Ўзбекистон | 20:30 / 17.02.2024
33241
14 дақиқада ўқилади

Москванинг норозилиги, дарс қолдирган 1 млн ўқувчи ва $200 минг сўраган прокурор — ҳафта дайжести

Бухорода туман прокурори 90 минг доллар пора билан ушланди, президент жиноятнинг айрим тафсилотларини очиқлади. Мактабларда кунига 1 миллионгача ўқувчи дарсга келмаётгани маълум бўлди, уларнинг ота-оналари билан Миллий гвардия шуғуллана бошлади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўзбек элчисини чақириб, норозилик билдирди. Ўтган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов 14 феврал куни Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Вазирлик хабарига кўра, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжанинг Ўзбекистонда яшаб, ўзбек тилини билмайдиганлар ҳақидаги гаплари Россия ҳукуматига тегиб кетган. Расмий Москва бу масалада Ўзбекистондан расмий изоҳ беришни талаб қиляпти.

Фаол жамоатчилик буни Россия томонидан очиқчасига Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиш деб баҳолади. Чунки Қудратхўжа давлат тилини билмайдиганлар ҳақида фикр билдирганида Ўзбекистонда туғилиб ўсиб, Ўзбекистонда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида гапирган, ҳеч қайси хорижий давлат ёки миллатни алоҳида ажратиб кўрсатмаган. Шу жиҳатдан, унинг “одам ўзи яшаётган давлат тилини билиши керак”, деган маънодаги гапларида ҳеч қандай давлатлараро, трансчегаравий маъно-мазмун йўқ. РФ ТИВ Ўзбекистон элчисини чақириб норозилик билдиргач, кўплаб ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқларда Шерзодхон Қудратхўжани қўллаб-қувватлаб чиқди.

Сиёсий фанлар номзоди 2 соатлик интервю давомида кўп мавзулар қатори Россия ҳақида ҳам гапирган бўлса-да, бу умуман бошқа контекстда ва бошқача мазмунда бўлган. У ҳарбий сиёсатчи Захар Прилепин, тарихчи Михаил Смолин, пропагандачи Сергей Михеев кабиларнинг Ўзбекистонни Россия таркибига қўшиб олиш кераклиги, ўзбек миллатини гўёки руслар яратгани, агар Россия бўлмаганида, ўзбеклар иштонсиз юрган бўларди деган гапларини жавобсиз қолдириб бўлмаслигини айтган.

Интервюда Қудратхўжа русофоб эмаслиги, рус адабиёти билан яқиндан таниш эканини алоҳида таъкидлаб, Ўзбекистон ва Россия стратегик ҳамкорлар эканига урғу берган, шундан келиб чиқиб, Россияда бундай ҳақоратли ва таҳдидли баёнотлар қандай оқибатларга олиб келишини тушунадиган ақлли доиралар борлигига ишонч билдирган. “Улар мана шундай инсонларнинг эфирга чиқиб, дўстона давлатларга қарата акиллашига йўл қўймаслиги керак”, – деган у.

Коррупцион жиноятлар

Бухоро вилояти Когон тумани прокурори 91 минг доллар пора билан ушланди. Kun.uz манбасига кўра, прокурор лавозимида салкам 2 йилдан бери ишлаб келган Баҳодир Ғуломов қидирувдаги шахсга қўлланган қамоқ эҳтиёт чорасини бекор қилиш ва жиноят иши бўйича енгиллик қилиб бериш эвазига шунча пулни 13 феврал куни кечқурун Бухоро шаҳрида олаётган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ушланган. Қидирувдаги шахс Когон ёғ-экстракция заводи таъсисчиларидан бири экани айтиляпти.

Президент Шавкат Мирзиёев жума куни Андижонга ташрифи вақтида ўтказган йиғилишда айтишича, прокурор бу ҳолатда жами 200 минг доллар пора олмоқчи бўлган.

3 кун олдин менга айтди. Мен: “Индаманглар, эртага суддан қайтмаслиги керак бу нарса”, дедим. Секин-секин 200 минг долларни гаплашган. 91 мингни олиб келяпти, “йўқ, наригисини ҳам олиб келасан”, деяпти. “Уни ҳам индаманглар”, дедим.

Учинчи куни 91 мингни олиб келди-да, 101 мингни олиб келинглар, деяпти. Энди яна майда-чуйда бўлмасин-ку, 10 мингни ўртадаги воситачилар олиб қўйяпти. “Йўқ, 10 мингни ҳам менга олиб кел”, деди ноинсоф прокурор. Бош прокуроримиз шу ерда ўтирибдилар, Бухорога бориб ишдан олади”, – деди давлат раҳбари.

Пора билан қўлга тушаётган ҳуқуқ ҳимоячилари орасида суд ходимлари ҳам бор. Ўтган ҳафта Наманганда жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди раиси 2 минг доллар олган пайтида ушланган эди. Расмий хабарга кўра, у судланувчига енгилроқ жазо бериш эвазига 20 минг доллар сўраган. Шунингдек, куни кеча фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро суди ходими минг доллар билан ушланди. Маълум қилинишича, судда архивариус лавозимида ишлаган ходим фуқарони турмуш ўртоғи билан никоҳдан ажратиб бериш эвазига пора олган.

Бу ҳолатлар маълум бўлиши ортидан, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев жиноят қонунчилигига ўзгартириш киритиш таклифи билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, пора билан қўлга тушган судялар ва прокурорлар кўрган ишларни архивдан кўтариб, бошқатдан кўриб чиқиш керак. “Бу каби нолойиқ шахсларнинг ҳаракатлари оқибатида қанчадан қанча фуқаролар ноҳақ айбланиб, ноҳақ судланиб кетган бўлиши мумкин”, деди Тожиев.

Юқорида айтиб ўтилганларидан ташқари, Навоийда ҳакамлик суди судяси фуқаронинг муаммосини ҳал қилиб бериш эвазига минг доллар олган пайтда ушланди. Шунингдек, Сирдарёда Миллий гвардиянинг вилоят қўриқлаш бошқармаси бош инспектори қўлга олинди. Расмий маълумотга кўра, у қўриқлаш бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига фуқародан 3 минг доллар олган. Яна бир ҳолатда собиқ судянинг ўғли экани айтилаётган шахс минг доллар билан ушланган. У Наманган шаҳридаги давлат хизматлари марказида катта мутахассис лавозимида ишлаб, фуқарога уй-жой субсидиясини олишда ёрдам бериши эвазига 1500 доллар сўраган, шундан 1000 долларини олаётганда қўлга тушган.

Тошкентда эса “Тошшаҳартрансхизмат” иши доирасида қамоққа олинган фақатгина компания раиси эмаслиги маълум бўлди. Анвар Жўраев билан бирга, компания бош муҳандиси ҳамда 1- ва 8-автобус саройлари раҳбарлари ҳам ҳибсга олинган. Улар ўзаро тил бириктириб, автобус саройларидаги эҳтиёт қисмлар ва ёқилғи маҳсулотларини талон-торож қилганликда гумонланяпти.

Сўнгги кунларда очиқланган коррупцион жиноятлар рўйхати шу билан тугамайди. Маълум бўлишича, Жиззах вилояти “Тоза ҳудуд” корхонаси бош ҳисобчиси 5 минг доллар, “Ҳудудий электр тармоқлари” Қашқадарё филиали бош муҳандиси ўринбосари эса 7 минг доллар билан ҳибсга олинган. Эътиборлиси, уларнинг иккаласи ҳам муқаддам иқтисодий жиноятларда судланганига қарамай, вилоят даражасидаги лавозимга тайинланган. Яъни, жиноятлар аниқланаётгани яхши албатта, лекин қандай қилиб аввал коррупцион жиноятда айбланган шахс яна юқори лавозимли амалдорга айланиб қолгани ҳақида ҳам гапирилиши керак. Умуман, коррупцияга қарши самарали кураш – бу аввало ўғрилашга имкон қолдирмаслик, активлар ва даромадларни декларациялаш, очиқликни кенгайтириш ва энг муҳими, жазо муқаррарлигини таъминлашни тақозо қилади.

Мактаблардаги давомат масаласи – кун тартибида

Маҳаллаларда мадҳия айтиш топшириғини янги ташкил этилган Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев бергани маълум бўлди. Қуронбоевнинг интернетда аудиоси тарқалган топшириғига кўра, маҳалла ходимлари эрталаб 7:00 да мадҳия айтиб, кейин ўз ҳудудидаги мактабларга бориши, мактаб эшиги олдида ўқувчиларни кутиб олиб, дарслар бошлангач, ўқишга келмаган ўқувчиларнинг ота-оналари билан шуғулланиши керак.

“Ҳаммага топшириқ, кечқурун соат 9 ларда мен Zoom ўтказаман сизлар билан, ким қанақа тушунганини менга айтиб беради ҳар биттаси. Демак, мактабдаги давомат масаласига алоҳида эътибор берилади”, – деди у.

12 феврал, душанбадан бошлаб, дарс қолдираётган ўқувчиларнинг ота-оналарига огоҳлантириш хатлари юбориляпти. Хатда ота-она ўз фарзандининг таълим олиши учун жавобгар экани, бу мажбуриятини бажармаса, жаримага тортилиши ҳақида сўз боради. Чоршанба кунги матбуот анжуманида маълум қилинишича, 13 феврал куни Ўзбекистондаги 6,5 млн нафар мактаб ўқувчисидан салкам 1 млн нафари дарсга келмаган. Синф раҳбарларидан йиғилган маълумотларга кўра, шундан 835 мингта бола сабабли, 95 мингта бола эса сабабсиз дарс қолдирган.

Ўтган ҳафта мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардияга ўтказилган эди. Миллий гвардия марказий девони бошқарма бошлиғи Зафар Алимовнинг айтишича, идоранинг зиммасига мунтазам равишда мактабга келмаётган болалар билан ишлаб, шарт-шароитини ўрганиб, уларни мактабга қайтариш вазифаси юклатилган. У мактаб таълимидан норози бўлиб, болаларига ноқонуний диний таълим бераётганларга ҳам алоҳида эътибор қаратилишини қўшимча қилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг аниқлик киритишича, Миллий гвардия ходимлари таълим жараёнига аралашмайди. Вазирлик ходими Азамат Камолов орган ходимлари педагогларнинг фаолиятига аралашаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмаслигини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, бу борада тегишли тартиб ишлаб чиқилиб, инспектор-психологдан бошқа гвардия ходимларининг мактабга кириши чекланади.

Қолган жалб қилинган ходимлар бундан буён мактабга кирмайди ва ягона тартиб сифатида улар томонидан меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилиб, мактаб раҳбарияти давомат кўрсатиш учун қўлига беради, у бориб ота-она билан ишлайди. Уларнинг чегараси шу ерда. Миллий гвардия ходимлари дарс жараёнига киришга ёки ўқитувчининг нега кеч келаётгани, формада келмаётгани бўйича сўроқ қилолмайди. Ўзим гувоҳ бўлган вазият ҳам бўлди, оддий қўриқлаш хизмати ходими мактаб болаларини дарс жараёнида турғизиб қўйиб форма талаб қилаётган экан, бу унинг ваколати эмаслигини айтдим. Мана шундай нотўғри ёндашувларнинг олдини олиш учун ягона тартиб ишлаб чиқиляпти”, – деди вазирлик расмийси.

Жамоатчилик фаоли, иқтисодчи Ботир Қобилов бу ҳолатга муносабат билдириб, давоматни кўтариш учун таълим сифатини оширишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, аввало дарслар ўқувчиларнинг бир қисми учун нега қизиқ бўлмаётгани, ўқитувчиларга самарали дарс ўтишга нима халал бераётгани, ота-оналар фарзандларини нима сабабдан репетиторга бераётгани каби фундаментал омилларга кўпроқ эътибор қаратиш керак. Таълимда ҳозирги аҳволимиздан бир калла эмас, ўн калла юқорироқ сакрашимиз керак, деди Ботир Қобилов.

Док-1 Макс” иши бўйича биринчи суд якунланиш арафасида

Душанба кунги суд мажлисида прокурор Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариев ва унинг икки ўринбосарига 18 йилдан, Quramax раҳбарига эса 20 йил қамоқ жазоси беришни сўради. Давлат айбловчисининг позициясига кўра, судланувчилар вафот этган 68 нафар ва ногирон бўлиб қолган 16 нафар бола учун 100 млн сўмдан, енгил жароҳат олган яна 2 бола учун эса 20 млн сўмдан товон пули тўлаши керак.

Ўз навбатида, Кариевнинг адвокатлари суддан уни айбсиз деб топишни сўради. Ҳимоячиларга кўра, қўйилган айбловлар ўз исботини топмаган, тегишли дорилар учун гувоҳномалар эса Кариев лавозимга ўтиришидан олдин берилган. Адвокатлар тергов бир томонлама, тирноқ тагидан кир қидириш зайлида, фақат айблов йўналишида олиб борилган деб ҳисобламоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 11 авгусда бошланган суд жараёнига 23 нафар шахс айбланувчи тариқасида жалб этилган. Уларнинг 9 нафарига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Энергетика вазирлиги Тошкентда ҳаво ифлосланишига мазут “айбдор” эканини рад этди. Гап шундаки, 13 феврал куни Ўзбекистон пойтахти ҳавоси энг ифлос дунё шаҳарлари рейтингида 3-ўринга чиқиб қолди. Шу куни Энергетика вазирлиги баёнот чиқариб, кун давомида станцияларда мазут анча кам ёқилганига қарамай, шаҳарда ҳаво ифлос бўлгани, бундан бир неча баробар кўп мазут ёқилган кунларда эса бундай ифлосланиш бўлмаганини маълум қилди. “Бу эса пойтахт ҳавосининг ифлосланишида мазутнинг заррача ҳам ҳиссаси йўқлигини исботлайди”, – дейилади баёнотда.

Ўзбекистонда аёлларга автобус ва оғир юк машиналарини ҳайдашга рухсат берилди. Кўпчилик учун янгилик бўлган аввалги тартибга кўра, аёллар йўловчи сиғими 14 кишидан, юк кўтариши 2,5 тоннадан ортиқ автомобилларни бошқариши мумкин бўлмаган. Эндиликда ҳукумат қарори билан бу тақиқ бекор қилинди. Транспорт вазирлигининг изоҳлашича, ҳозирги замонавий юк машиналари ва автобусларни бошқариш аёллар соғлиги учун хавф туғдирмайди. Энди улар, масалан, электробус ҳайдовчиси бўлиб ишга кириши мумкин.

Шавкат Мирзиёев фермерлар олдидаги қарздорлигини ҳалигача тўлиқ тўламаган кластерларни танқид қилди. Янги тизимга кўра, аввалги қарзини 1 апрелгача ёпмаган кластер билан фючерс шартномаси бекор қилинади ва фермерга пахтани ўзи биржада сотишига рухсат берилади. Электрон платформага тегишли маълумотларни тўлиқ киритган ва фючерс шартнома имзолаган фермерга кредит кўпи билан уч кун ичида ажратилиши шарт, деди президент.

Ўзбекистон фуқароларининг Озарбойжонда рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 10 кундан 15 кунгача узайтирилди. Амалдаги тартибга кўра, ўзбекистонликлар Озарбойжонга бориб 90 кунгача визасиз юриши мумкин. Фақат, бир борганда қолиш муддати 15 кундан ошса, рўйхатдан ўтиши керак бўлади. Яна бир маълумот: аввалроқ эълон қилинганидек, 16 февралдан эътиборан Ўзбекистон фуқаролари учун Бирлашган Араб Амирликларига киришда визасиз режим амал қила бошлади.

Хоразмдаги педофил амалдорларнинг яна “боши силанди”. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилиб келган вилоят адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязов, 3 ноябрдаги суд ҳукмига кўра, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Маълум бўлишича, улар умумий тартибдаги қамоқхонага эмас, манзил-колонияга юборилган. Қолаверса, икки собиқ мансабдорга тайинланган 3 йиллик муддатдан улар аввал ўтаган озодликни чеклаш жазоси муддати чегириб ташланган. Эътиборлиси, бунда кечаси уйдан чиқмасдан ўтказилган 1 кун колониядаги 1 кунга тенглаштирилган. Натижада колониядаги жазо муддати бир неча ойга камайган.

Мавзуга оид