Ўзбекистон | 15:30 / 21.02.2024
5042
2 дақиқада ўқилади

2023 йилда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 12 фоиздан иборат бўлгани тахмин қилинмоқда

Ҳиндистоннинг Diplomacy India ва Sarkaritel ахборот порталларида ўзбекистонлик эксперт, иқтисод фанлари доктори Дилдора Каримованинг камбағалликни қисқартиришнинг миллий моделини шакллантириш бўйича кўрилаётган саъй-ҳаракатларга бағишланган мақоласи эълон қилинди.

Фото: Дмитрий Чистопрудов

«Дунё» хабарига кўра, материалда «Ўзбекистон-2030» стратегиясида ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш биринчи устувор йўналиш этиб белгилангани қайд этилган. Бунинг учун таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ислоҳотлар ўтказиш, ижтимоий хизматлар тизимини қайта кўриб чиқиш ва қашшоқликни камайтириш назарда тутилган.

Мамлакатда 2030 йилгача бўлган даврда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси қабул қилинган. Ўзбекистон президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг барча ҳудудларда бўлимлари, шунингдек, республиканинг ҳар бир шаҳар ва туманида «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилди.

Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, мутаносиб минтақавий сиёсат юритиш, инфратузилма ва тадбиркорликни кенг ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашнинг устувор йўналишларини ўз ичига олган 2030 йилгача бўлган даврда камбағалликни қисқартириш стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Иқтисодий механизмлар билан бир қаторда таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари самарадорлигини ошириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ижтимоий ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

«Минимал истеъмол харажатларига асосланган миллий камбағаллик чегараси тасдиқланди. Ушбу мезондан келиб чиққан ҳолда, 2021 йилда камбағаллик даражаси 17 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда мазкур кўрсаткич 14 фоизга тушди, 2023 йилда эса 12 фоиздан иборат бўлгани тахмин қилинмоқда», деб қайд этилган мақолада.

Мавзуга оид