Осиё қоплони популяциясини қайта тиклаш ниятидамиз — Шавкат Мирзиёев
Инсон омили таъсирида Ўзбекистон ҳудудида йўқолиб кетган йиртқич ҳайвон популяцияси тикланиши мумкин.
Устюрт платосида яшаган ва инсон омили таъсирида йўқолиб кетган Осиё қоплони популяциясини қайта иқлимлаштириш бошланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев БМТ Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенцияси Томонлар конференциясининг 14-йиғилиши иштирокчиларига йўллаган табригида айтиб ўтди.
Қайд қилинишича, сўнгги 50 йилда Марказий Осиёда эса 26 турдаги қуш, 12 турдаги сут эмизувчи, жумладан, Турон йўлбарси, Осиё қоплони ва бошқа эндемик турлар бутунлай йўқ бўлиб кетган.
«Биохилма-хилликни келажак авлодлар ва барқарор ривожланиш учун сақлаш, инсон ҳаётининг табиат билан уйғунлигини таъминлаш – бизнинг умумий мақсадимиздир. Бу бутун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни, мувофиқлаштирилган ва кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этади. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон трансчегаравий табиий парклар яратиш бўйича минтақа мамлакатлари билан яқин ҳамкорлик қилмоқда ва улар сонини кескин кўпайтириш ниятидамиз. Бир вақтлар Устюрт платоси кенгликларида яшаган ва инсон омили таъсирида йўқолиб кетган Осиё қоплони популяциясини қайта иқлимлаштиришни бошлаш ниятидамиз. Олимлар ва экспертларни бу йўналишда ҳамкорликка чорлаб қоламиз», дейилади табрик нутқида.
Осиё қоплони (лот. Acinonyx jubatus venaticus) илгари Яқин Шарқ ва Ҳиндистоннинг турли минтақаларида кенг тарқалган, аммо ҳозирги кунда фақат Эронда кичик популяция шаклида омон қолган. Осиё қоплонлари табиий ўлжа сонининг камайиб бориши, чорвадорлар ва подачи итлар томонидан таъқиб қилиниши, браконерлик оқибатида деярли йўқолиб кетган.
Ташқи томондан, у Африка қоплонидан деярли фарқ қилмайди (аммо улар орасидаги генетик фарқлар сезиларли), фақат жуни қисқароқ, урғочилари эркагидан кичикроқ.
2000-йиллар маълумотларига кўра, табиатда яшовчи Осиё қоплонлари 50-100 бошни ташкил қилади. 2017 йил ҳолатига кўра, Эронда ёввойи табиатда ушбу турнинг 40 бошга яқини яшамоқда, улардан 20 боши фотокамера-тузоқ ёрдамида суратга олинган.
Мавзуга оид
18:14 / 10.06.2024
Индонезияда беш метрлик бўғма илон аёлни бутунлай ютиб юборди
22:50 / 31.05.2024
600 мингдан ортиқ кўчат суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилган — Сенат
11:05 / 30.05.2024
Экологик вазиятни баҳолаш учун ягона мониторинг тизими ишга туширилади
20:14 / 29.05.2024