Ўзбекистон | 12:01 / 05.02.2024
4564
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев ҳар йили боғча тарбиячиларининг атиги 9 фоизи малака ошираётганига эътироз билдирди

Мактабгача таълим агентлигига боғча мудиралигига номзодларни саралаш, уларни лавозимга тайинлаш тизимини ишлаб чиқиш, барча боғчаларда овқат, давомат, бадал пули каби жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш каби вазифалар берилди. Қолаверса, давлат раҳбари PISA тадқиқотларидаги паст натижаларни ҳам танқид қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев ҳар йили боғча тарбиячиларининг бор-йўғи ўртача 9 фоизи малака ошираётганига эътироз билдирди. Бундан ташқари, 12 мингта оилавий боғчада давлат таълим стандартидаги ўқув-методик материаллар етарли эмаслиги қайд этилди.

Мактабгача таълим агентлигига боғча мудиралигига номзодларни саралаш, уларни лавозимга тайинлаш тизимини ишлаб чиқиш, барча боғчаларда овқат, давомат, бадал пули каби барча жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш, 250 та давлат боғчасида таълим ва тарбия сифатини халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимини жорий қилиш топширилди.

Боғчаларни миллий қадриятларимизга мос ягона стандартлар асосида ўқув-методик материаллар билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, Мирзиёев бу йили мактаблар ва мактаб таълимига 46 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиши режа қилинганини айтиб, аммо таълимда ўтказилган PISA тадқиқотларида паст натижа бўлганини танқид қилди.

Математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича ўтказилган 2022 йилги PISA халқаро дастури натижалари соҳада қилинадиган ишлар ҳали кўплигини аниқ кўрсатди. Ёки 500 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий қилиниб, ҳақиқий билим қай даражада экани аниқланди. Ҳозирда 1-11-синфларда хорижий тилга ажратилган 984 соат доирасида ўқувчиларни ярми ҳам “B1” даражага эга бўла олмаяпти”,– деди у.

Шунингдек, айрим ҳудудлардаги малака ошириш марказларининг фаолияти кўринмаётгани ҳам эътирозга сабаб бўлди.

Мавзуга оид