Трамп сайловда ғалаба қозонса, Россия ва Украинани музокараларни давом эттиришга мажбурламоқчи — ОАВ
Собиқ президент ва маслаҳатчилари Украина ва Россияга босим ўтказиш йўлларини топиб қўйгани таъкидланмоқда.
Доналд Трамп 2024 йил ноябрида бўлиб ўтадиган АҚШ президенти сайловида ғалаба қозонса, томонларни тинчлик музокараларига қайтишга мажбурлаш учун Россия ва Украинага босим ўтказиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Сиёсатчининг маслаҳатчилари Трамп билан Россия ва Украинани музокара столига «ўтқазиш» имкониятини муҳокама қилган. Украинанинг музокараларга қайтиш қарорига АҚШ ҳарбий ёрдамини тўхтатиш ҳақидаги ваъда таъсир қилиши мумкин. Ўз навбатида, Россияга, аксинча, Қўшма Штатлар томонидан Киевни қўллаб-қувватлаш кучайиши билан таҳдид қилиниши мумкин.
Трампнинг бир қанча маслаҳатчилари, жумладан Ларри Кудлоу ва Роберт О´Брайен ҳам Путиннинг урушни давом эттириш қарорига таъсир ўтказиш учун Россия Марказий банкига қарши санкцияларни кучайтиришга очиқ ойдин чақиришган эди.
Ҳозирча Трамп жамоасидан ҳеч ким россиялик ва украиналик воситачилар билан музокаралар олиб бормаяпти, чунки АҚШ қонунчилиги хусусий шахсларга мамлакат ҳукумати номидан бундай даражада музокара олиб боришни тақиқлайди.
Бундан ташқари, Трампнинг иттифоқчилари «икки босқичли НАТО» ғоясини муҳокама қилмоқда. Бунда НАТО шартномасининг 5-моддаси фақат мудофаа харажатлари мақсадларига эришган мамлакатларга тааллуқли бўлади. Трампнинг баъзи иттифоқчилари ҳам НАТО ташкилотидаги ортда қолган мамлакатларга янги тарифлар жорий этиш тарафдори.
Bloomberg таъкидлаганидек, агар бу ташаббуслар амалга ошса, улар ўн йилликлар давомидаги АҚШ ташқи сиёсатини тубдан ўзгартиради ва «Совуқ уруш» давридан бери Европа хавфсизлигини белгилаб берган НАТО бўлинишига олиб келади.
2023 йил июн ойида Доналд Трамп Украина урушни тўхтатиши учун Россияга баъзи ҳудудларни беришга мажбур бўлиши мумкинлигини тан олган эди. Украина расмийлари урушни тугатишнинг асосий шарти Россия қўшинларини мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетиш деб ҳисобламоқда. Россия Киевдан ўзи босиб олган ҳудудларни Россияники деб тан олинишини талаб қилмоқда. Москва мунтазам равишда Киевни уруш бошида бўлиб ўтган музокараларни тўхтатганликда айблаб келади.
Трамп бир неча бор Қўшма Штатлар НАТО учун жуда кўп куч ва пул сарфлаётганини таъкидлаган, шунингдек, мамлакатни Шимолий Атлантика алянсидан чиқариш билан таҳдид қилган.