Жаҳон | 14:46 / 14.02.2024
23114
6 дақиқада ўқилади

Рус нашрлари украинлар полигонига зарба берилгани, ўнлаб ва ҳатто юзлаб ҳарбийлар ҳалок бўлганини хабар қилди

Украина қуролли кучлари бу хабарларни Россиянинг «ўзининг катта миқдордаги йўқотишларидан эътиборни чалғитишга қаратилган» дезинформацияси деб атади.

Фото: Viktor Fridshon / Global Images Ukraine / Getty Images

13 феврал куни кундузи россиялик ҳарбий мухбирлар ва Z-каналлар Россия қўшини Украина қуролли кучларининг Донецк области Покровск райони Селидово шаҳридаги ўқув полигонига ракета зарбаси бергани ва бу зарба оқибатида юзлаб украин ҳарбийлари ҳалок бўлгани ҳақида ёзишди. Украина қуролли кучлари эса бу хабарларни дезинформация деб атади.

Селидово бўйлаб зарба берилгани ҳақида биринчилардан бўлиб «Комсомолская правда» мухбири Александр Коц хабар тарқатди. У ўз телеграм-каналида полигон «гўштқиймалагичга айлангани»ни айтиб, Украина қуролли кучларининг янги бош қўмондони Олександр Сирскийни «генерал 200» деб атади. Яна бир россиялик «военкор», Юрий Котёнок эса «бир неча ўн қурбон» ва юздан ортиқ ярадор ҳақида ёзди. У украин пабликлари бу зарба бўйича «максимал даражада сукут сақлаши», чунки бу Сирский учун «жуда ёмон воқеа» бўлганини таъкидлади.

Mash телеграм-канали ҳам бирор манбага ҳавола қилмаган ҳолда Селидовода Украина ҚКнинг бир ярим мингга яқин ҳарбий хизматчиси бўлгани, улар Авдийивкага юборишга тайёрлангани ҳақида хабар тарқатди. Mash қурбонлар ва яраланганлар сонини ҳам бирор манба келтирмасдан 300 дан 1500 гача баҳолаган. Шу билан бирга, канал муаллифлари ўнлаб украин ҳарбийлари очиқ майдонда тургани акс этган видеони намойиш этиб, айнан шу видеодаги ҳарбийлар зарба остида қолганини билдирган, лекин бу видео ижтимоий тармоқларда 2023 йил ноябр ойида тарқалганди.

Селидово бўйлаб зарба ҳақида ТАСС давлат агентлиги ҳам ёзган — Олий раданинг собиқ депутати Игор Мосийчукка таянган ҳолда. Мосийчук Селидоводаги воқеа ҳақида ўз телеграм-каналида ёзиб, «бу ерга зарба келиб тушгани» ва «қурбонлар ва ярадорлар тўғрисида ҳозирча аниқ маълумот йўқлиги»ни билдирган. Собиқ депутат ҳужум ҳақидаги маълумотни қаердан олганига аниқлик киритмаган.

Rybar телеграм-канали Россия қўшини 13 феврал куни кундузи Селидоводаги нишонлар бўйлаб давомли зарбалар йўллагани ва «рақибнинг йирик вақтинча жойлашув манзили»ни аниқ нишонга олгани ҳақида ёзган. Канал маълумотига кўра (бу ҳақда бошқа ҳарбий мухбирлар ҳам ёзишган), зарба «Искандер» ракета комплексидан кассетали ўқ-дорилар қўлланган ҳолда берилган. Телеграм-канал жабрланувчиларнинг аниқ сонини келтирмаган, «юзлаб қурбонлар тўғрисидаги маълумотни тасдиқлаш жуда қийин» эканини таъкидлаган. Шу билан бирга, Rybar’нинг тасдиқлашича, ҳодисадан кейин ҳудуд иҳоталанган ва у ерда «Украина хавфсизлик хизмати иш бошлаган». Шунга асосланган ҳолда телеграм-канал бу ерда жиддий нишонга зарба берилгани ҳақида хулоса қилган: «ёки катта миқдордаги шахсий таркиб, ёки юқори мартабали украин зобитлари».

Украина томонидан бу зарба ҳақидаги хабарга «Таврия» қўшинлар гуруҳи қўмондони Олександр Тарнавский муносабат билдириб, уни «россияликлар дезинформацияси» деб баҳолаган.

«Россиялик пропагандачилар Донецк области Селидово яқинида гўёки Украина мудофаа кучлари йўқотишга учрагани ҳақида дезинформация кампанияси бошлади. Бу россияликларнинг ахборий-психологик операцияси (ИПСО). Шу тариқа, душман ўзининг Тавр йўналишидаги ҳар кунлик катта йўқотишларидан эътиборни чалғитмоқда», — деган Тарнавский.

У Покровск райони ўққа тутилгани ҳақидаги хабарни изоҳларкан, 13 феврал куни соат 11 атрофида Россия қўшини «Ураган» баравар ўт очиш реактив тизимидан Цукурино посёлкасига (у Селидоводан тахминан саккиз километр жанубда жойлашган) зарба берганини айтган. Тарнавскийнинг маълумотига кўра, бу зарба оқибатида жабрланганлар бўлмаган.

Цукурино бўйлаб берилган зарба ҳақида «Суспилне» телеканали ҳам Селидово ҳарбий маъмурияти постига асосланган ҳолда хабар берган. Унда «Ураган» зарбаси оқибатида иккита икки қаватли турар жой, енгил автомобил ва электр тармоғи линияси шикастлангани айтилган.

Тарнавскийнинг баёнотидан кўп вақт ўтмасдан Россиянинг «Южний фронт» ҳарбийлашган телеграм-канали зарба видеосини намойиш этди ва бу зарбалар Украина қуролли кучларининг Цукуринодаги «ҳарбий техникалари тўпланиб турган жой»га берилгани маълум қилинди. Канал маълумотига кўра, украин кучларининг ушбу зарба оқибатидаги йўқотишлари 30 кишигача етади. Шунингдек, хабарда бир неча ҳарбий машиналар ва омборлар йўқ қилингани айтилган (видеонинг тўлиқ версиясида камида битта зирҳли машина ёнаётгани кўринган). «Южний фронт» гап россиялик ҳарбий мухбирлар аввалроқ ёзган зарба ҳақида кетаётгани бўйича аниқлик киритмаган.

«Медуза»нинг «Разбор» бўлими ушбу каналда жойланган видеода чиндан ҳам Цукурино акс этгани ва зарба кассетали ўқ-дорилар билан берилганини тасдиқлаган. Россия пабликлари ҳозирча Селидово бўйлаб берилган зарба акс этган бошқа видеоларни намойиш этмаган.

Селидово анча вақтдан буён шиддатли ва оғир жанглар кетаётган Авдийивкадан 40 километр масофада жойлашган — ва Россия қўшинлари томонидан тез-тез ўққа тутиб турилади. Хусусан, 13 феврал тонгида Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкин Селидово бўйлаб берилган зарба оқибатида тинч аҳоли вакилларидан уч киши жабрлангани ҳақида маълум қилганди.

Россия мудофаа вазирлиги Селидово бўйича расмий маълумот бермаган.

Мавзуга оид