Жаҳон | 21:40 / 18.02.2024
17495
9 дақиқада ўқилади

Дунёдаги барча урушлар муҳокамаси. Мюнхенда хавфсизлик конференцияси қандай ўтди?

Мюнхенда хавфсизлик бўйича 60-халқаро конференция бўлиб ўтди. Бу хавфсизлик мавзусида дунёдаги энг йирик форум ҳисобланади. Унда 180 давлат вакиллари, хусусан, 50 нафар давлат ва ҳукумат раҳбарлари қатнашди.

16 феврал куни Мюнхенда хавфсизлик бўйича 60-халқаро конференция бошланди. Бу хавфсизлик мавзусида дунёдаги энг йирик форум ҳисобланади. Унда 180 давлат вакиллари, хусусан, 50 нафар давлат ва ҳукумат раҳбарлари қатнашмоқда.

Конференциянинг асосий мавзуси Украина ва Яқин Шарқдаги уруш бўлди. Бундан ташқари, Сомали, Судан ва Ҳаитидаги можаролар ҳам муҳокама қилинди. Форумда БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш ва иқлим муаммолари ҳақида ҳам сўз борди.

Украинадаги уруш

Конференцияда барчанинг диққат марказида бўлиб, энг фаол учрашувлар ўтказаётган иштирокчи Украина президенти Володимир Зеленский бўлиб турибди. У уруш бошланганидан буён илк марта Мюнхенга борди. Экспертлар Зеленскийнинг ташрифи жуда муҳимлиги, чунки Ғарбда Украинани қўллаш борасида фикрлар хилма-хиллиги тобора кучайиб бораётганини қайд этган.

Украина мавзусида сўз борганда иштирокчилар Россия агрессиясига қарши курашаётган ушбу давлатни қанчалик қўллашда давом этиши борасида фикр алмашди. АҚШ Конгрессидаги республикачилар Украинага катта ёрдамни бир неча ойдан буён блоклаб келмоқда. Табиийки, АҚШ ёрдамисиз европаликлар Украинанинг ҳарбий соҳадаги камчиликларини мустақил тўлдира олмайди.

Зеленскийнинг кўплаб учрашувларидан энг самаралиси унинг Германия канцлери Олаф Шолц билан учрашуви бўлди. Немислар ҳукумати Украинага 1,1 миллиард еврога тенг янги ҳарбий ёрдам тақдим этилишини эълон қилди.

Ҳарбий ёрдам пакети доирасида Украинага 36 та зирҳли ва ғилдиракли гаубица, 120 мингта снаряд, иккита Skynex зенит тизими ва IRIS-T ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун ракеталар берилади. Шолц Германия Украинага энг кўп ёрдам бераётган давлатлар ичида АҚШдан кейинги иккинчи бўлиб турганини эслатди. Ўз навбатида, Зеленский Германияга Украинага ҳозир ҳақиқатан ҳам зарур бўлган янги мудофаа пакети учун миннатдорчилик билдирди.

16 феврал куни Берлинда Украина ва Германия ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳам имзоланди. Шолц бу келишув имзоланишини тарихий қадам деб атади. Германия келажакда Россиянинг босқинчилик урушига қарши Украинани қўллаб-қувватлашда давом этади. Шунингдек, бу келишув Германия Украинага ўз ҳарбийларини юборишини англатмаслигини қўшимча қилди.

Конференцияда кўпчилик диққат марказида турган иштиркочилардан бири Хитой ташқи ишлар вазири Ван И бўлди. У Россия ва Украина ўртасидаги уруш ҳақида гапирар экан, икки томоннинг ҳам хавфсизлик борасидаги манфаатларига эътибор бериш кераклигини таъкидлади.

«Хитой можарони сиёсий йўл билан ҳал қилиш устида ишламоқда», деди у. Вазирнинг сўзларига кўра, тинчлик музокаралари учун шароит яратиш, «ёпиқ доира бўйлаб югуришни» бас қилиш керак.

Ғазодаги уруш

Конференциядаги яна бир муҳим мавзу Исроилнинг Ғазога давом этаётган босқини бўлди. Исроил томонидан форумда мамлакат президенти Исҳоқ Ҳерцог ва ТИВ раҳбари Исроил Кац иштирок этяпти. Шунингдек, Фаластин миллий маъмурияти, Қатар, Саудия Арабистони, Иордания ва Мирс раҳбариятидан юқори марталаби мулозимлар таклиф қилинган.

Мюнхен конференциясини БМТ бош котиби Антониу Гутерриш очиб берди. Бу эса ҳаммага ҳам ёқмади, айниқса исроилликларга. Чунки дунёдаги бош халқаро ташкилот етакчиси Исроилнинг Ғазога босқинини доимий қоралаб келади. Фаластин ерларида 30 мингга яқин тинч аҳоли вакиллари ўлимига сабаб бўлган урушни тўхтатмаётган Исроилнинг собиқ ташқи ишлар вазири Эли Коэн португалиялик сиёсатчининг БМТ раҳбари лавозимида қолишини «дунё учун хавф» деб атаган.

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Ғазодаги уруш ҳақида ҳам гапираркан, Хитой ўт очишни тўхтатиш тарафдори эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, можарони ҳал қилиш учун албатта ҳудудда икки давлат тузилиши шарт.

Вазир дунёдаги можароларда тинчликка эришиш учун Вашингтон ва Пекин ўртасида ҳамкорлик жуда муҳимлигини таъкидлади. «Хитой ва АҚШ келишиб ҳамкорлик қилса, кўп нарсага эришиш мумкин», деген у. Вазир Тайван масаласига ҳам тўхталиб, бу Хитойнинг ички иши экани, Тайван Хитойнинг ажралмас қисми эканини таъкидлади.

Трампнинг НАТОга таҳдиди

Конференция иштирокчилари АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг НАТО давлатларига таҳдидини ҳам муҳокама қилади. Трамп шу кунларда президентлик даврида алянс шартларини бажармай, НАТО ҳарбий харажатлари учун ЯИМнинг 2 фоизини ўтказмайдиган давлатларни ҳимоя қилишдан бош тортишини айтгани ҳақида эслаганди. Аниқроқ айтганда, Трамп «Россия улар билан истаганини қилишига қўйиб бераман» деганди.

НАТОга аъзо давлатлар АҚШ президентлигига номзоднинг бу гаплари ҳақида конференцияда иштирок этаётган ўнлаб республикачи конгрессманлардан изоҳ сўрамоқда. Форумда АҚШ томонидан мамлакат вице-президенти Камала Ҳаррис ва давлат котиби Энтони Блинкен қатнашмоқда.

«Навалнийнинг конференция вақтида ўлиши тасодиф эмас»

Мюнхендаги хавфсизлик конференциясида қатнашаётган Гуржистон президенти Саломе Зурабашвилининг фикрича, Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийнинг айнан шу кунларда вафот этиши тасодиф эмас. Унинг сўзларига кўра, бу шунчаки ўлим эмас, Кремлнинг форум иштирокчиларига сигналидир. «Россия истаган ишини истаган ерида қилишини кўрсатишни истайди», деган у.

Қатағон қурбонларининг яқинлари нима дейишди?

Мюнхен конференциясида бир қатор россиялик сиёсий босимга учраган ва кейинчалик ҳалок бўлган сиёсатчиларнинг бевалари ва яқинлари қатнашди. 2015 йил Кремл деворлари яқинида отиб ўлдирилган Борис Немцовнинг қизи Жанна Немцова АҚШ президенти Байден Навалний ўлса, Россияга чора кўрилишини айтганини эслатди.

«Ҳали Украинага босқин бошланишидан аввал Байден агар Навалний қамоқда ўладиган бўлса, Россияга бу учун чора кўрилишини айтганди. Бу чора Украинага ҳарбий, иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўринишида бўлиши керак», деган Немцова конференциядаги чиқишида. У Путинга Украинани енгиш имконини бериб бўлмаслигини таъкидлади. Немцова отасининг ҳаммаслаги бўлган Алексей Навалнийнинг ўлимини суиқасд деб атади.

Конференцияда ФХХнинг собиқ офицери, 2000-йилларда ўлдирилган Александр Литвиненконинг беваси Марина Литвиненко ҳам қатнашди. У ҳам Байденнинг Навалний тирик бўлган вақтдаги гаплари шунчаки гап сифатида қолиб кетмаслигини кераклигини айтди.

«Мен бу шунчаки гап эмаслигини кўришни истайман. Бу жуда муҳим, амалий ҳаракатларга ўтиш керак. Россия мухолифатини қўллашнинг энг тўғри йўли – Украинага қўлловни кучайтириш», деган Литвиненко. Унинг фикрича, фақат Россия урушда ютқазсагина, россияликлар ислоҳотлар ҳақида ўйлаши мумкин бўлади.

Қамоқхонада вафот этган Алексей Навалнийнинг беваси Юля Навалная ҳам эри вафот этганини айнан Мюнхен конференциясида қатнашаётган вақтида эшитди. Россия расмий манбалари тарқатган хабардан кўп ўтмай Навалная конференцияда чиқиш қилди. Унинг чиқиш қилиши учун ҳатто АҚШ вице-президенти Камала Ҳарриснинг чиқишини қисқартиришга ҳам тўғри келди.

«Ҳали бу хабар ростми ёлғонми билмайман ҳам», деб бошлади сўзини Навалнийнинг беваси. «Бутун дунё жамоатчилигини Россияда ҳукмрон бўлган даҳшатли тузумга қарши кураш йўлида бирлашишга чорлайман. Путин режимидагилар Россия билан қилаётган ишлари учун жазоланиши шарт», деди у.

«Россия билан узоқ йиллик тўқнашувга тайёр туриш керак»

Германия мудофаа вазири Борис Писториуснинг айтишича, иттифоқчилар Россияга қарши узоқ йиллик қарама-қаршиликка тайёр туриши керак. «Афсуски, яқин ўн йилни иккига бўлинган Европада яшашга мажбурмиз: бир томонда – эркин ва демократик Европа, иккинчи томонда – авторитар ва урушқоқ Россия», деган вазир.

Немислар бош ҳарбийси умумевропа хавфсизлик архитектураси муваффақиятсизликка учрагани, чунки Кремл Шарқий ва Марказий Европа устидан доминантлигини тиклашга урина бошлаганини айтди. Писториус ҳарбий харажатлар НАТО белгилагани каби ЯИМнинг 2 фоизига тенг бўлиши етарли эмас деб ҳисобламоқда. Вазирга кўра, Германия ҳарбий бюджетини ЯИМнинг 3-3,5 фоизига етказмоқчи.

Арманистон ва Озарбойжон масаласи

Германия канцлери Олаф Шолц Мюнхен конференцияси доирасида Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбойжон етакчиси Илҳом Алиев билан учрашди. Шолцга кўра, томонлар орадаги тушунмовчиликларни куч ишлатмай ҳал қилишга тайёр. Германия етакчиси Арманистон ва Озарбойжонни тинчлик келишувини тезроқ якунлашга чақирган.

Арман-озар масаласи Қорабоғ уруши тугаганига қарамай бежиз яна кун тартибига қайтмади. 12 феврал тунида Озарбойжон Чегара хизмати Арманистон томондан ўт очилганини хабар қилди. Бир куни ўтиб эса Ереван ўз ҳудудига Озарбойжон томондан ўт очилгани, оқибатда 4 ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилди. Томонлар янги можарода бир-бирини айблаб чиқди.

Мавзуга оид