Жамият | 15:34 / 05.02.2024
19655
2 дақиқада ўқилади

Янгийўлда туркиялик ҳайдовчи бошқарувидаги юк машинаси Nexia билан тўқнашди

ЙТҲ оқибатида юк машина тиркамасидаги маҳсулот тўкилиб, йўлнинг маълум қисмини тўсиб қўйган.  

Фото: ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати

Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ҳудудида юк машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.  

Маълум қилинишича, ҳолат 5 феврал куни соат тахминан 9:00 ларда М-39 “Тошкент-Термиз” автомобил йўлининг Янгийўл тумани ҳудудидан ўтган 837 кмда содир бўлган. Туркия фуқароси, 1974 йилда туғилган Л.С. бошқарувида бўлган, хорижий МЧЖга тегишли “Мерседес-Бенц” юк машинаси ўзи билан бир йўналишда келаётган, 24 ёшли У.Ж. бошқарувидаги Nexia машинасига урилиб кетган.  

ЙТҲ оқибатида тиркамадаги маҳсулот тўкилиб, йўлнинг маълум қисмини тўсиб қўйган ҳамда тирбандлик юзага келган.

Қайд этилишича, ЙТҲ оқибатида оғир тан жароҳати олганлар йўқ. Транспорт воситалари техник шикастланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Янгийўл тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Самарқанд вилоятининг Ургут туманида юк машинаси билан тўқнашган автобус ағдарилиб кетганди.

Мавзуга оид