2024 йилда Ўзбекистонни энг иссиқ ёз кутаётган бўлиши мумкин
Шунингдек, қуруқ куз ва совуқроқ қиш эҳтимоли ҳам борлиги таъкидланди.
2024 йилда Ўзбекистон тарихидаги энг иссиқ ёз кузатилиши мумкин. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.
«Бутунжаҳон метеорологлари прогнозларига кўра, ҳозирда кузатилаётган Эл-Нинё ҳодисаси 2024 йил апрелигача давом этади. Ушбу ҳодиса 10 та рақамли иқлим моделлари ҳисоб-китобларининг ўртача натижасидир. Кейинчалик, илмий асосларга кўра, Ўзбекистонда одатдаги иссиқ ёз фасли (Тошкентда ҳаво ҳарорати +40 даражагача), қуруқ куз ва совуқ қиш билан тавсифланган Ла-Нинё жараёни ривожлана бошлайди. Қуруқ куз, яъни ёғингарчилик миқдори меъёрдан паст бўлиши кутилмоқда», дейилади хабарда.
Қайд қилинишича, иссиқ ёз Ўзбекистон иқлими учун тез-тез учрайдиган ҳодиса. Бунда жануб ва чўл ҳудудларида +40...+45 даражагача, қолган ҳудудларда эса +40...+42 даражагача иссиқ бўлади. Энг иссиқ ҳаво ёз ойида одатда 5-7 кун давом этадиган термал тушкунлик билан боғлиқ ва бундай ҳолат 2-3 маротаба кузатилади.
Маълумот ўрнида, «Эл-Нинё» (испанча – болакай) об-ҳаво феномени ўртача 2-7 йилда бир марта содир бўлади ва одатда 9 ойдан 12 ойгача давом этади. Бу Тинч океани марказий ва шарқий тропикларида сув юзасидаги ҳароратнинг кўтарилиши билан боғлиқ иқлим режими ҳисобланади. «Эл-Нинё» дунёнинг кўплаб қисмлари ва океан минтақаларида ҳарорат рекордлари ва ҳаддан ташқари иссиқ об-ҳаво шароити эҳтимолини сезиларли даражада оширади.