Жаҳон | 01:20 / 15.02.2024
11255
4 дақиқада ўқилади

Исроил-ҲАМАС музокаралари: АҚШ жараён тўғри йўналишда кетаётганини айтди

Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида ҲАМАС ва Исроил вакиллари ўртасида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича воситачилар орқали музокаралар давом этмоқда. 

Фото: Reuters

BBC хабарига кўра, бир кун аввал АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бёрнс ва Исроилнинг «Моссад» разведка хизмати раҳбари Дэвид Барнеа Миср ва Қатар воситачилари билан учрашди. Шунингдек, ҲАМАС делегацияси ҳам воситачилар билан учрашиш учун Қоҳирага борган.

Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос ҲАМАС ҳаракатини имкон қадар тезроқ келишув тузишга чақирган.

Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини кескин қоралаган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам Қоҳирада Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий билан музокара ўтказиши кутилмоқда.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби музокараларни конструктив ва тўғри йўналишда кетаётганини айтди.

Бироқ Вашингтон Рафаҳда тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича «ишончли режасиз» қуруқликдаги ҳеч қандай операцияни қўллаб-қувватламаслигини бир неча бор очиқлаб келган.

Ғазо секторининг жанубидаги Миср билан чегарадош Рафаҳ шаҳри анклавдаги Исроил қўшинларининг кенг кўламли операцияларидан ҳозиргача четда қолган сўнгги йирик аҳоли пунктидир. Шунингдек, у Ғазога гуманитар ёрдам олиб кирувчи асосий транзит нуқтаси ҳисобланади.

11 феврал куни тунда Исроил мудофаа кучлари Ғазо сектори шимолидан қочган бир ярим миллионга яқин одамга бошпана берган Рафаҳга фаол ҳаво ҳужумларини бошлади. 

БМТ гуманитар масалалар бўйича раҳбари Мартин Гриффитснинг айтишича, ҳар қандай ҳарбий операция «қатлиомга олиб келиши мумкин».

БМТ Бош котиби матбуот котиби Стефан Дюжаррик сўзларига кўра, БМТ аҳолининг мажбурий эвакуацияларида иштирок этмайди. Унинг сўзларига кўра, ҳозир асосийси жанговар ҳаракатларда танаффус ва гаровга олинганларни озод қилишга эришишдир.

АҚШ президенти Жо Байден Рафаҳдаги тинч аҳоли ҳимояга муҳтожлигини айтди ва улар энди ҳимоясиз қолганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, шаҳардаги ҳар қандай йирик ҳарбий амалиёт у ерда яшовчи аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ишончли режасиз амалга оширилмаслиги керак.

«Биз бошиданоқ фаластинликларнинг Ғазодан ҳар қандай мажбуран кўчирилишига қарши эканимизни аниқ айтдик», деб қўшимча қилди у.

12 феврал куни исроиллик ҳарбийлар Рафаҳда гаровга олинган икки исроилликни озод қилди. Бироқ, ҳарбийларнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳозиргача фақат уч нафар исроиллик, шу жумладан бир аёл аскар қутқарилган холос.

Ўтган йили бир ҳафта давом этган сулҳ давомида Исроил қамоқхоналаридаги 240 нафар фаластинлик маҳбуснинг озод этилиши эвазига 100 дан ортиқ исроиллик озод этилган эди. Декабр ойида Исроил кучлари адашиб ҲАМАС томонидан гаровга олинган уч кишини ўлдириб қўйди. Исроил расмийларига кўра, 7 октябр куни гаровга олинган 30 га яқин одам ҲАМАС ҳужумида ёки Ғазода асирликда ҳалок бўлган.

Исроил эса анклав жанубида амалиётларини давом эттирмоқда. 14 феврал куни Исроил ҳарбийлари Хон Юнисдаги Носир касалхонасини эвакуация қилиш ҳақида буйруқ берди. Эвакуация буйруғи фақат у ерда бошпана топган кўчкиндиларга тегишлими ёки беморлар ва тиббиёт ходимларига ҳам тегишлими, аниқ эмас.

Мавзуга оид