, компанияларда кўчириш бўйича тажриба ва техника йўқлигини ҳам қўшимча қилди.

 “Шуни ҳам яхши тушунишимиз керакки, шаҳар ривожланяпти. Қанақадир жамоат манфаатларидан келиб чиқиб айрим дарахтларни кўчириб ўтқазишга тўғри келяпти. Ва бу, албатта, жамоат эшитуви асосида бўлади”, – деди у.

Мавзуга оид