Ўзбекистон | 19:06 / 05.02.2024
9176
1 дақиқада ўқилади

Хоразмда 81 туп дарахтни кесган фермерга жиноят иши очилди 

Табиатга етказилган зарар миқдори 618,1 млн сўм экани таъкидланмоқда. 

Фото: Экология вазирлиги

Хоразм вилояти, Гурлан туманида жойлашган «Х.О.» фермер хўжалиги раҳбари 81 туп дарахтни ноқонуний кесиб ташлагани аниқланди. Бу ҳақда Хоразм вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси хабар берди. 

Қайд қилинишича, фермер хўжалиги раҳбари Н.Х. томонидан табиий ҳолда ўсувчи, биологик соғлом 81 туп туронғил дарахти ноқонуний кесилган. Оқибатда, табиатга 618,1 млн сўм зарар етказилган. 

Ҳолат юзасидан фермер хўжалиги раҳбарига Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Бу модда бўйича жавобгарлик БҲМ 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

Мавзуга оид