Apple'нинг виртуал реаллик шлеми – Vision Prо нимаси билан одамларни ҳайратга солмоқда?
Apple Vision Pro АҚШда 3499 доллар бошланғич нарх билан сотувга чиқарилди. Нарх анча қиммат бўлишига қарамай, маҳсулотнинг биринчи партияси бир соат ичида тўлиқ сотилган. Қурилмада қўшимча бошқарув аксессуари йўқ, виртуал экранда кўринадиган объектлар кўз, овоз ва бармоқлар орқали бошқарилади.
Apple компанияси ўзининг янги маҳсулоти – Vision Pro виртуал реаллик шлемини сотувга чиқарди. Ҳозирча фақат АҚШда ва 200 минг дона чекланган миқдорда. Қурилма учун белгиланган қиммат нарх – 3500 доллар ҳам оммавий талабга таъсир қилмади ва маҳсулотнинг биринчи партияси бир соат ичида тўлиқ сотилди.
Apple Vision Pro нима?
Ўйин, иш ва бошқа кўнгилочар мақсадларга хизмат қиладиган бу жиҳоз виртуал воқелик оламида катта бурилиш ясаши кутиляпти. Унинг қўшимча бошқарув аксессуари йўқ. Бу гаджет орқали узоқ вақтдан бери кинолардагина акс этган жараён ҳақиқатга айланди. Уйдан чиқмасдан туриб дунёни айланиб чиқиш, кинотеатрга бормасдан ўша ердаги муҳитни ҳис қилиб кино кўриш мумкин.
Қурилмадаги тўлиқ 3 ўлчовли интерфейс фойдаланувчининг қўллари, кўзлари ва овози ёрдамида бошқарилади. Асосий бошқарув кўз ҳаракатлари орқали амалга оширилади. Объектларга қаралганда улар турган ўрнидан бироз силжийди ва катталашади. Клавиатура керак бўлганда эса виртуал шаклда пайдо бўлади. Илова ойналарини худди реал объектлар каби суриш, кўтариш, уларни истаган ўлчамда катталаштириш ёки кичрайтириш мумкин.
Умуман олганда, Vision Pro каби кўзойнаклар янгилик эмас, Meta ва Мicrosoft каби компаниялар ҳам уларнинг анча арзонроқ версиясини аллақачон тақдим қилиб улгуришган. Бироқ бу маҳсулотлар кутилганидек сифатли бўлиб чиқмади. Vision Pro қурилмасининг Apple маҳсулотлари билан синхронлашуви унинг оммалашувига ёрдам бериши прогноз қилинмоқда.
Apple Vision Pro нархлари
Виртуал реаллик шлемининг АҚШдаги бошланғич баҳоси 3499 доллардан бошланади. Нархлар техник имкониятлардан келиб чиқиб, қуйидагича ўзгаради:
- 256 ГБ хотирага эга Apple Vision Pro – 3499 доллар;
- 512 ГБ хотирага эга Apple Vision Pro – 3699 доллар;
- 1 ТБ хотирага эга Apple Vision Pro – 3899 доллар.
Техник хусусиятлари
Қурилмага 2 та 3D микро OLED дисплейлари ўрнатилган. Мослашувчан янгилаш тезлиги 90, 96, 100 Гц. Vision Pro Apple компаниясининг ўзи ишлаб чиқарадиган иккита чип – Macbook’ларга ўрнатилган М2 ва янги қурилма учун махсус яратилган R1’да ишлайди. Чиплардан бири гаджет ишлаши учун, иккинчиси эса барча сенсорлар, 12 та камера ва 6 та микрофондан олинган маълумотларни қайта ишлаш учун керак.
Қурилма 3166 мА·с қувватли аккумулятор билан жиҳозланган, 30 W зарядлаш режими мавжуд. Қуввати 2,5 соатгача видео томоша қилишга етади, узоқ вақт давомида ишлатиш учун уни тўғридан тўғри зарядлашга улаб ҳам фойдаланиш мумкин.
Хотираси: 256 ГБ, 512 ГБ ва 1 ТБ. Гарнитурани иложи борича енгил қилиш учун Vision Pro корпуси махсус алюминий қотишмасидан ясалган. Бош банди юмшоқ ва осонгина бошга мос келадиган тарзда созланади. Овоз модуллари бош бандига ўрнатилган — ҳар икки томонда иккита динамик мавжуд, бунинг натижасида тиниқ овоз таъминланади. Қурилмада расм ва видеога олиш учун тугмача ҳамда виртуал муҳит ўлчамини бошқариш учун ғилдиракли тугмача мавжуд. Оғирлиги: гарнитураси – 650 г, батареяси – 350 г.
Хавфсизлик Optic ID тизими орқали таъминланади. Бу тизим фойдаланувчи шахсини унинг нигоҳи орқали аниқлайди. Бундан ташқари, Apple EyeSight функциясини қўшган, бу тасвирни қулоқчин ичида жойлашган камералардан ташқи дисплейга трансляция қилиш имконини беради. Шу тариқа ташқаридагилар мазкур қурилмани ишлатаётган одамнинг реакцияларини кўришлари мумкин.
Мавзуга оид
00:31 / 18.12.2024
Конго Appleʼни ноқонуний қазиб олинаётган минераллардан фойдаланишда айблади
20:50 / 16.12.2024
Apple юпқа iPhone ва буклама қурилмаларни чиқаради – ОАВ
19:56 / 13.12.2024
Apple баъзи iPhone моделларини сотишни тўхтатади
18:13 / 12.12.2024