Жаҳон | 13:48 / 17.02.2024
26472
16 дақиқада ўқилади

«Жуда қимматли жосус» - Собиқ КГБ ходими, Россия ташқи разведка хизмати зобити нега Америкага қочиб кетганди?

2000 йил кузда Россиянинг БМТдаги доимий ваколатхонасида муҳим лавозимда ишлаган шахс оиласи билан Ню-Йоркдаги квартирасидан изсиз йўқолади. У ерда қисқа хат қолдирилганди холос. Россия Ташқи разведка хизмати дипломат ва унинг оиласи ўғирлаб кетилган деган гумонга боради. Бироқ кўп ўтмай дипломат ниқоби остидаги россиялик жосус ўз ихтиёри билан қочгани ва АҚШдан бошпана сўрагани ошкор бўлади.

Фото: amazon.co.uk

2000 йил Россия Ташқи разведка хизмати учун мураккаб йил бўлади. Бу хизматнинг энг яхши ходимларидан бири АҚШдан сиёсий бошпана сўрайди ва оиласи билан америкаликлар томонга қочиб ўтади.

Бундан аввал, СССР тарқаб кетишидан олдин ва кейин КГБ ва ФСБнинг кўплаб ходимлари Ғарбга қочиб кетганди. Бироқ ходимнинг қочиши ташкилот учун оғир зарба бўлади.

Чунки ходим ташкилотга тегишли жуда кўплаб махфий маълумотларни биларди ва уларни Марказий разведка бошқармасига сотиш эҳтимоли жуда юқори эди.

Амалда шундай бўлади ва собиқ КГБ ва ФСБ ходими ўзидаги барча маълумотларни америкаликларга беради.

Бу ходим Россиянинг БМТдаги доимий ваколатхонаси раҳбари ўринбосари ниқобида АҚШда ишлаётган жосус Сергей Третяков эди.

Туғма КГБ ходими

Сергей Третяков 1956 йил 5 октябрда туғилган. Унинг бувиси Любов Ионина узоқ йиллар махсус хизматлар идорасида котиба (машинистка – бу касб эгалари асосан турли матнларни ёзув машинкасида кўчириб ёки кўпайтириб бериш билан шуғулланишган) бўлиб ишлаган.

У 1920 йиллардан ҳали НКВДнинг номи ОГПУ (Объединённое государственное политическое управление – Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси) деб аталиб юрган пайтлардан бошлаб, кейинчалик НКВД иккита алоҳида ташкилот, ИИВ ва КГБга ажратилган пайтларгача ишлаган. Шу сабабли Сергей Третяков туғилган оиланинг аъзолари КГБга «бегона» эмасди.

Сергейнинг отаси Олег Третяков ҳам СССР савдо министрлигида муҳим лавозимларда ишлаган. Жумладан, у СССРнинг бир нечта хорижий давлатларидаги савдо уйларини ҳам бошқаради.

Маълумот учун, СССРнинг хорижий давлатлардаги «савдо уйлари» асосан Ташқи разведка хизмати ва КГБ назоратида бўлиб, у ерда савдо вакили ниқоби остида асосан шу ташкилотлар ходимлари – жосуслар ишлаган.

1970-йиллар ўрталарида Сергей мактабни битириб, Чет тиллар институтига ўқишга киради ва КГБ билан ҳамкорлик қила бошлайди. Унга Халқаро алоқалар институти талабаси Елена Тулисовани бириктириб қўйишади.

Ўша пайтда уни бир неча марта хорижий сафарга чиқаётган талабалар гуруҳи билан бирга чет элларга юборишади. Сергейнинг вазифаси талабаларнинг хориждаги хатти-ҳаракатларини назорат қилиш ва қайтгандан сўнг бу ҳақда КГБга ҳисобот бериш бўлган.

Кўп ўтмай КГБ ходимларининг ишончини қозонган Сергей қисқа муддатли тайёрлов курсидан сўнг ташкилотга ишга қабул қилинади. Бу орада Елена билан оила қуради.

1982 йилда Олег КГБ лейтенанти унвонини олади. Ўша пайтда у Бутуниттифоқ разведка масалалари илмий-тадқиқот институтида ишларди. Сергей бу жойда беш йил ишлайди.

У 1986 йилда комсомол ташкилотига ишга ўтказилади ва 1989 йилгача шу жойда қолиб кетади. Ниҳоят 1990 йилда Третяковнинг ишлари юришиб кетади ва уни СССРнинг Канададаги элчихонасига ишга жўнатишади.

Сергей Оттавада элчихона ходими ниқоби остида асосан жосуслик билан шуғулланади. Бир неча йил Канадада ишлагач уни Москвага чақириб олишади.

Тв кадрдан

БМТ бош идорасидаги хизмат

1995 йилда Сергей Третяков АҚШга жўнатилади. У Россиянинг БМТдаги доимий ваколатхонаси раҳбари ўринбосари этиб тайинланади. Шу билан бирга Олег Ташқи разведка хизматининг АҚШдаги бўлими раҳбари ўринбосари бўлади.

Кейинчалик, Сергей Третяков АҚШда ишлаб юрган пайтида, 1997 йилдаёқ МРБ билан ҳамкорлик қила бошлагани ва икки томонлама жосуслик қилгани маълум бўлади.

1996 йилда Сергей Москвадан, Ташқи разведка хизматидан (шартли Марказдан) Анқарада ёлланган турк дипломати БМТга юборилаётгани ҳақида махфий хабар олади.

Махфий хабарда унинг фотосурати, ташқи кўринишининг батафсил тавсифи ва учрашув пайтида айтилиши керак бўлган парол маълум қилинган эди.

Сергей берилган тавсифга мос келадиган турк дипломатини қидириб, турли тадбирларда қатнаша бошлайди. Орадан икки ой ўтгач тадбирлардан бирида у ўзига берилган маълумотларга мос келадиган одамни топади.

Сергей тадбир тугашини кутади ва турк дипломатини йўлак бўйлаб кузатиб боради. Дипломат Сергейга АҚШ ва НАТОнинг ҳарбий операциялари ҳақидаги махфий маълумотларни беради.

Кейинчалик аниқланишича, Сергей Третяков Ташқи разведка хизмати ходими сифатида Оттавада ва Ню-Йоркда ишлаб юрганида Россиянинг ҳозирги ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан дўстона алоқада бўлган.

Лавров ўша пайтларда Россиянинг БМТдаги доимий ваколатхонасини бошқарган ва Третяковнинг раҳбари бўлган.

Қочиш

2000 йил октябр ойида Третяков рафиқаси, қизи ва мушуги билан Ню-Йоркдаги квартирасидан изсиз йўқолади. Россия Ташқи разведка хизмати томонидан Третяковга берилган ва у бир неча йил яшаб кетган икки хонали квартирадан қисқагина хат топишади.

Хатда «Мен истеъфога чиқишга қарор қилдим. Елена ҳам яхши иш топди. Менинг истеъфом мамлакат манфаатларига зарар келтирмайди» деб ёзилган эди.

Россия Ташқи разведка хизмати аввалига Третяков ва унинг оиласи АҚШ махфий хизмати ходимлари томонидан ўғирлаб кетилган деган гумонга ҳам боради.

Россияликлар уларни АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларидан 4 ой давомида қидиради. Бироқ Третяков ва унинг оиласини топиб бўлмайди. Кўп ўтмай улар қочиб кетгани ойдинлашади.

Сергейнинг қочиб кетгани ҳақида биринчи бўлиб Associated Press хабар тарқатади. 2001 йил 31 январ куни Америка ҳукумати Третяков тирик ва соғ-саломат эканини, унинг Россияга қайтиш нияти йўқлигини ва АҚШдан сиёсий бошпана сўраганини маълум қилади.

Шундан сўнг рус ОАВда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Сергейни куч билан ушлаб турилмаганига ишонч ҳосил қилиш учун америкаликлардан у билан консуллик учрашуви ўтказишни талаб қилаётгани ҳақида хабар тарқалди.

Фото: newsru.net

2001 йил 10 феврал куни New York Times нашрида Третяков иши бўйича мақола эълон қилинади. Унда ёзилишича, Америка томони россияликларнинг Третяков билан учрашиш ҳақидаги талабини қондирмаган.

Русларга жўнатилган жавоб хатида «Третяковнинг дипломат эмас, балки Россия ташқи разведка хизматининг жосуси эканлиги, ундан аввал эса КГБда ишлагани, АҚШда қолишни ўз ихтиёри билан танлагани, шу сабабли у Россияга қайтариб берилмаслиги ва руслар билан учраштирилмаслиги» айтилган эди.

Кейинчалик, 1997 йилда Сергейнинг онаси вафот этгани, Россиядан қочадиган бўлса рус махфий хизмати ходимлари босим ўтказа оладиган қариндошлари қолмагани, шу сабабли у океан ортида қолишни хоҳлагани маълум бўлади.

Америкага қочиб борганидан кейин Третяковни Марказий разведка бошқармаси ва Федерал қидирув бюроси тергов қилади.

Россия ОАВда ёзилишича, ўшанда Сергей ўзидаги қимматли махфий маълумотларни бергани учун америкаликлар унга 2 миллион доллардан кўпроқ пул беришган.

Третяков ва оила аъзоларига бошқа исм-шарифлар билан ҳужжатлар тақдим этилган. Сўнг ФСБ ҳамда Россия ташқи разведка хизмати жосусларидан асраш учун яширилган.

2007 йилда Третяков оиласи билан Америка фуқаролигини олади. Шундан сўнг у оммага кўриниш бера бошлайди.

Интервю

2008 йил бошида НТВ телеканалининг Америкадаги махсус мухбири Алексей Веселовский Третяковдан интервю олади. Сергей интервюни Флоридадаги уйида беришга рози бўлади.

Третяков интервюда КГБ ва Россия Ташқи разведка хизматида ишлаган пайтларида ҳеч қандай муаммоларга дуч келмаганини, америкаликлар билан ўз ташаббусига кўра ҳамкорлик қилганини ва уларга махфий маълумотларни берганини айтади.

Шунингдек, у АҚШ ҳукуматидан ҳеч қачон пул сўрамаганини, МРБга махфий маълумотларни берганидан сўнг пулларни ўзлари беришганини маълум қилади.

Третяков Пит Эрли билан

Журналист ундан «Нега қочишга қарор қилдингиз?» деб сўраганда Сергей бунинг асосий сабаби сифатида «Россияда содир бўлаётган воқеалар ва ҳукуматга қарши ортиб бораётган нафрат» учун Америкага кетишга қарор қилганини айтган.

«Мамлакат кимларнинг қўлига ўтаётганини ва уни қандай одамлар бошқара бошлаганини ўз кўзларим билан кўриб турардим. Ўшанда мен бундай одамларга хизмат қила олмаслигимни тушуниб етдим. Чунки улар билан умумий ўхшашлигимиз йўқ эди ва мен бундай бўлишини ҳам хоҳламасдим», деган эди у интервюда.

Третяков «ҳукумат тепасига келган одамлар» деб Путин ва унинг «команда»сини назарда тутган эди. Кейинчалик у бир пайтлар КГБ ходими сифатида Путин ҳақида ҳам анча тафсилотларни очиқлаганди. Дмитрий Медведевни эса “қўғирчоқ” деб атаганди.

Бундан ташқари, у қочишдан яна бир мақсад қизининг тақдиридан хавотирланганини ва унинг келажагини Россияда эмас, Америкада кўрганини айтган.

Китоб

2008 йилда Третяков НТВ мухбиридан ташқари яна бир нечта ОАВ вакилларига интервюлар берди. Улар орасида америкалик журналист Пит Эрли ҳам бор эди.

Пит Эрли кейинроқ Третяков билан бўлган суҳбатлар асосида унинг бошидан кечирган ҳодисалари ҳақида асар ёзади ва китоб ҳолида чоп эттиради.

«Ўртоқ Ж.» («Совуқ урушдан сўнг Америкадаги россиялик асосий жосуснинг очилмаган сирлари») деб номланган китоб адабиёт ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олинган.

Пит Эрлининг Сергей Третяков ҳақидаги китоби \ Фото: amazon.co.uk

Пит Эрли Третяков билан илк марта ФБР вакили орқали Виржиния штатидаги Тайсонс-Корнер шаҳрида учрашади. Ўшанда Третяковнинг бир нафардан МРБ ва ФҚБ агентлари кузатиб юришганди.

Третяковнинг китобини Россияда нохушлик билан қаршилашади. Ташқи разведка хизмати китобни «хиёнатга асосланган нашр» деб атайди.

Китоб чоп этилганидан кўп ўтмай Канадада ҳам чоп этишга қарор қилишади. Бироқ Третяковнинг Канададаги собиқ Прогрессив Консерватор депутат Алекс Кинди ҳақидаги гаплари туфайли кечиктирилади.

Китобда ёзилишича, Кинди 1992-1993 йилларда Россия ташқи разведка хизматининг Оттавадаги элчихонада ишлайдиган ходимлари билан алоқада бўлган ва уларга маълумот сотиб юрган.

Третяков китобида рус разведкаси ҳозир ҳам Совуқ уруш давридагидек фаол эканлигини айтиб, келтирган фактлари америкаликлар учун «огоҳлик қўнғироғи» бўлиши кераклигини таъкидлаганди.

Китобда Третяков Ғарбга қочишни қачон режалаштиргани ҳақида ёзилган. Маълум бўлишича, 1993 йилда Москвада тўполонлар бўлиб, Олий совет биноси ўққа тутилган кезларда эр-хотин Канадада қолишни режалаштиришади.

«Ўшанда хотиним, «Қара буларга (канадаликлар назарда тутилмоқда) қандай яшашади? Шинам уй-жойлари бор. Яхши маош олишади. Болалари барча шароитга эга мактабларда ўқийди. Буларнинг келажаги бор. Россияда нима бор? Ҳамма ёқ тўс-тўполон, маошлар кам, шароитлар ҳаминқадар. Хўш, шундай экан, Москвага нега қайтишимиз керак?» деган эди. Мен ҳам ўйлаб кўриб, унинг гапларига қўшилганман», деган эди Третяков.

Бироқ кўп ўтмай, 1994 йилда уларни Москвага чақириб қолишади ва Сергей оиласи билан Москвага қайтади. Третяков ва хотинини Ню-Йоркка жўнатишгач, бу сафар оила Америкада қолишга ва Россияга ҳеч қачон қайтмасликка қарор қилишади.

Третяковнинг китобидаги муҳим маълумотлар

Третяков ўз китобида бир қатор муҳим шахсларни Россия ташқи разведка хизматига хизмат қилган деб даъво қилган. Уларнинг аксарияти буни рад этган. Жумладан:

Собиқ совет дипломати, 1994-2000 йиллар орасида Озарбойжоннинг БМТдаги элчиси лавозимида ишлаган Элдар Кулиевни Россия ташқи разведка хизматининг зобити эди, деган.

АҚШ Давлат котиби ўринбосари Строуб Тэлботт Россия ташқи разведка хизмати учун бебаҳо манба бўлган ва россиялик жосусларга маълумот етказиб турган. Бироқ жосус бўлмаган.

Канадалик депутат Алекс Кинди Россия ташқи разведка хизмати учун жосус сифатида ишлаган.

КГБ раҳбари Владимир Крючков СССР парчаланиши арафасида коммунистик партиянинг 50 млрд доллар миқдоридаги пулларини номаълум шахсларга жўнатган.

Кубанинг узоқ йиллик раҳбари Фидел Кастронинг укаси Раул Кастро (Кубанинг ҳозирги раҳбари) узоқ йиллар мобайнида Россия ташқи разведка хизмати билан ҳамкорлик қилган.

Третяковнинг сўзларига кўра, 1979 йилдан бошлаб КГБ АҚШнинг Ғарбий Европада “Першинг” ракеталарини жойлаштиришига тўсқинлик қилмоқчи бўлган. Улар КГБ раҳбари Юрий Андропов бошчилигида Европада АҚШ ҳарбий базаларига қарши намойишларни уюштиришни молиялаштириш учун ҳукумат ташкилоти бўлган Совет Тинчлик қўмитасидан фойдаланган.

Владимир Путин даврида Президент хавфсизлик хизматининг икки нафар раҳбари Виктор Золотов (Бу одам Собчак, Елцин ва Путинга тансоқчилик қилган) ва генерал Муров Елцин маъмуриятининг собиқ директори Александр Волошинни қандай ўлдиришни муҳокама қилган.

Шунингдек, улар «Путин чексиз ҳокимиятни эгаллаши учун ўлдириши керак бўлган сиёсатчилар ва бошқа нуфузли шахслар рўйхатини тузган. Рўйхат жуда катта бўлган ва Золотов «улар жуда ҳам кўп» деган.

Третяковга кўра Россия Ташқи разведка хизматининг 20 мингдан ошиқ ходими бор ва ядро қуролларини назорат қиладиган қора қути ҳам уларнинг назоратида.

Третяков ўз китобида БМТда ишлаган пайтларидаги ҳодисаларни ҳам ёзган. Жумладан, у қўл остидагиларни Ню-Йорк жамоат кутубхонасига тез-тез юбориб турганини, ходимлар у ерда аноним тарзда турли ёлғон хабарлар ва ташвиқотларни ёзиб, Америкадаги оммабоп телекомпанияларнинг электрон почталарига жўнатиб туришганини маълум қилган.

Третяковнинг ўлими

2010 йил 13 июн куни 54 ёшли Третяков вафот этади. Бироқ унинг ўлими орадан қарийб бир ой ўтиб, 2010 йил 9 июл куни эълон қилинади. Унгача суиқасд ёки заҳарланиши эҳтимоли бўлгани учун Третяковнинг жасадини обдон текширишади.

Третяковнинг хотини унинг ўлими юрак фаолиятининг қўққисдан тўхтаб қолиши туфайли юз берганини айтиб, ОАВда айтилгандай ҳеч қандай суиқасд ёки бошқа ишлар бўлмаганини таъкидлайди.

Бироқ аёл эри ҳеч қачон соғлигидан шикоят қилмаганини, шу учун унинг ўлими кутилмаган иш бўлганини айтади.

Россия телеканалида Третяковнинг ўлими хақида хабар берилаяпти

Флорида суд-тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, Третяковнинг томоғига гўшт бўлаги тиқилиб қолиши оқибатида вафот этган. Шунингдек, унинг йўғон ичагида саратон ўсимтаси ҳам борлиги аниқланган.

Кейинчалик, баъзи россиялик шарҳловчилар ўша пайтда Бош вазир лавозимида ишлаб турган Владимир Путиннинг «сотқинлар» тақдири ҳақидаги гапларини эслашади.

Ўшанда у интервюлардан бирида журналистларга хорижга кетганлар ҳақида гапира туриб, Третяковнинг ўлимига ишора қилган эди.

Бошқа қочоқлардан фарқли равишда Третяков Америкада узоқ яшириниб юрмаган. Бир муддат изсиз ғойиб бўлгач оммага кўрина бошлаган. Флорида штатидаги уй манзилини ҳам кўпчилик билган. Ҳатто НТВнинг Америкадаги мухбирини уйига чақириб интервю берган.

Шундан келиб чиққан ҳолда кўпчилик Третяковни Россия ташқи разведка хизмати ходимлари ўлдирган деган тахминни ҳам билдиришади. Бироқ бу исботини топмаган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид