Жаҳон | 20:50 / 14.02.2024
8240
2 дақиқада ўқилади

Индонезия мудофаа вазири президентлик сайловида ғалаба қозонганини эълон қилди

ОАВ маълумотларига кўра, Субианто 57-60 фоиз овозни қўлга киритган. Расмий натижалар 1 ой муддатда эълон қилиниши мумкин. 

Фото: Getty Images

Индонезия мудофаа вазири Прабово Субианто 14 феврал куни мамлакатдаги президентлик сайловида ғалаба қозонганини маълум қилди. 

«Овозлар тез санаб чиқилганидан миннатдормиз. Биз ғалабадан мағрур ва ҳаддан ташқари хурсанд бўлмаслик керак, камтарлик кўрсатишимиз лозим. Бу ғалаба бутун Индонезия халқининг ғалабаси бўлиши керак», деб унинг сўзларини келтирди AP. 

Ҳозирча Марказий сайлов комиссияси унинг ғалабаси ҳақида ҳеч қандай хабар бермади. Субианто рақиблари ҳам мағлубиятни тан олмади. 

ОАВ ихтиёридаги exit-poll маълумотларига кўра, Субианто 57-60 фоиз овозни қўлга киритган. Овозларни тўлиқ санаб чиқиш ва расман эълон қилиш учун 35 кунгача вақт кетиши мумкин. 

Ғалаба қозониш учун номзодлар биринчи босқичда 50 фоиз овоз тўплаши керак. Агар улардан ҳеч бири бу мақсадга эришмаса, энг юқори фоизга эга бўлган икки номзод ўртасида иккинчи тур ўтказилади. Агар тайинланса, у 26 июн куни бўлиб ўтади. Янги президент инаугурацияси 20 октябрда бўлиб ўтади ва икки ҳафта ичида вазирлар маҳкамаси тайинланиши керак. 

Субианто ўзини мамлакатдаги энг машҳур президент Жоко Видодо (у Индонезияни 2014 йилдан бери бошқариб келади) сиёсатининг давомчиси сифатида кўрсатади. Шу билан бирга, Субианто Индонезиянинг амалдаги президентининг ўғлини эҳтимолий вице-президент сифатида танлади.

Мавзуга оид