Жаҳон | 21:08 / 13.02.2024
10103
3 дақиқада ўқилади

Байден илк бор Исроилнинг Рафаҳдаги ҳарбий амалиётини танқид қилди

Америка раҳбари Ғазода кўп минглаб фаластинликлар қурбон бўлганини тан олди.

Фото: Andrew Harnik/AP

АҚШ президенти Жо Байден илк бор Исроилнинг Рафаҳдаги ҳарбий амалиётини танқид қилди. Америка президенти Иордания қироли Абдулла II билан ўтказган матбуот анжуманида фаластинликларга ҳамдардлик билдирди ва анклавдаги қурбонлар сонини тилга олди, шунингдек, Исроил ўз амалиётини тинч аҳоли хавфсизлигини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириши кераклигини қўшимча қилди. 

Қўшма Штатлар можаро пайтида биринчи марта Ғазо секторида ўн минглаб фаластинликлар ҳалок бўлганини тан олди. 

«Фаластин халқи, худди исроилликлар каби, тасаввур қилиб бўлмайдиган оғриқ ва йўқотишларни бошдан кечирди. Бу можарода жуда кўп, 27 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Юз минглаб одамлар озиқ-овқат, сув ва бошқа асосий эҳтиёжларга эга эмас. Қариндошларини йўқотган кўплаб оилалар уларга мотам тута олмаяпти. Уларни дафн этиш ҳам хавфсиз эмас. Бу юракни эзади», деди Байден. 

Байден Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳудан Фаластиннинг тинч аҳолиси хавфсизлиги учун режа тақдим этишини кутаётганини айтди. 

Айни пайтда Рафаҳда бир ярим миллионга яқин одам бошпана топган. Булар Ғазо секторининг бошқа ҳудудларидаги бомбардимондан қочган одамлардир. Бу шаҳар Фаластин анклавининг жанубида Миср билан чегарада жойлашган. 

Бир кун аввал Рафаҳ Исроил ҳаво кучлари томонидан бомбардимон қилинди. Шаҳарга 50 дан ортиқ ҳаво ҳужумлари амалга оширилди. Турли маълумотларга кўра, 160 киши ҳалок бўлган. Улар орасида аёллар ва болалар ҳам кўп. 200 дан ортиқ жароҳатланган, Рафаҳ касалхоналари қурбонлар оқимига бардош бера олмаяпти. Тез ёрдам машиналари, каравот ва жиҳозлар етарли эмас. 

Фаластинликлар Исроилнинг Рафаҳда ҳарбий амалиёт бошлашини даҳшат билан кутмоқда. Бу шаҳар Ғазо сектори шимолида Исроил армиясининг ҳарбий босқинидан сўнг кўпчилик учун сўнгги бошпана бўлди ва унинг атрофида қочқинлар учун кўплаб чодирлар жойлашган. Миср билан чегара ёпиқ, одамларнинг урушдан қочадиган бошқа жойи йўқ.

Мавзуга оид