Жаҳон | 14:01 / 19.02.2024
4242
2 дақиқада ўқилади

Литва мудофаа вазири F-16 июнда Украинага юборилишини кутмоқда

Биринчи F-16 қирувчи самолётлари Украинага июн ойида етиб келиши мумкин, деди Литва Мудофаа вазирлиги раҳбари Арвидас Анусаускас. Сентябр охиригача 12 украиналик учувчи машғулотлардан ўтиши кутилмоқда. 

Фото: Mindaugas Kulbis/AP Photo/picture alliance

Американинг биринчи F-16 қирувчи самолётлари июн ойида Украина қуролли кучларига топширилади, деб ҳисоблайди Литва мудофаа вазири Арвидас Анусаускас. «Ўйлайманки, июн ойида биз уларни Украинада кўрамиз», — дея унинг сўзларини келтиради Foreign Policy журнали 18 феврал, якшанба куни.

Литва вазири тилга олган саналарни Мюнхен хавфсизлик конференциясида иштирок этган бошқа бир европалик расмий нашрга тасдиқлади. 

Foreign Policy маълумотларига кўра, Киев ҳукумати АҚШ молия йили охиригача, яъни октябр ойигача F-16 самолётларида 12 нафар учувчи ўқитилишини кутмоқда. 

Нидерландия F-16’ни Украинага топширишга жадаллик билан тайёрланмоқда 

Бир кун аввал Нидерландия бош вазири Марк Рютте DW нашрига берган интервюсида унинг мамлакати Дания, Британия ва бошқа коалиция давлатлари билан биргаликда Украинага 24 та F-16 қирувчи самолётини бериш ниятида эканини эслади. «Бу жуда катта олға силжиш», деди у. Украиналик учувчиларни ўқитиш ва жанговар самолётларни етказиб беришга тайёрлаш «юқори тезликда» давом этмоқда, деди Рютте, аммо у аниқ етказиб бериш санасини айтишдан бош тортди. 

Белгия ва Норвегия ҳам Киевга F-16 самолётларини юборишга ваъда берди, улар гап қанча самолёт ҳақида кетаётганини очиқламади. Дания 2024 йилнинг иккинчи чорагида Украинага олтита кўп мақсадли қирувчи самолётни топширишни режалаштирмоқда. 

2023 йил ноябр ойи бошида Руминиядаги Фетешти ҳарбий-ҳаво кучлари базасида украиналикларни F-16 самолётларида ўқитиш маркази очилди. Учувчиларни тайёрлаш бир неча ой давом этиши кутилмоқда. 

 

Мавзуга оид