Мирзиёев ва Лукашенко ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги кун тартибини белгилаб олди
Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард доллардан зиёдга етказиш вазифаси қўйилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко тор доирада ҳамда икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказди.
Давлат раҳбари учрашувни очар экан, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан янги, янада юқори босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади.
Беларуслик меҳмоннинг ушбу ташрифига тайёргарлик доирасида қатор тадбирлар, шу жумладан Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, ҳудудлар, ректорлар, тиббиёт ходимлари форумлари муваффақиятли ўтказилди.
Ҳукумат раҳбарлари, парламентлар, вазирлик ва ҳудудлар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Томонлар халқаро тузилмалар, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ доирасидаги сиёсий мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга аҳдлашиб олишди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий суръати мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йил якунларига кўра товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошди.
Ҳукуматлар олдига ушбу кўрсаткични яқин йилларда 1 миллиард доллардан зиёдга етказиш вазифаси қўйилди.
Шу мақсадда қўшма ташқи савдо компаниясини ташкил этиш, экспорт-импорт етказиб беришни қўллаб-қувватлаш механизмлари ва маҳсулотларни сертификатлаштириш электрон тизимини жорий қилиш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, томонлар юк ташиш учун қулай шароит яратиш, халқаро автомобилда ташувчиларни тайёрлаш, Жанубий Осиёнинг катта бозорларига элтувчи мултимодал коридорлардан самарали фойдаланишга келишиб олишди.
Кооперация алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Кейинги йилларда қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайди.
Кооперациянинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Булар – қишлоқ хўжалиги, енгил, озиқ-овқат ва электротехника саноати, фармацевтика, шаҳарсозлик, коммуникациялар ва бошқалар. Барча йўналишлар бўйича алоҳида ишчи гуруҳларни шакллантиришга келишиб олинди.
Етакчилар ҳудудлараро алмашинув фаоллашганини олқишладилар. Куни кеча ўтган Ўзбекистон ва Беларус ҳудудлари иккинчи форумининг самарали натижалари алоҳида қайд этилди: унинг якунлари бўйича қиймати 1 миллиард доллардан зиёд шартнома ва битимлар имзоланган.
Томонлар фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттиришга келишиб олдилар. Олий ва профессионал таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларида шерикликни ривожлантириш дастурлари қабул қилинади.
Йиғилишда расмий делегациялар аъзоларининг ҳисоботлари, музокаралар кун тартибидаги масалалар юзасидан аниқ таклифлари тингланди.
Учрашувлар якунида қабул қилинган қарорлар ва имзоланган келишувларни амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни тайёрлаш ва қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.
Мавзуга оид
22:17 / 07.11.2024
Лукашенко яна 31 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
14:30 / 05.11.2024
Лукашенко: РФ Беларус орқали Полша, Литва, Латвия ва Украинага ҳужум қилмоқчи эмас
13:10 / 24.10.2024
Лукашенко Мария Колесниковани афв этиш ҳақида ўйлаб кўришга тайёр
19:19 / 23.10.2024