Покистон собиқ бош вазири никоҳ шартларини бузгани учун 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Имрон Хон ва унинг хотини «идда» шартларини бузганликда айбланди.
Покистоннинг Равалпинди шаҳри суди собиқ бош вазир Имрон Хон ва унинг рафиқаси Бушро Бибини шаръий никоҳ шартларини бузгани учун 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Собиқ амалдор учун бу бир ҳафта ичида чиқарилган учинчи ҳукм, олти ой ичида эса тўртинчи ҳукм, деб хабар берди DW.
Қайд қилинишича, Хон ва Биби Қуръонда белгиланган «идда» муддатини бузган. Бу ажралишдан кейин никоҳ қурмай туриш учун мажбурий давр бўлиб, бу муддат ичида аёл турмушга чиқа олмайди.
Биби 2017 йилнинг ноябрида ажрашган ва камида уч ой кутиши керак эди. Шунга қарамай, у 2018 йил январ ойида Хонга турмушга чиққан. Хон бу меъёрни бузмаслик учун мулладан тўйни «идда» муддати тугаганидан кейин феврал ойида яна бир марта расмийлаштиришни сўраган.
Имрон Хон 2018 йилдан 2022 йилгача Покистон бош вазири бўлган, ўшанда парламент аъзолари ишончсизлик вотуми билан лавозимидан четлатилган. Шундан бери собиқ бош вазирга нисбатан 50 дан ортиқ жиноий иш қўзғатилди. Шу жумладан, терроризм бўйича ҳам.
Хон аввалроқ пул ювишда айбланиб, 3 йилга, давлат сирларини ошкор қилганликда айбланиб, 10 йилга ва коррупция иши бўйича рафиқаси билан бирга 14 йилга қамалган эди.
Эр-хотин барча айбловларни рад этмоқда ва жиноий ишларни сиёсий буюртма деб атамоқда.
8 феврал куни Покистонда федерал парламентга, шунингдек, мамлакатнинг тўртта асосий вилояти парламентларига умумий сайловлар бўлиб ўтади. Январ ойида суд Имрон Хоннинг PTI партиясига сайлов бюллетенида ўз логотипини қўллашни тақиқланган эди. Бу партиянинг натижаларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин, чунки Покистондаги сайловчиларнинг 40 фоизи саводсиз ҳисобланади ва партияларни фақат логотип орқали танийди.
Мавзуга оид
12:50 / 21.09.2024
Покистон Ўзбекистон иштирокидаги халқаро транспорт йўлагини ташкил этиш бўйича меморандумни имзолади
14:10 / 10.09.2024
Нидерландияда қотилликка ундаганликда айбланган икки покистонлик судланди
12:27 / 21.08.2024
Эронда покистонлик зиёратчиларни олиб кетаётган автобус ағдарилиб, 35 киши ҳалок бўлди
21:53 / 19.08.2024