«Бу бир аскарнинг бошқасига қарши уруши эмас». Бразилия президенти Ғазодаги воқеаларни ҳолокостга тенглаштирди
Бразилия президенти Лула да Силва Исроилни Ғазода геноцид амалга оширишда айблагач, Исроил ТИВ уни персона нон грата деб эълон қилди, Бразилия эса Исроилдаги элчисини маслаҳатлашув учун чақириб олди.
Бразилия президенти Луис Инасио Лула да Силванинг Ғазодаги воқеалар юзасидан қилган чиқиши Исроил билан муносабатларда мураккаблик юзага келтирди. У Исроилни Ғазо секторидаги фаластинликларни геноцид қилишда айблаб, бўлаётган ишларни Адолф Ҳитлернинг яҳудийларни қириб ташлаш учун қилган ваҳшийлиги билан қиёслади.
«Ғазо секторида бўлаётган ишлар — уруш эмас, бу геноцид», – деган Лула да Силва якшанба куни Аддис-Абебада бўлиб ўтган Африка иттифоқи саммитидаги чиқиши вақтида журналистларга.
«Бу бир аскарнинг бошқасига қарши уруши эмас. Бу яхши тайёргарлик кўрган армия ҳамда аёллар ва болалар ўртасидаги уруш», – дея қўшимча қилган у.
«Аслида, бунақаси аввал ҳам бўлган: Ҳитлер яҳудийларни ўлдириб юборишга қарор қилганида», – деди Бразилия президенти.
Лула да Силва ғарб давлатларининг БМТнинг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлигига (UNRWA) молиявий ёрдам кўрсатишни тўхтатиш борасидаги қарорини ҳам танқид қилган.
У шанба куни Фаластин бош вазири Муҳаммад Штайе билан учрашиб, Бразилия UNRWA’даги улушини оширишини билдирган ва бошқа мамлакатларни ҳам шунга чақирганди.
У шунингдек можарони икки халқ учун икки давлат тузиш орқали ҳал қилишга чақирган, унга кўра Фаластин «ниҳоят тўлиқ ва суверен давлат сифатида тан олиниши» лозимлигини таъкидлаган.
Исроилнинг реакцияси
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг офиси бу сўзларни «шармандали ва даҳшатли» деб атаб, Бразилия президенти «қизил чизиқни босиб ўтгани»ни билдирган.
«Бу Ҳолокостни қадрсизлантириш ва яҳудий халқига ҳамда Исроилнинг ўзини ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқига ҳужум қилишга уриниш. Исроил ва нацист Ҳитлерни солиштириш — қизил чизиқни кесиб ўтишдир. Исроил халқаро ҳуқуққа риоя этган ҳолда ўзини ҳимоя қилиш ва ўз келажагини таъминлаш учун тўлиқ ғалабага қадар курашади», – дейилган Нетаняҳунинг баёнотида.
Исроил ТИВ раҳбари Исраэл Кац Бразилия президенти Луис Игнасиу Лула да Силва бу сўзлари учун узр сўрамагунича Исроилда персона нон грата бўлишини маълум қилди.
«Биз унутмаймиз ва кечирмаймиз. Бу жиддий антисемит айбловдир. Ўз номимдан ва Исроил Давлати фуқаролари номидан президент Лулага хабар йўллайманки, у ўз сўзларидан қайтмагунича Исроилда қабул қилинмайди», – дея унинг сўзларини келтирган Исроилдаги i24 телеканали.
Вазир Бразилия элчиси Федерико Майер билан Қуддусдаги «Яд Вашем» ҳолокост ёдгорлик комплекси ҳудудида учрашган. «Мен сизни нацистлар ва Ҳитлернинг яҳудийларга, жумладан менинг оилам аъзоларига қилгна ишлари тўғрисида ҳамма нарсадан кўра кўпроқ сўзловчи жойга олиб келдим», – деган у ва Исроилнинг ҲАМАС билан урушини нацистлар жиноятига тенглаштиришни шармандалик деб атаган ҳолда.
Бразилия президенти узр сўрамоқчи эмас. Элчи чақириб олинди
Лула да Силва Ғазо сектордаги ҳарбий амалиётни танқид қилгани ва уни Ҳолокост билан тенглаштиргани учун Исроилдан узр сўрамоқчи эмас, дея хабар берди душанба куни CNN Brasil давлат раҳбарининг халқаро ишлар бўйича махсус маслаҳатчиси Селсу Аморима.
«Биз доим катта ҳурмат билан ва икки давлат тузиш ечимини (Исроил ва бўлажак Фаластин давлати) ҳимоя қилиб гапирганмиз, биз узр сўрайдиган гап бўлгани йўқ», – деган Исроил ҳукуматининг Лула да Силвани персона нон грата деб эълон қилишига жавобан.
«Исроил ўзини яккаланиб қолиш ҳолатига туширди», – дея қўшимча қилган у.
Folha de S.Paulo нашри ёзишича, Бразилия президент мамлакат элчиси Фредерик Мейерни маслаҳатлашув учун чақириб олган.
Хабарда қайд этилишича, бу қарор дипломатик муносабатлар даражасига таъсир кўрсатмайди. Бразилиянинг Тел-Авивдаги элчихонасини вақтинча Бразилиянинг Исроилдаги муваққат ишлар вакили бошқариб туради.
Мавзуга оид
14:13
Ғазо секторида Исроил ҳужумларида 16 фаластинлик ҳалок бўлди
14:49 / 07.11.2024
Исроил армияси Ғазо шимолидаги учта касалхонага зарба берди
12:57 / 07.11.2024
2023 йил октябридан бери Исроил Ғазо секторига 85 минг тоннадан ортиқ портловчи модда ташлади
23:05 / 06.11.2024