Ўзбекистон | 17:39 / 07.02.2024
3833
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2023 йилда 9 131 киши оилавий зўравонлик қилгани учун жазога тортилгани маълум бўлди

Уларнинг 203 нафари Жиноят кодексининг 126-1-моддаси билан судланиб, 59 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ўзбекистонда 2023 йилда оилавий (маиший) зўравонлик қилгани учун жазога тортилганлар сони очиқланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов хабар берди.

Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 12 апрел кунидан йил охиригача Жиноят кодексининг 126-1-моддаси билан 203 нафар шахс судланиб, уларнинг 59 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 144 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси билан эса 8 928 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 5 229 нафарига жарима жазоси, 3 699 нафарига маъмурий қамоқ жазоси қўлланган.

Эслатиб ўтамиз, президент томонидан 2023 йил 11 апрелда имзоланган, аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонунга мувофиқ Жиноят кодекси 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 59-2-моддаси билан тўлдирилганди.

Жиноят кодексига киритилган мазкур тўлдиришда оилавий зўравонлик – хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш ҳуқуқини, соғлиқни сақлаш ёки меҳнатга оид ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкка ва шахсий ашёларга қасддан шикаст етказиш, ушбу шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш 6 млн сўмдан 21 млн сўмгача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган. Агар бу ҳаракатлар оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилса, 3 йилдан 12 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга кўра эса оилавий (маиший) зўравонлик учун 3 млн сўмдан 6 млн сўмгача жарима ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоқ белгиланган.

Мавзуга оид