Жаҳон | 18:45 / 07.02.2024
12403
3 дақиқада ўқилади

Ҳонгконглик молиячи фирибгарларга 25 миллион доллар ўтказиб берди

Фирибгарлар уни пул ўтказишга мажбурлаш учун компания раҳбарияти тасвирланган дипфейк видеодан фойдаланишди. 

Фото: Seong Joon Cho / Bloomberg / Getty Images

Январ ойи ўрталарида фирибгарлар дипфейк ёрдамида трансмиллий компаниянинг Ҳонгконгдаги филиали молиячисини корпоратив ҳисоб рақамидан 25 миллион доллардан ортиқ пул ўтказишга мажбурлаган. Бу ҳақда Ҳонгконг полициясига таяниб, South China Morning Post хабар берди. Ходимнинг исми ва корпорация номи ошкор этилмади.

Дипфейк – бу компютер ёрдамида яратилган видео ёки аудио контент бўлиб, унда бир шахснинг юзи ёки овози жуда ишончли тарзда бошқа шахснинг юзи ёки овози билан алмаштирилиши мумкин. Бунинг учун сунъий идрок технологиялари, жумладан, машинани ўқитиш ва нейрон тармоқларидан фойдаланилади.

Ҳонгконг полицияси бошлиғи Барон Чан Шун-Чин сўзларига кўра, фирибгарлар биринчи навбатда молиячига компаниянинг Буюк Британиядаги бош молиявий директориники деб кўрсатилган сохта электрон почта хабарини юборишган. Унда улар 25,6 миллион долларлик «махфий пул ўтказиш»ни талаб қилишган.

Молиявий бўлим ходими бундан шубҳаланганда, фирибгарлар уни «раҳбарият» ва бошқа «ҳамкасблар» билан видеомулоқотга таклиф қилишади. Молиячининг сўзларига кўра, у ушбу йиғилишда қатнашган айрим ходимларни таниган ва улар ҳақиқий ҳаётдагидек кўринган. Бу суҳбатдан кейин фирибгарлар филиал ходими билан яна бир неча кун электрон почта, мессенжер ва видеоконференция орқали мулоқот қилишда давом этишади. Натижада, улар уни турли ҳисобларга 15 та пул ўтказмасини амалга оширишга кўндиришади. Молиячи уларнинг жиноятчи эканини бир ҳафта ўтгач, корпорациянинг ҳақиқий бош офиси билан боғланганида тушунади.

Полициянинг маълум қилишича, молиячи билан видео учрашувларда гаплашганларнинг ҳаммаси юзи ўзгартирилган фирибгар бўлган. Дипфейк яратиш учун улар компания ходимларининг оммавий очиқ видеоларидан фойдаланган. Суҳбат давомида улар мулоқотга киришмаган ва фақат кўрсатмалар берган. Шунингдек, фирибгарлар шу йўл орқали бошқа ходимларни ҳам пул ўтказишга ундаб кўришган, аммо муваффақиятсиз.

Нашрнинг қайд этишича, бу Ҳонгконгда молиявий жиноятлар учун дипфейк биринчи марта қўлланаётгани йўқ. Бироқ илгари фирибгарлар унчалик мураккаб бўлмаган усулларни танлашарди. Кўпинча жиноятчилар дипфейк орқали бировнинг номидан кредит олишга уринишган. Январ ойи бошида Ҳонгконг полицияси шундай жиноятларда айбланган 6 кишини ҳибсга олганини маълум қилган эди.

Мавзуга оид