Жаҳон | 23:01 / 13.02.2024
22724
2 дақиқада ўқилади

Россия-Украина уруши янги босқичга кирмоқда — Сирский

Украина ўз қуролларини ишлаб чиқаришга ўтмоқда, аммо бу ҳали етарли эмас, деди Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский. 

Олександр Сирский

Украина қурол ишлаб чиқаришда фақат шерикларига эмас, аввало ўзига таяниши керак. Бу ҳақда Германиянинг ZDFN нашрига берган интервюсида Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский маълум қилди. 

«Бундай кўлам ва муддатдаги жанглар Иккинчи жаҳон урушидан бери бўлмаган. Ҳар бир операция бир неча ой давом этмоқда. Албатта, бу қуроллар етарли эмас, улар танқис. Ҳатто ишлатилаётган қуролларнинг ҳам яроқлилик муддати бор. Ҳар қандай замбарак маълум миқдордаги снарядларни отади, шундан сўнг уни ўзгартириш керак. Бу нафақат одамлар, балки иқтисодиёт урушидир», деди бош қўмондон. 

У, шунингдек, Украина ўзининг Ғарб ҳамкорлари иқтисодиётига умид боғлаётганини қўшимча қилди: «Коллектив Ғарб иқтисодиёти ҳам бизга ёрдам бериши керак. Чунки биз курашяпмиз ва ўзимиздаги энг қимматли нарсамиздан фойдаланмоқдамиз – бу бизнинг халқимиз, миллатимиз гули. Четдан ёрдам йўқ – биз ўз ишлаб чиқаришимизни йўлга қўйишимиз керак. Бу аллақачон жараёнда, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишимиз керак. Чунки, биринчи навбатда, биз фақат ҳамкорларимизга эмас, ўзимизга таянишимиз керак», деди у. 

Сирскийнинг сўзларига кўра, фронтда қуруқликдаги дронлардан фойдаланиш бошланди. Бу Украина ҳарбий хизматчиларининг ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради. 

«Энди биз ҳар куни дронларнинг роли қандай ортиб бораётганини кўриб турибмиз. Бу уларнинг ҳар куни ҳар икки томонда ҳам кўпроқ қўлланилиши билан боғлиқ. Энди барча даражадаги ҳарбий қўмондонлар уруш кўламини тўлиқ кўра олади. Илгари улар фақат хандақда ўтирган ҳолда, жанг майдонини қисман кўрар эди. Энди улар жанговар ҳаракатлар манзарасини тўлиқ кўрмоқда. Дронлар бутун фронт бўйлаб қўлланади. Ушбу қурол урушда технологик тараққиётнинг аҳамиятини оширди», деди бош қўмондон. 

 

Мавзуга оид