Қозоғистоннинг 9 та вилоятида ноқулай об-ҳаво туфайли 16 йўл вақтинча ёпилди
Бунга об-ҳавонинг ёмонлашиши, қор бўронлари, кучли шамол ва кўрувчанлик жуда пастлиги сабаб бўлган. Ёпилган йўллар орасида Олмаота-Тошкент трассаси ҳам бор.
Қозоғистоннинг 9 та вилоятида республика аҳамиятига эга бўлган 16 та йўлда об-ҳавонинг ёмонлашиши туфайли автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишига вақтинча чеклов ўрнатилган.
Zakon.kz нашрининг хабар беришича, чеклов бугун 2024 йил 17 феврал соат 9:30 дан бошлаб жорий қилинган.
Жумладан:
- Абай вилояти – умумий узунлиги 411 км бўлган 2 та йўл.
- Олмаота вилояти – умумий узунлиги 99 км бўлган 2 та йўл
- Шарқий Қозоғистон вилояти – умумий узунлиги 589 км бўлган 4 та йўл;
- Еттисув вилояти – умумий узунлиги 123 км бўлган 2 та йўл;
- Қўстанай вилояти – умумий узунлиги 83 км бўлган 1 та йўл;
- Павлодар вилояти – умумий узунлиги 71 км бўлган 1 та йўл;
- Шимолий Қозоғистон вилояти – умумий узунлиги 230 км бўлган 2 та йўл
- Улитов вилояти – умумий узунлиги 115 км бўлган 1 та йўл;
- Жамбил вилояти – умумий узунлиги 174 км бўлган 1 та йўл;
Жамбил вилоятида вақтинча ёпилган йўл Олмаота-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг бир қисми ҳисобланади.
Умумий ҳисобда Қозоғистон бўйлаб қарийб 1 700 км йўл вақтинча ёпилган. “Қозавтожол” АЖ маълумотларига кўра, республика аҳамиятига молик йўлларда 336 та техника ва 539 киши йўлларни тозалаш билан шуғулланмоқда.
Аввалроқ, Қозоғистонда йўлда қолиб кетган 27 нафар ўзбекистонлик эвакуация қилингани ҳақида хабар берилганди.
Маълум бўлишича, Остонадан Россиянинг Челябинск шаҳрига қараб кетаётган автобус йўлда бузилиб қолган. Шундан сўнг 27 нафар ўзбекистонлик ва 33 нафар тожикистонлик фуқаро эвакуация қилинган. Қутқарилганларнинг 17 нафари болалар бўлган.
Шу сабабли Қозоғистондаги ватандошлардан об-ҳаво шароити сабабли узоқ масофали йўлларга машинада чиқмаслик сўралганди.