Ўзбекистон | 21:51 / 12.02.2024
5591
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда Сенат ва БМТ Аёллар ташкилоти ҳамкорлигида маслаҳатлашув ўтказилди 

12 феврал куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенати ва БМТ Аёллар ташкилоти билан ҳамкорликда «Гендер тенгликка эришишни тезлаштириш ва камбағалликни бартараф этиш, институтлар ва гендерга оид молиялаштиришни мустаҳкамлаш орқали барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» мавзусида маслаҳатлашув ўтказилди. 

Фото: Олий Мажлис Сенати

Тадбирда Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбойжоннинг парламент аъзолари, фуқаролик жамияти, ёшлар ташкилотлари ва илмий доиралар вакиллари, гендер экспертлар, БМТ ўндан ортиқ дастурлари, жамғармалари ва агентликлари, ҳамда гендер тенглиги ва аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш тарафдори бўлган хусусий сектор вакиллари иштирок этди. 

Олий Мажлис Сенати раиси, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоева тадбир иштирокчиларига видеомурожаат йўллади. 

«Бугунги кунда Марказий Осиё ва Озарбайжон давлатлари хотин-қизларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, зўравонлик ва камситишнинг олдини олиш, шунингдек, қарорлар қабул қилиш жараёнларида иштирокини таъминлаш борасида улкан ютуқларга эришди. Мамлакатларимизда гендер тенгликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар натижасида зарур тажриба ва амалиёт тўпланди, хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётда тўлиқ ва тенг ҳуқуқли иштирок этиши учун қулай шароитлар яратилмоқда. Биз давлатларнинг барча жабҳаларида аёллар ва эркаклар учун тенг шароитларни назарда тутувчи Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси мақсадларига эришиш сари босқичма-босқич бормоқдамиз. Шу мақсадда Ўзбекистон хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш тарафдори», деб таъкидлади Норбоева. 

Шунингдек, маслаҳатлашувларда минтақавий органлар – БМТ Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, Марказий Осиё мамлакатлари аёллар мулоқоти ва бошқалар иштирок этди. 

Маслаҳатлашувлар давомида институтлар ва гендерга оид молиялаштиришни мустаҳкамлаш аспектларини инобатга олган ҳолда камбағаллик муаммоларини ҳал қилишда тармоқлараро ҳамкорликни мужассамлаштириш ҳамда гендер тенгликни ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришни таъминлаш учун молиялаштиришдаги узилишларни бартараф этиш: гендер тенглик сиёсати ва бюджетларига таъсир кўрсатиш учун салоҳият ва маконини кенгайтириш каби мавзуларда муҳокамалар ташкил этилди. 

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан Бутунжаҳон ижтимоий адолат кунига бағишлаб видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган «Европа ва Марказий Осиёда ҳар бир авлод учун ижтимоий адолатни таъминлаш» мазусидаги халқаро вебинарда иштирок этди. 

Вебинарда Ижтимоий адолатни ҳар томонлама таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳамда ёшлар учун муносиб меҳнат, таълим олиш, ишга жойлаштириш борасида яратилган имкониятлар, тажрибалар, шунингдек, соҳада халқаро ҳамжамият хусусан, ХМТга аъзо давлатлар олдида турган вазифалар хусусида сўз юритилди, ўзаро фикр алмашилди. 

Анжуман иштирокчилари, хусусан Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда БМТнинг ЮНИСЕФ болалар жамғармаси вакиллари томонидан Ўзбекистонда сўнгги йилларда муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш, инсон ҳуқуқларини, хусусан, бола ҳуқуқлари ва кафолатларини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш, ушбу соҳаларга оид миллий қонунчиликни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак баҳоланди. 

Тадбир сўнгида Халқаро меҳнат ташкилоти шафелигида бу каби мулоқот майдонларини янада кенгайтириш, ижтимоий адолат тамойилларини илгари суриш борасида илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашиш ишларини кучайтиришга келишиб олинди. 

Мавзуга оид