Ўзбекистон | 18:50 / 20.02.2024
9644
4 дақиқада ўқилади

Таланган мактаблар. Ноқонуний олиб қўйилган ерларнинг 148 таси қайтарилди

Мактабларга тегишли ер участкаларининг ҳокимлар томонидан ноқонуний бериб юборилгани ёки ўзбошимчалик билан эгалланганига оид 280 та суд жараёнидан ҳозирча 148 тасида Мактаб вазирлиги ютиб чиққан. Вазирлик вакилининг Kun.uz'га маълум қилишича, мактаб ҳудудида 5 қаватли савдо маркази қурилган ҳолатлар ҳам бор.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда мактабларга тегишли бўлиб, ўтган йилларда ҳокимларнинг қарорлари асосида сотилиб кетган ёки ноқонуний эгаллаб олинган ерларни мактабларга қайтариш бўйича суд жараёнлари давом этмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг юридик бошқармаси бошлиғи Хуршид Асроров бу масалада Kun.uz'га маълумот берди.

Унинг айтишича, ҳозирга қадар 280 та ҳолатда республикадаги мактаб ерларининг ноқонуний олиб қўйилганига оид ишлар бўйича судга аризалар киритилган. Шундан 148 та ҳолатда мактаб ерлари таълим муассасалари балансига қайтарилган, 120 таси ҳануз суд жараёнида, қолган 12 та даъво эса судлар томонидан рад этилган.

Энг кўп ишларимиз Андижон, Бухоро, Фарғона вилоятларида. Масала жуда ҳам катта. [Мактабларга тегишли ҳудудлар] олиб қўйилгандан сўнг, у ерларда 5 қаватли савдо марказлари каби объектлар қуриб бўлинган.

Бошқа томондан, суд жараёнларида қатнашиб, шуни биляпман. Айтайлик, бир тадбиркор келяпти-да, айтяпти: ҳоким чақириб, “нима керак сенга?” деса, “менда ўзи бир цехим бор, агар яна битта керак бўлса, яна ишларни кўпайтираман”, деган. “Мана сенга ер”, деб мактаб ҳудудини бериб юборган. У тадбиркорни кўрсангиз, оддий одам, ўзининг бизнесидан фойда кўрган пулига бино қуряпти-да, яна 100 нафар одамни олиб келиб, иш билан таъминлаяпти.

[Ноқонуний ерларни қайтаришга оид] топшириқ берилганидан кейин биз судга мурожаат қиляпмиз, ҳокимнинг қарорини бекор қиляпмиз. Ҳоким судда ютқазганидан кейин тадбиркорга: “Бўлди, ҳаммасини ўз ҳисобингдан бузиб, шу ердан чиқиб кетасан”, деган талаб қўйиляпти. Шунга кассация инстанциягача қатнашдик. Жараён жуда мураккаб. Лекин биз судга бериб, ҳокимнинг қарорини бекор қилдириб, ерни мактабга қайтариб беряпмиз”, – деди Асроров Kun.uz мухбирига.

Kun.uz мактаблардан тортиб олинган ерларни таълим муассасаларига қайтаришга оид топшириқ ижросига ўтган йили ҳам қизиқиб кўрганди. Вазирлик 2023 йил май ойида берган маълумотга кўра, 2018-2021 йиллар давомида 467 та ҳолатда 100 гектарга яқин ер ноқонуний олиб қўйилган, 246 тасида ерларни қайтариш бўйича фуқаролик ва маъмурий судларга даъво аризалари киритилган.

Орадан салкам бир йил ўтяптики, ҳозирга келиб 467 та ҳолатнинг 148 таси устидан узил-кесил қарор қабул қилинган, ерлар таълим муассасаларига қайтарилган, қолган 300 дан ортиқ ҳолатда эса жойларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Мактаб вазирлиги 2024 йилга келиб олиб қўйилган ерлар ҳажми қанча экани, ҳолатлар жами нечта мактаб билан боғлиқлиги ҳамда суд қарори билан қанча объект, қанча гектар ҳудуд қайтарилганига оид Kun.uz саволларига ҳозирча жавоб бергани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда ноябр ойида Президент администрациясининг ўша вақтдаги раҳбари Сардор Умрзоқов ўтказган селекторда мактабларнинг сотилиб кетган мулклари ҳақида гап кетган эди. Администрация раҳбари ўшанда прокуратурага ерларни қайтариш бўйича судга аризалар киритиш вазифасини топширганди.

Маълумот учун, 2018 йил сентябрдаги президент қарорига асосан, умумтаълим ва мактабдан ташқари муассасаларнинг ер участкалари ва кўчмас мулкини халқ таълими вазири билан келишмасдан бегоналаштириш тақиқланган.

2023 йил май ойи охирида президент Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури нутқида келгуси 7 йилда мактабларда қўшимча 2,5 млн ўқувчи ўрни яратиш ва таълим сифатини тубдан ошириш зарурлигини айтганди.

Мавзуга оид