Германия Украинага 1 миллиард евродан ортиқ ҳарбий ёрдам беришини эълон қилди
Янги ёрдам пакетига гаубицалар, снарядлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини мустаҳкамлаш киради.
Германия Украинага 1,1 миллиард евролик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Бу ҳақда Германия канцлери Олаф Шолц Берлинда Украина президенти Володимир Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Канцлер Германия Украинага умумий қиймати 28 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олганини таъкидлади. Унга кўра, Германия Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича дунёнинг барча давлатлари орасида иккинчи ўринда туради.
«Бугун биз янги ёрдам пакетини тайёрлаяпмиз. Бу 1,1 миллиард евро», деб таъкидлади Шолц.
Унинг сўзларига кўра, ҳарбий ёрдам пакети доирасида Украинага саноат захираларидан 36 та зирҳли ва ғилдиракли гаубица, 120 мингта снаряд, иккита Skynex зенит тизими ва IRIS-T ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун ракеталар берилади.
Ўз навбатида, Зеленский Германияга Украинага ҳозир ҳақиқатан ҳам зарур бўлган янги мудофаа пакети учун миннатдорлик билдирди.
Украина президенти «ҳамкорлар томонидан таъминот сезиларли даражада камайганидан» афсусда эканини билдирди, аммо «бундай шароитда Германиянинг ёрдами Украина ва фронт учун жуда муҳимдир», деди.
Зеленский Украина ёрдамга муҳтож бўлганида Шолц ва Германия четда эмаслигини қадрлашини таъкидлади.
16 феврал куни Берлинда Украина ва Германия ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
Шолц бу келишувнинг имзоланишини тарихий қадам деб атади. Германия келажакда Россиянинг босқинчилик урушига қарши Украинани қўллаб-қувватлашда давом этади.
Мавзуга оид
12:28
WSJ: Трамп Киевга 20 йил давомида НАТОга аъзо бўлмаслик шартини қўйиши мумкин
11:56
ГФР мухолифати етакчиси Шолцга ишонч тўғрисидаги вотумни тезлаштиришни талаб қиляпти
10:42
Зеленский Будапештда РФга ён босмасликка чақирди
09:08