Жаҳон | 21:58 / 15.02.2024
25350
2 дақиқада ўқилади

Япония энди дунёдаги учинчи йирик иқтисодиёт эмас

Германия уни қувиб ўтишга эришди, етакчилик Қўшма Штатларга тегишли, иккинчи ўринда – Хитой. 

Фото: AP

Япония дунёдаги учинчи йирик иқтисодиёт мақомидан айрилди, бу ўринни Германияга бой берди, деб ёзди Bloomberg. Етакчилик Қўшма Штатларга тегишли, иккинчи ўринда – Хитой. 

Япония иқтисодиёти ички талаб сусайгани туфайли кетма-кет икки чорак қисқарди, сўнгра, кутилмаганда рецессияга тушиб қолди. Япония ҳукуматининг хабар беришича, мамлакат ялпи ички маҳсулоти учинчи чоракда 3,3 фоизга, тўртинчи чоракда 0,4 фоизга қисқарган. Ҳам бизнес, ҳам уй хўжалиги харажатлари кетма-кет учинчи чоракда камаймоқда. 

Декабр ойида уй хўжаликлари харажатлари ўтган йилга нисбатан 2,5 фоизга камайди, чунки иш ҳақи инфляциядан заифроқ суръатда ўсди. Охирги чоракда бизнес харажатлари ҳам 0,1 фоизга камайди. 

Аксарият таҳлилчилар Япония банки 2007 йилдан бери биринчи марта апрел ойигача асосий ставкасини оширишини башорат қилишган, бироқ заиф иқтисодий кўрсаткичлар туфайли регуляторга бу қарорни қабул қилиш қийинроқ бўлиши таъкидланмоқда. 

Ўтган йилнинг кузида Bloomberg ХВФ прогнозларига таяниб, Германия 2023 йилда Японияни ортда қолдириб, АҚШ ва Хитойдан кейин дунёнинг учинчи йирик иқтисодиётига айланишини ёзган эди. ХВЖ маълумотларидан маълум бўлишича, 2023 йилда Япония ялпи ички маҳсулоти 4,23 триллион АҚШ долларини, Германия ялпи ички маҳсулоти эса 4,43 триллион АҚШ долларини ташкил қилади. ХВФ прогнозларига кўра, Германия иқтисодиёти 2024-2025 йиллар давомида Япония иқтисодиётидан кучлироқ бўлади.

Мавзуга оид