Спорт | 11:34 / 18.02.2024
27531
13 дақиқада ўқилади

«Сити» очко йўқотди, «Арсенал»да яна 5 та гол. АПЛда кун ўйинлари

Шанба оқшомида Англия чемпионатида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Фото: CATHERINE IVILL/GETTY IMAGES

Англия: кучли тўртликда икки рокировка

«Брентфорд» – «Ливерпул» 1:4
Голлар:
0:1 – 35 Нуниес, 0:2 – 55 Мак Аллистер, 0:3 – 68 Салоҳ, 1:3 – 75 Тоуни, 1:4 – 86 Гакпо.
«Брентфорд» – Флеккен, Роэрслев (Льюис-Поттер, 63), Ми, Айер, Коллинз, Регилон (Годдос, 85), Нергор (Ониека, 63), Йенсен (Дамсгор, 74), Янелт, Мопе (Висса, 63), Тоуни.
«Ливерпул» – Келлеҳер, Брэдли (Гомес, 83), ван Дейк, Конате, Робертсон, Эндо, Мак Аллистер (Эллиотт, 83), Жонс (Гравенберҳ, 34), Диогу Жота (Салоҳ, 44), Диас, Нуниес (Гакпо, 46).
Огоҳлантиришлар: Регилон (45), Эндо (67), Ониека (72).

Шанба кунги ўйиннинг биринчи бўлимида Юрген Клопп аралаш туйғуларни бошдан кечирди. Бир томондан «Ливерпул» у қадар ёрқин ўйин кўрсатмади. Бошқа томондан — ван Дейк тўпни жарима майдонидан узоқлаштириши туфайли ёппасига олдинга чиқиб кетган «Брентфорд» футболчилари қарши ҳужумни ўтказиб юборди, Нуниес эса дарвозабонни чиройли ҳаракат билан доғда қолдирди. Шу билан бирга, қизиллар бир неча дақиқа оралиғида икки муҳим футболчидан айрилди — Жонс ва голли узатма муаллифи Диогу Жота майдонни эрта тарк этди.

Натижада Африка кубогидан жароҳат билан қайтган Салоҳ кутилганидан эртароқ майдонга тушишига тўғри келди. У аввалига бироз тонусни йўқотгандек кўринди ва икки бор ҳужумларни якунлашда сусткашлик қилди, аммо иккинчи бўлимда айнан унинг пасидан кейин Мак Аллистер меҳмонларнинг устунлигини оширди. Кейин эса мисрлик футболчининг ўзи ҳам ҳимоячилардан бирининг ортида очилди ва яна бошқасини алдаб ўтиб, гол урди. «Ливерпул»га чемпионлик пойгасида қолиши учун айнан шундай етакчи керак эди. Гакпо эса жокер вазифасини бажариб, Салоҳнинг голини такрорлади.

«Бёрнли» – «Арсенал» 0:5
Голлар:
0:1 – 4 Эдегор, 0:2 – 41, пеналти Сака, 0:3 – 47 Сака, 0:4 – 66 Троссар, 0:5 – 78 Ҳавертц.
«Бёрнли» – Траффорд, Ассинон (Витино, 79), О`Ши, Эстев (Тэйлор, 62), Делкруа, Рэмзи (Родригес, 63), Браунҳилл, Берге, Амдуни (Гудмундссон, 46), Фофана, Одобер (Бруун Ларсен, 80).
«Арсенал» – Райя, Уайт (Суареш, 69), Габриэл, Салиба, Кивер, Эдегор, Райс (Жоржинио, 79), Ҳавертц (Смит-Роу, 84), Троссар (Нкетиа, 69), Мартинелли, Сака (Нелсон, 69).
Огоҳлантиришлар: Рэмзи (8), Ассинон (39), Сака (45).

Чемпионлик пойгасининг иккинчи иштирокчисида ҳам муаммо туғилмади. «Арсенал» «Бёрнли» майдонида илк ҳужумлардан биридаёқ ҳисобни очди, Эдегорнинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси алоҳида аҳамият касб этди. Энди норвегиялик футболчи «канонирлар» сафида урган голлари сонини 28 тага етказди. Клуб афсоналаридан бири Патрик Виейрада ҳам шунча гол бўлган ва Англияда дарҳол параллел ўтказишни бошлашди, чунки гап лондонликларнинг турли йиллардаги икки сардори ҳақида бормоқда.

Шанба куни Эдегор ўзини ҳақиқий етакчи сифатида намоён этиб, ўйин давомида яна икки голли ҳужумда иштирок этди. Унинг паси Троссар жарима майдонида йиқитилган ҳужумда ҳал қилувчи вазифани бажарди, пеналтини эса жамоа тўпурари Сакага топширди, иккинчи бўлим бошида ҳам унинг узатмасидан кейин инглиз ҳужумчиси тўпни дарвоза тўсини остидан киритди. «Арсенал» бу билан тинчланмади ва «Бёрнли» мудофаасини тилка-пора қилди. Ҳозирда Микел Артета жамоаси — энг тажовузкор меҳмон бўлиб қолмоқда. Ўтган турда «Вест Ҳэм» майдонида 6:0 ҳисобини қайд этган лондонликлар бу сафар бешта гол уришди. Бу сўнгги 5 турда иккинчи бор 5:0 ҳисоби қайд этилиши бўлди. Жамоа сўнгги 5 турда 5 ғалабага эришган (умумий тўплар нисбати 21:2) ва  «Ливерпул»ни икки очколик фарқ билан таъқиб этмоқда.

«Фулҳэм» – «Астон Вилла» 1:2
Голлар:
0:1 – 23 Уоткинс, 0:2 – 56 Уоткинс, 1:2 – 63 Родриго Муниз.
«Фулҳэм» – Лено, Кастан, Рим (Басси, 76), Диоп, Робинсон, Кэрни, Перейра (Траоре, 75), Палиня (Лукич, 89), Виллиан (Ивоби, 46), Декордова-Рид (Уилсон, 64), Родриго Муниз.
«Астон Вилла» – Мартинес, Кэш, Лангле, Пау Торрес, Морено (Дин, 81), Бэйли (Диаби, 81), Рэмзи, Макгинн, Дуглас Луис, Тилеманс, Уоткинс.
Огоҳлантиришлар: Макгинн (32), Морено (74), Палиня (86), Кастан (89), Лукич (90), Траоре (90), Уилсон (90).

«Тоттенҳэм» – «Вулверҳэмптон» 1:2
Голлар:
0:1 – 42 Гомес, 1:1 – 46 Кулусевски, 1:2 – 63 Гомес.
«Тоттенҳэм» – Викарио, Эмерсон (Ло Чельсо, 85), Ромеро, ван де Вен, Дэвис, Мэддисон (Хейберг, 85), Биссума (Вернер, 71), Кулусевски, Сарр (Бентанкур, 71), Сон Хын Мин, Ришарлисон (Джонсон, 71).
«Вулверҳэмптон» – Жозе Са, Семеду, Доусон, Килмен, Гомеш, Аит-Нури, Сарабия (Беллгард, 73), Лемина, Гомес, Нету (Доэрти, 90), Ҳванг Ҳи Чҳанг (Траоре, 88).
Огоҳлантириш: Гомес (66).

Топ-4 учун сиртқи кураш «Астон Вилла» фойдасига ҳал бўлди ва бу жамоа яна Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи ўринга қайтди. Қарийб бир йил давомида уй учрашувларида тенгсиз бўлган Унаи Эмери шогирдлари кутилмаганда «Вилла Парк» сеҳридан айрилиб қолишди. Англия Кубоги ўйини қўшиб ҳисобланганда, бу ерда қаторасига уч учрашувда мағлуб бўлинди. Лекин сафарда ғалабаларга эришилди. Бирминҳемликлар аввалига Шеффилдда бешта жавобсиз гол йўллашди, бу турда эса  Уоткинснинг дубли ғалабани таъминлади. У АПЛда сафар ўйинларидаги энг сермаҳсул футболчи бўлиб турибди (6+6).

Шундай экан, Уоткинснинг шанба кунги муваффақияти тасодиф эмасди. «Вулверҳэмптон» яримҳимоячиси Жоау Гомешнинг сермаҳсуллиги эса кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди. Португалиялик ушбу футболчи бунгача Англиядаги 32 ўйинида фақат бир бор гол урганди, бу сафар эса икки қайтариб бўлмас зарбаси билан «Тоттенҳэм»ни нокаутга учратди. Гомешнинг қарши ҳужум якунида Педру Нетунинг узатмасини бир тегинишда дарвоза тўрига йўллаши ғалаба голига айланди. «Шпорлар» йил бошидан буён ҳар иккинчи ўйинда очко йўқотмоқда ва шу туфайли жамоа бешинчи ўринга тушиб кетиши ажабланарли эмас. Қолаверса, «бўрилар» — Лондон клуби учун ноқулай рақиб, бу жамоага қаторасига учинчи ўйинда мағлуб бўлинди.

«Манчестер Сити» – «Челси» 1:1
Голлар:
0:1 – 42 Стерлинг, 1:1 – 83 Родри.
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Уокер, Рубен Диаш, Аканджи, Аке, Фоден, де Брюйне, Родри, Ҳоланд, Алварес (Бернарду Силва, 64), Доку.
«Челси» – Петрович, Гюсто, Дисаси, Колуилл, Чилуэлл, Галлаҳер, Фернандес, Палмер (Чалоба, 71), Кайседо, Стерлинг (Нкунку, 64), Жексон (Казадеи, 82).
Огоҳлантиришлар: Кайседо (35), Палмер (60), Петрович (62), Бернарду Силва (85).

«Манчестер Сити» АПЛда қаторасига олти ғалабадан (барча турнирлар қўшиб ҳисобланганда 11 ғалаба) кейин очко йўқотди. Ўзига кела бошлаган «Челси» (бунгача сафарда икки ғалабага эришилганди: «Астон Вилла» Англия Кубогидан чиқариб юборилган ва «Кристал Пэлас» этилган) амалдаги чемпионни тўхтатиб, «шаҳарликлар»нинг рақобатчилари бўлган «Ливерпул» ва «Арсенал»га ёрдам бериб юборди. 

«Сити» ҳафта ўртасида ЕЧЛ плей-оффи доирасида «Копенҳаген»га қарши кечган ўйиндан кейин бошланғич таркибда учта ўзгариш қилди, аммо булар Хосеп Гвардиоланинг хоҳиши билан эмасди. Грилиш жароҳатланган, Бернарду Силва ҳам ўйинга тайёр эмасди, бундан ташқари Стоунз ҳам захира ўриндиғида қолди. Доку, Алварес ва Аканжи эса бошланғич таркибдан ўрин олди. Уларнинг учинчиси «Сити» тўпга эгалик қилаётганда таянч зонасига чиқди.

Ўйин кутилганидек майдоннинг «Челси» дарвозаси жойлашган қисмида кечди, Гвардиола жамоаси тўпга эгалик қилиш борасида икки баробар устунликка эришди. Аммо лондонликларга хавфли ҳужумлар уюштириш учун тўпга эгалик қилишнинг ҳожати бўлмади ва жамоа «Энфилд»да бўлгани каби сочилиб кетмади. Кўклар жамоаси Англия чемпионлари таклиф этган тезликка бардош бера олишди. Қолаверса, Маурисио Почеттино жамоаси хавфли қарши ҳужумлар уюштирди, чунки мезбонлар ҳар сафар ҳам тўп йўқотилганида уни тезда қайтариб ололмади.

«Челси» сафида, албатта Палмер – «Сити» тарбияланувчиси ва собиқ футболчиси диққат марказида турди (у АПЛнинг 21 ўйинида 16 очко жамғарган – 10 гол ва 6 узатма). У ўнг қанотдан жой олди, у тўп билан кўп муомала қилмади, аммо хавфли вазиятлар ярата олди. Биринчи бўлим ўрталарида Коулнинг Гюстога суперпасидан кейин қарши ҳужум амалга ошди, бу ҳужум Жексоннинг голи билан якунланиши керак эди. Аммо форвард қадам ташлашда мўлжал ололмади ва тўпга биринчи тегинишда хато қилди, унинг зарбаси Эдерсонга катта қийинчилик туғдирмади. Почеттинога ҳавас қилиб бўлмайди – унинг олдинги жамоаларида Кейна ёки Мбаппе даражасидаги юлдузлар ҳаракат қилган. «Сити»да бу қадар яққол вазият юзага келмади, Ҳоланд тўп бурчакдан узатилган вазиятда Чилуэлл билан яккакурашдан кейин газонга йиқилди, аммо 50 га 50 вазиятда ҳакамлар лондонликлар дарвозасига пеналти қўймасликка қарор қилди.

«Сити»нинг танаффусга қадар ўйини зарбалар бўйича фактда ҳам акс этди, мезбонлар дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича ортда қолишди (2:3). «Челси» эса ҳимоячилар ортига узатмалар оширишда давом этди. Стерлинг икки бор яккама-якка вазиятга чиқиб кетди. У биринчи ҳолатда қарор қабул қилишда чалкашиб кетиб, тўпни шунчаки йўқотган бўлса, иккинчи ҳолатда рақиб жарима майдонида бир ҳаракат билан Уолкерни йўлдан олди ва тўпни олис бурчакка жойлаштирди ва Пепни ақлдан оздираёзди.

Бу ҳужум ҳам Палмер иштирокида амалга оширилди.

Иккинчи бўлим «шаҳарликлар»нинг кучли босими билан бошланди. Гвардиола жамоаси «олтин» учун пойгада рақибларни олдинга ўтказиб юборишни асло истамасди. «Челси» жарима майдонида яна бир баҳсли эпизод юзага келди, Де Брюйне нозик узатма амалга оширганида Уолкер Стерлинг билан курашдан кейин йиқилди. Видеотакрорда Раҳим рақибининг оёғига урилгани кўринди, аммо ҳакам Кайл биринчи бўлим рақибини туртган деб топди, VAR-ассистентлар эса унинг қарорига қўшилди.

Кейин эса ҳисобда олдинда бораётган «Челси» учга уч кўринишидаги тезкор қарши ҳужумни ўтказиб юборди. Аммо шу куни фаолиятидаги энг ёмон ўйинлардан бирини ўтказган Ҳоланд гол ура олмади. Бу унинг «Челси» жарима майдонида тўпга олтинчи бор тегиниши ва бешинчи зарбаси эди, аммо Эрлингга шу оқшом аниқлик етишмади.

«Челси» ҳисобни сақлаш учун «автобус» қўймади ва қарши ҳужумлар билан яна неча бор «тишларини кўрсатиб қўйди». Стерлингда дубл қайд этиш учун яна бир жуда яхши имконият бўлди, аммо Эдерсон яқин масофадан ерлатиб берилган зарбани оёқлари билан тўсишга эришди. Аммо умуман олганда, Почеттино жамоаси иккинчи бўлимда анча қийналди, «Сити» максимал интенсивликни ёққанди.

Айниқса 60-дақиқадан кейин ўйин фақат бир дарвоза томон кечди. «Челси»нинг энг фаол футболчиси Стерлинг майдонни тарк этди: шундан кейинги 20 дақиқаликда зарбалар нисбати мезбонлар фойдасига 11:2 кўринишини олди.

Мезбонлар тўпни майдоннинг учинчи қисмида олиб юришди ва «Челси» жарима майдони ичида эркин ҳаракатланишди, аммо ҳадеганда гол ура олишмади. Ҳоланд қулай позициялардан туриб хато зарба беришда давом этди ва ҳатто дарвозабон ҳудудидан берган зарбаси аниқ бормади. Ва мезбонлар фақат Петрович дарвозасига йўлланган 27-зарбада аниқ ҳаракат қилишди – Родри қайтган тўпни бор кучи билан тепди ва жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

Гвардиола жамоасида меҳмонларни таслим этиш учун 10 дақиқадан кўпроқ вақт қолганди, аммо «Челси» ҳужумларни қайтарди. Қолган вақт давомида ҳам Ҳоланд ўз имкониятидан фойдалана олмади.

Амалдаги чемпионга қарши мавсумдаги иккинчи ўйинда ҳам дуранг қайд этган «Челси» учун бу қадар фойда бермайди, жамоа ҳамон 10-ўринда қолмоқда ва еврокубоклардан умид узмоқда. «Шаҳарликлар» учун эса бу натижа ўта ёқимсиз ҳолат — улар учинчи ўринда қолди ва пешқадам «Ливерпул» билан орадаги фарқ тўрт очкони ташкил этмоқда.

Мавзуга оид